Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 15.08.2020



07:47:13 (GMT +5), Шб, 15 авг 2020

Малака ошириш тизимини такомиллаштириш. Адвокатура институти

Аҳамият беринг

Малака ошириш тизимини такомиллаштириш. Адвокатура институти

Таъкидлаш жоизки, ҳозирда Адлия вазирлиги ҳамда Адвокатлар палатаси томонидан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини ривожлантириш Концепцияси лойиҳасида адвокатларнинг малакасини ошириш тизимини босқичма-босқич такомиллаштириш вазифаси белгиланмоқда.


Малака ошириш тизимини такомиллаштириш. Адвокатура институти

Юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, бугунги кун талабига мос келадиган юқори малакали мутахассис-ҳуқуқшуносларни жамиятга етказиш Адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Бунда вазирлик тизимида фаолият юритаётган Юристлар малакасини ошириш маркази алоҳида ўрин тутади.

Таъкидлаш жоизки, Юристлар малакасини ошириш маркази адлия органлари ходимлари ҳамда адвокатларни, шунингдек юридик хизмат ходимларини (юрисконсультларни) қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланади.

Маълумки, жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган адвокатлар ўз билимларини доимий равишда такомиллаштириб бориши, ҳар уч йилда камида бир маротаба касбий малакасини ошириши лозим.

Шунга кўра, адвокатларнинг малакасини ошириш курслари икки ҳафта давомида Юристлар малакасини ошириш марказида олиб борилади ҳамда якуний синовларни муваффақиятли топширган адвокатларга белгиланган намунадаги сертификат берилади.

Бу борада Россия, Қозоғистон, Украина, Франция, Германия, АҚШ ва Буюк Британия каби давлатларда адвокатларнинг касбий малакасини ошириш тизими ўзига хос хусусиятларга эга.

Масалан, АҚШнинг кўплаб штатларида адвокатлар лицензиянинг амал қилиши шартларидан ҳисобланган йиллик малака ошириш бўйича талабларга риоя этишлари шарт ҳисобланади. Бунда АҚШнинг ҳар бир штати ёки ҳудуди малака ошириш билан боғлиқ ўз талабларини ўрнатганлар. Бундай талабларни бирхиллаштириш учун Америка юристлар ассоциацияси малака оширишнинг намунавий қоидаларини қабул қилган.

Қоидага кўра, адвокатлар аниқ вақт давомида соатлар билан белгиланадиган миқдордаги балларни йиғишлари лозим. Баллар қуйидаги йўллар билан тўпланиши мумкин:

тажрибали юристлар томонидан ҳам назарий ҳуқуқ, ҳам касбий амалий кўникмалар бўйича ташкил этиладиган тренинг машғулотларида қатнашиш;

мустақил таълим олиш;

масофавий таълим ва аудио материаллар эшитиш;

малака ошириш бўйича аккредитация қилинган панел дастурларида маърузалар билан чиқиш, модераторлик қилиш, иштирок этиш;

малака ошириш бўйича аккредитация қилинган таълим муассасаларида юридик фанларни ўқитиш;

талабаларни ҳуқуқий фанлар бўйича мусобақаларга тайёрлаш, бундай мусобақаларда, ўқув суд процессларида судьялик қилиш;

илмий ишлар эълон қилиш;

“pro bono” – бепул юридик ёрдам кўрсатиш.

Буюк Британияда барча адвокатлар малака оширишга оид талабларга риоя этишлари зарур (Continuing Professional Development).

Малака ошириш Ҳуқуқ жамияти (Law Society), Адвокатлар палатаси томонидан ташкил этилган ёки бошқариладиган ташкилотлар, аккредитация қилинган хусусий тижорат ёки оммавий нотижорат ташкилотлари томонидан ташкил этилади.

Малака ошириш курсларида иштирок этиш, малака ошириш бўйича масофавий курслар, вебинарлар кўриш, электрон таълим модулларини тамомлаш, ўқув конференцияларида иштирок этиш, ўқув машғулотларида мураббий ёки ўқитувчи сифатида иштирок этиш, асарлар нашр этиш малака ошириш сифатида ҳисобланиши мумкин.

Украинада адвокат малака оширишни баҳолашнинг уч йиллик даври давомида камида 30 рейтинг балл олиши зарур, бунда ҳар йили камида 10 рейтинг балл тўпланган бўлиши лозим.

Рейтинг балларини олиш ҳуқуқини берувчи адвокатнинг малакасини ошириш тадбирлар ва фаолиятлар рўйхати адвокатлар иттифоқи томонидан белгилаб берилган.

Украинада адвокатлар малака оширишининг “анъаналашган” тури бу адвокатнинг семинар, давра суҳбати. конференция, тренинг ва бошқа шу каби малака ошириш бўйича тадбирларда иштирок этиши ҳисобланади.

Хорижий тажриба шуни кўрсатадики, малака oширишнинг қайси шакли адвoкатлик ҳамжамияти ва адвoкатга кўпрoқ тўғри кeлиши, унинг барча эҳтиёж ва имкoниятларига жавoб бeриши (вақт, жoй, моддий ресурслар ва бoшқалар) адвокатларга танлаш ҳуқуқи асосида берилади.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирда Адлия вазирлиги ҳамда Адвокатлар палатаси томонидан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини ривожлантириш Концепцияси лойиҳасида адвокатларнинг малакасини ошириш тизимини босқичма-босқич такомиллаштириш вазифаси белгиланмоқда.

Албатта, илғор хорижий тажриба асосида адвокатлар малакасини ошириш тизимининг замонавий механизмларини шакллантириш, академик ўқув курслари билан чегараланиб қолмасдан, адвокатнинг уч йиллик даврдаги интеллектуал фаоллиги ҳисобига рейтинг балл йиғиб бориш тизимини жорий этиш адвокатларнинг ўз билимларини доимий равишда такомиллаштириб боришига, ўз навбатида жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилаётган юридик ёрдам сифати ошишига хизмат қилади.

Элдор Махкамов

Адлия вазирлиги Юридик таълим ва суд-экспертиза

фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси

бошлиғи ўринбосари