Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 14.07.2020



12:32:07 (GMT +5), Чр, 15 июл 2020

Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назоратини ривожлантиришнинг айрим омиллари тўғрисида

Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назоратини ривожлантиришнинг айрим омиллари тўғрисида


Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назоратини ривожлантиришнинг айрим омиллари тўғрисида

Халқ ҳокимияти асосий конституциявий тамойиллардан биридир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддаси ҳам бунга яққол далил бўлиб, унга кўра, фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ана шундай иштирок этиш шаклларидан биридир. Бундан ташқари, айрим давлат функцияларини жамоатчилик назорати субъектларига ўтказиш йўли билан тартибга солиш воситаларини такомиллаштириш ҳам Ўзбекистон Республикаси Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг йўналишларидан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда демократик ҳуқуқий давлат, эркин ва адолатли жамият қуришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қонун устуворлигини таъминлаш, жамоатилик назоратини кучайтириш вазифаларини белгилаб берди.

2016 йил 12 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонуни бу борадаги асосий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, унинг асосий мақсади – давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Бироқ, қонун 2016 йилда қабул қилинган бўлса-да, жамият ва давлат ҳаётининг айрим соҳаларида ушбу турдаги бошқарув асослари аллақачон ўрнатилган эди.

Масалан, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, ошкоралик давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тадбирларини амалга ошириш устидан давлат ва жамоат назоратини йўлга қўйиш давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришнинг асосий принциплари ҳисобланади.

Ушбу принципни амалга ошириш мақсадида 2019 йилда ушбу қонуннинг 20-моддасига ўзгартишлар киритилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга ҳақлидирлар.

1995 йил 21 декабрда қабул қилинган Меҳнат Кодексининг 223-моддасида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органлари меҳнатни муҳофаза қилишнинг норма ва қоидаларига риоя этилиши устидан жамоат текширувини амалга оширишлари қайд этилган.

Шунингдек, Ер кодекси ҳам фуқароларнинг жамоатчилик назоратини амалга оширишга қаратилган алоҳида меъёрларни ўз ичига олади. Ер кодексининг 84-моддасига мувофиқ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари   ушбу соҳада жамоатчилик назоратини амалга оширадилар.

Шундай қилиб, амалдаги Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинишидан олдин ҳам турли соҳаларда жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун асослар яратилди.

Шу билан бирга, ушбу институтнинг барқарор ривожлантирилишига қарамай, ҳалигача унинг ривожланишига тўсқинлик қиладиган баъзи муаммолар мавжуд.

Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашларининг ҳуқуқий мақоми бугунги кунда муаммоли жиҳатлардан бири бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июлда қабул қилинган № ПҚ-3837-сонли “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида улар фаолиятининг ҳуқуқий асослари белгилаб берилган. Масалан, ушбу Қарор билан тасдиқланган Давлат органи ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги намунавий низомнинг 32-бандига кўра, жамоатчилик кенгашининг фаолиятини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш давлат органи томонидан, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунда давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларининг ишлаш механизми тартибга солинмаган. Ушбу қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, жамоатчилик назорати жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари ва бошқа жамоатчилик ташкилий тузилмалари томонидан ҳам қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши мумкин. Бироқ, жамоатчилик кенгашларининг ҳуқуқий мақоми ва уларнинг ишлаш механизми ҳанузгача алоҳида қонун билан тартибга солинмаган.

Шунингдек, қатор турдош қонунчилик ҳужжатларидаги ўзаро номувофиқликни ҳам таъкидлаш керак. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонуни 10-моддасида “йилнинг ҳар чорагида туман, шаҳар ва вилоят ҳокимликлари раҳбарларининг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти соҳасига кирувчи масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитиши” қайд этилган. Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни ҳокимият ходимларининг фуқаролар йиғинлари олдида ҳисобот бериш мажбуриятини белгиламайди. Худди шундай ҳолатда Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасида оммавий ахборот воситаларини жамоатчиилк назорати субъектлари қаторига киритилган. Бироқ, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонунда ОАВнинг жамоатчилик назорати соҳасидаги ҳуқуқ ва ваколатлари белгилаб берилмаган.

Юқорида айтиб ўтилганларни ҳисобга олган ҳолда, жамоат назорати тўғрисидаги мавжуд қонун ҳужжатларини инвентаризация қилиш ва бирлаштириш масаласини кўриб чиқиш, жумладан жамоатчилик назорати соҳасидаги қонунчиликни тартибга солиш ва уни жамоатчилик назорати шаклларини амалга оширишнинг тегишли процессуал механизмлари билан тўлдириш мақсадга мувофиқдир.

Адлия вазирлиги Давлат бошқаруви

тизимининг самарадорлигини таҳлил

ва мониторинг қилиш бошқармаси

бош маслаҳатчиси Э. Шайдулин