Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 15.07.2020



14:50:03 (GMT +5), Чр, 15 июл 2020

ПРОГНОЗЛАШ, СТРАТЕГИК РЕЖАЛАШТИРИШ ВА ФОРСАЙТ

ПРОГНОЗЛАШ, СТРАТЕГИК РЕЖАЛАШТИРИШ ВА ФОРСАЙТ

Форсайт бу инглизчадан таржима қилинганда “келажакка назар”, деган маънони англатиб, бирон бир воқеа, жараён, ҳодисани бир неча йил олдинга назар ташлаган ҳолда келажакдаги ҳолатини кўздан кечириш дегани.


ПРОГНОЗЛАШ, СТРАТЕГИК РЕЖАЛАШТИРИШ ВА ФОРСАЙТ

Форсайт бу инглизчадан таржима қилинганда “келажакка назар”, деган маънони англатиб, бирон бир воқеа, жараён, ҳодисани бир неча йил олдинга назар ташлаган ҳолда келажакдаги ҳолатини кўздан кечириш дегани.

Форсайт тушунчаси ва унинг илк маротаба қўлланилиши С.В.Крюковнинг «Форсайт: прогноздан келажакни шакллантиришгача» номли илмий мақоласида келтирилишича, 1950 йилларда АҚШнинг RAND корпорациясида илк маротаба учратиш мумкин. 1970 йилларга келиб эса бугун дунёнинг етакчи мамлакатларидан бири ҳисобланадиган Япония томонидан бу ғоя амалиётда қўлланила бошланади.

Бугунги кунда айрим давлатларда “Стратегик режалаштириш” мазмунидаги қонун ҳужжатлари “ишлаб келмоқда”. Масалан, 2014 йилда қабул қилинган Россия Федерациясидаги қонун. Шу ўринда кўплаб Ғарб давлатлари ва Узоқ Шарқ мамлакатларида қўлланилиб келинаётган режалаштиришнинг “форсайт” методи ва “стратегик режалаштириш” ўртасида қандай фарқ мавжудлиги ва уларнинг ўхшаш томонларига тўхталиб ўтамиз.

Россиянинг Статистика тадқиқотлари институти директори Леонид Гохберг билан журналистлар ўртасида бўлган суҳбатда режалаштириш юз йиллар давомида миллатлар ҳаётида катта аҳамият касб этиб келаётганлиги, аммо ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб технологик тараффиёт кескин суратларда ўсгани сари келажакни режалаштиришнинг биргина усуллари камлик қилганлиги ва энди унинг альтернатив ва самаралироқ усулларидан фойдаланилаётганлигини таъкидлаб ўтади.

Прогноз-режалаштириш бу бугунги кундан келажакка бўлган ҳаракат. “Форсайт”, аксинча, келажакдан ҳозирги кунгача бўлган ҳаракатдир. Фарқ аслида уларнинг мафкуравий жиҳатида. Прогнозлаш, айтайлик, келажакни тахмин қилиш, ҳозирги ҳолатга асосланган ва мумкин бўлган, мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб ишлаб чиқилади, аммо, кўп ҳолларда ривожланишлар доирасига кескин тарзда таъсир ўтказа олмайди.

“Форсайт”нинг вазифаси эса келажакни тахмин қилиш эмас, балки қарор қабул қилувчилар ва етакчи экспертларнинг фикрлари билан консенсус асосида келажакни “мақсадли” кўришни шакллантириш ва асосий муаммоларга жавоб бериш ҳамда тегишли мақсадларга эришиш учун узоқ муддатли ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқишга киришишдир.

2025 ва 2030 йилларга мўлжалланган Россия илмий ва технологик ривожланиш прогнозлари ҳам аслида “форсайт” методидан фойдаланиб тузилган бўлса-да, аммо кўп йиллик “режалаштириш” иборасидан фойдаланиш натижасида унга ҳам баъзан шундай ном берилмоқда.

“Форсайт” таҳлилини олиб боришнинг энг асосий жиҳати бу                      эксперт-мутахассисларнинг ёрдамидан фойдаланиш. Шу сабабдан бугунги кунда хатто Россия Федерациясида ҳам бундай тадқиқотлар олиб бориш учун етарли мутахассислар тақчиллиги кузатилмоқда.

Россия Статистика тадқиқотлари институти директорининг маълумотларига кўра, Россия Федерациясида айни кунда форсайт таҳлили билан шуғулланувчи 150 нафар атрофида мутахассислар бор. Улар асосан ёш кадрлар бўлиб, уларнинг деярли барчаси Ғарб мамлакатларида малака ошириб келган. Мутахассислар сонини ошириш учун ҳар йили махсус дастурлар асосида ўқишни ташкил этиш билан бирга, хорижий давлатлардан таклиф этиладиган олимлар иштирокида инглиз тилидаги “Governance of Science, Technology and Innovation” номли дастурлар ишлиб чиқилиб, ўқитиш ишлари йўлга қўйилмоқда.

Турли мамлакатларда форсайтнинг бир қанча усулларидан фойдаланилади. Масалан, Японияда 2030 йилгача технологик форсайт режаси ишлаб чиқилган бўлиб, у 1971 йилдан бошлаб ҳар 5 йилда тузиб чиқилади. Японияда турли даражадаги тахминлар жуда кўп, аммо улар маълум иерархияни сақлайди: ҳукумат даражасида, вазирлик, компания ва фирмалар тарзида.

Аммо АҚШда бу жараён бироз бошқача: Қўшма Штатларда иқтисодий ривожланишнинг расмий интеграциялашган стратегик режалари ишлаб чиқилмаган. Иқтисодий ривожланишнинг миллий устувор йўналишлари давлат раҳбарининг маърузаларида ўз аксини топади. Миллий устувор йўналишлар доирасида ҳудудларда (штатлар кесимида) турли даражаларда кўплаб дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу борада АҚШ ҳукумати 6 мингдан ортиқ иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга оширади. Бундай дастурларни ишлаб чиқиш учун асос – прогнозларни ишлаб чиқиш бўйича ихтисослашган агентликлардир.

Бир қатор давлатлар кенг қамровли узоқ муддатли прогнозларни ишлаб чиқиш учун махсус комиссиялар ва марказларга эга. Кўпинча бу вазифа учун Президент девони давлат раҳбарига прогноз ҳисоботларини тайёрловчи махсус сиёсий бошқарма сифатида майдонга чиқади.

Европа Комиссиясининг расмий сайтида келтирилган маълумотларга қараганда, “форсайт”нинг сиёсатда қўлланилишида ўзига хос устун жиҳатлар мавжуд, улар қуйидагилар:

- мумкин бўлган сиёсий қарорларнинг таъсирини бошқа ўзгаришлар билан қандай бирлаштириш мумкинлигини кўриб чиқиш;

- хабардор қилиш, қўллаб-қувватлаш ва турли соҳаларда амалга ошириладиган сиёсатни ишлаб чиқиш;

- келажакдаги йўналишларни, пайдо бўлаётган технологияларни, янги ижтимоий талаблар ва муаммоларни аниқлаш;

- келажакдаги воқеаларни, фавқулотда ҳодисаларни, хавф-хатар ва имкониятларни баҳолаш каби факторларда муҳимдир.

Умуман олганда “форсайт”дан фойдаланишдан аввал бевосита савол беришимиз муҳим: биз қандай келажакни хоҳлаймиз? Шу орқали форсайтнинг тегишли усуллари танлаб олиниб, амалий ҳаракатларни бошлаш мумкин. Айрим давлатлардаги мисолларни БМТ томонидан чиқарилган "Форсайт –ривожланаётган мамлакатлар учун стратегик узоқ муддатли режалаштириш воситаси сифатида» номли қўлланмадан кўрсак, масалан, Бразилия. 1998 йилда Бразилия форсайт бўйича ўзининг биринчи тажрибасини амалга оширди. 1996 йилда Ҳиндистон ҳукумати ҳам ушбу дастурни амалга оширишга киришди. У “Технология 2020” деган ном билан аталиши ва ҳар икки мамлакат мисолида ҳам 23-25 йилллик режаларнинг форсайт усули ва унинг моделларидан фойдаланган ҳолда шаклантирилганлиги бугунги кундаги ушбу давлатларнинг амалдаги ривожланиш босқичларидан ҳам билиб олишимиз мумкин.

Шу сабабдан 2019 йил 28 январда қабул қилинган ПФ-5644-сонли “Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик вазифалари амалга оширилиши самарадорлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъулиятини оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан ҳукумат олдига “Стратегик режалаштириш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди.

АҚШнинг Сан-Франциско шаҳридаги Глобал стратегик инновациялар фирмасининг бош директори Идрис Мутенинг “Стратегик режалаштиришнинг тугаши ва форсайтнинг юксалиши” номли мақолада айтилишича, анъанавий стратегик режалаштириш моделлари стратегик бошқарув тизимларининг мураккаблиги, узилиши ва тез ўзгариши ва таркибий чекланишларини бошқара оладиган стратегияни ишлаб чиқара олмайди.

Шу сабабдан, юқоридаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши жараёнида биринчидан, стратегик режалаштириш билан бир қаторда келажак методикаси сифатида баҳоланаётган ва ривожланган мамлакатлар тажрибасидан ўтган “форсайт” усули ва унинг янги механизмларини ҳам қонунчиликда имплементация қилишимиз жаҳон тараққиётининг бизнинг олдимиздаги талаби. Иккинчидан, бу соҳадаги мутахассисларни тайёрлаш, аввало, давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширувчи орган ходимларига хорижий олимлар иштирокида ишлаб чиқиладиган махсус дастурлар орқали уларни ўқитиш, ўрганиш ва улар воситасида кейинчалик бошқа ташкилот ва орган ходимларига ўргатиш давлат миқёсида қўйилган мақсадларимиз учун ҳаракатлантирувчи куч сифатида намоён бўлади.

Маҳаллий кадрлар воситасида “Форсайт”нинг янги воситаларини ишлаб чиқиш ва узоқ муддатли тадқиқот дастурларига ўтиш, шу жумладан, давлат дастурлари доирасида тегишли тармоқлар учун стратегик векторни белгилаш ижобий рол ўйнайди.

Жамшид Бобоев

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ходими