Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 18.09.2020



08:25:41 (GMT +5), Шб, 19 сен 2020

Маъмурий тартиб-таомиллар соҳасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Япония тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик

Маъмурий тартиб-таомиллар соҳасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Япония тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик



Жорий йилнинг 6 август куни Адлия вазирлиги вакиллари томонидан Япония Адлия вазирлиги ҳузуридаги Илмий-тадқиқот маркази ҳамда Нагоя иқтисодий университетининг тадқиқотчилари  билан онлайн учрашув ўтказилди.

Мазкур учрашув Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан Япония Адлия вазирлиги ўртасида тасдиқланган меморандумга кўра ташкил этилди.

Учрашувда Япония Адлия вазирлиги ҳузуридаги Илмий-тадқиқот маркази директори - прокурор Таро Моренага, ходимлари М.Такинаши, К.Куроки, М.Шоджи ҳамда Нагоя иқтисодий университети фахрий профессори Кацуя Ичихаши ва доценти Риё Ясуда қатнашди.

Шунингдек, учрашувда Нагоя университетининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Судьялар олий мактаби, Давлат хизматлари агентлиги, Тошкент давлат юридик университети вакиллари ҳам иштирок этди.

Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ Адлия вазирлигида ташкил этилган Маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва мониторингини юритиш бошқармаси, унинг вазифалари, Адлия вазирлиги томонидан ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар билан таништириб ўтилди.

Бу масалада Япония томони масъуллари билан фикр (тажриба) алмашинилди.

Шунингдек, учрашув давомида Япония Адлия вазирлиги ҳузуридаги Илмий-тадқиқот маркази ҳамда Нагоя иқтисодий университети ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодексни қўллаш ва уни такомиллаштириш бўйича фикрлар алмашинилди.

Ҳабарингиз бор, ҳозирда Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунини такомиллаштириш ва кенг оммага тушунтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу сабабли, ушбу жараёнда Япония тажрибаларидан ҳам кенг фойдаланилади.

Учрашув натижаси бўйича Ўзбекистонда мазкур қонун ҳужжатларини амалиётда қўллаш масалалари бўйича биргаликда қўлланма тайёрлашга келишилди.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими