Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 15.07.2020



14:08:56 (GMT +5), Чр, 15 июл 2020

Ёлғон сарлавҳалар ёки деҳқонларнинг ерга бўлган ҳуқуқи бекор қилинмайди

Ёлғон сарлавҳалар ёки деҳқонларнинг ерга бўлган ҳуқуқи бекор қилинмайди

Интернет, ижтимоий тармоқлар ҳаётимизда ахборотнинг ўрнини кескин ошириб юборди. Бу ахборот маконида инсонларнинг дунёқарашини ўзгартириш қудратига эга энг кучли воситага айланди.


Ёлғон сарлавҳалар ёки деҳқонларнинг ерга бўлган ҳуқуқи бекор қилинмайди

Интернет, ижтимоий тармоқлар ҳаётимизда ахборотнинг ўрнини кескин ошириб юборди. Бу ахборот маконида инсонларнинг дунёқарашини ўзгартириш қудратига эга энг кучли воситага айланди. Чунки ҳар ким хоҳлаган маълумотини шу макондан олиши ёки ўзи истаган талқинда ахборотни унга жойлаштириш мумкин.

Ахборот тарқатувчилар ичида фақат оммавий ахборот воситалари бу фаолият билан профессионал шуғулланувчи сифатида алоҳида мақомга эга. Уларнинг бу мақоми, ҳуқуқлари ва масъулияти Конституция ва қонунларда белгиланган. Конституциянинг 67-моддасида “оммавий ахборот воситалари ахборотнинг тўғрилиги учун жавобгардирлар” дейилган ва бу қоиданинг бузилиши инсонинг тўғри ахборот олишга бўлган ҳуқуқига дахл қилади.

Агар оммавий ахборот воситаларида тарқатилаётган хабарларни поездга ўхшатсак, унинг ҳар бир таркибий қисми ўзига яраша вазифа бажаради: мавзу – паровоз, тафсилотлар – вагонлар, сарлавҳа эса – поезднинг сигнали, яъни у ҳақида биринчи маълумотни берадиган, эътибор тортадиган қисми. Буни ахборот тарқатувчилар, журналистлар, ахборот ресурслари ходимлари жуда яхши билишади.

Интернет оламида у ёки бу маълумот ўқилиши кўп жиҳатдан сарлавҳага боғлиқ. Айнан уни кўриб ахборот истеъмолчиси материални ўқиш ёки ўқимаслик қарорини қабул қилади. Шу сабабли нашрлар бунга катта эътибор қаратадилар. 

Аммо сарлавҳадан турли мақсадлар учун фойдаланиш ёки эътиборни қаратиш учун хабарга нотўғри ёки чалғитувчи сарлавҳалар қўйиш афсуски, бугунги кунда кўпайиб бормоқда.

BuzzSumo сервиси жамоаси бир неча йиллар аввал Facebook ва Twitter тармоқларидаги 100 миллиондан ортиқ сарлавҳаларни ўрганиб, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг 73 фоизи фақат сарларвҳаларни ўқиб фикр билдирадилар, деган хулосага келган.

Ушбу факт сарлавҳанинг аввало мақолага, қолаверса, умуман воқеликка мос келиши нақадар муҳимлигини таъкидлайди. Яъни, мақолада нотўғри маълумот берилмаган дея нашрлар ўзларини оқлаши нотўғри, чунки асосий маълумотни сарлавҳалар бермоқда, ижтимоий резонансларни келтириб чиқишда ҳам уларнинг роли катта бўляпти.


Фикримиз исботи учун қуйида мисоллар келтирамиз.


Яқинда “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ушбу лойиҳа ҳақида хабар берган qalampir.uz нашри материалга “Деҳқон хўжаликлари ерга умрбод эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади” (https://qalampir.uz/news/deҳk-on-khuzhaliklari-yerga-umrbod-egalik-k-ilish-ҳuk-uk-idan-maҳrum-k-ilinadi-22065) деган сарлавҳа қўйди.



Худди шундай daryo.uz нашри “Ўзбекистонда деҳқонларнинг ерга умрбод эгалик ҳуқуқи бекор қилиниши мумкин” (https://daryo.uz/k/2020/06/23/ozbekistonda-dehqonlarning-yerga-umrbod-egalik-huquqi-bekor-qilinishi-mumkin/), gazeta.uz нашри “Деҳқонларнинг ерга умрбод эгалик ҳуқуқини бекор қилиш таклиф этилмоқда” (https://www.gazeta.uz/uz/2020/06/23/yer/?utm_source=push&utm_medium=chrome), norma.uz нашри “Право на пожизненное владение землей дехканами планируют отменить” (https://www.norma.uz/proekty_npa/pravo_na_pojiznennoe_vladenie_zemelnym_uchastkom_planiruyut_otmenit), деган сарлавҳа билан хабар чиқаришди. Kun.uz нашри эса “Ортга қайтамизми? Деҳқон хўжаликларининг ерга умрбод эгалик ҳуқуқи бекор қилиниши мумкин” (https://kun.uz/news/2020/06/25/ortga-qaytamizmi-dehqon-xojaliklarining-yerga-umrbod-egalik-huquqi-bekor-qilinishi-mumkin) деган сарлавҳа билан таҳлилий мақола чоп этди.

Барча келтирилган сарлавҳалар деҳқон хўжаликларининг ерга мерос қилиб қодириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи бекор қилинаётганлигига ишора беради. Лекин фақат айрим мақолаларда лойиҳадаги “Қонун кучга киргунга қадар мавжуд деҳқон хўжаликларига нисбатан амалдаги мулкий ҳуқуқлар сақланиб қолинади” деган қисми келтирган.

Муаммо нимада? Муаммо шундаки, барча нашрлар хабарга қўйган сарлавҳада лойиҳанинг марказий ғоясини бузиб кўрсатган. Бунинг иккита сабаби бўлиши мумкин. Биринчиси – муалифлар лойиҳа мазмунини тушунмаган, иккинчиси – эътибор тортиш мақсадида атайин нотўғри сарлавҳа қўйишган.

Хўш аслида қандай? Аслида қонун лойиҳасининг 3-моддасида “Қонун кучга кирган кундан бошлаб деҳқон хўжалиги учун ер участкаларини мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан “ажратиш тартиби” бекор қилинади. Бунда ушбу Қонун кучга киргунга қадар мавжуд деҳқон хўжаликларига нисбатан амалдаги мулкий ҳуқуқлар сақланиб қолинади.” дейилган. Яъни, нашрлар хабар беришгандек “... ҳуқуқдан маҳрум қилиниши”, ёки “... ҳуқуқни бекор қилиниши” белгиланмаган. Фақат янги ташкил этиладиган деҳқон хўжаликларига ерларни бошқача шартда, яъни ижара асосида бериш тартиби жорий этилиши таклиф қилинмоқда.

Амалдаги деҳқон хўжаликларига ер ажратишнинг мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик ҳуқуқидан бошқа мулкий ҳуқуқ шаклига яъни ижара ҳуқуқига алмаштирилишига қандай асослар сабаб бўлмоқда. Шунга аниқлик киритамиз.

Биринчидан, 1992 ва 1998 йилларда қабул қилинган “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунларда деҳқон хўжалиги тушунчаси ўз ичига томорқа ер участкасида деҳқончилик қилишни ҳам қамраб олган. Қонунчиликка кўра, деҳқон хўжалиги учун ажратилган ерга уй-жой қуриш мумкин эмас, томорқа ерига эса – мумкин. Шундай бўлса-да, амалиётда аҳоли ўртасида бу икки хил турдаги ердан фойдаланиш усулини бир деб тушунилиб, деҳқон хўжалиги ерларида ҳам уй-жой қуриш авж олиб кетган. Бу, ўз навбатида, экин ерлари майдонлари камайиб кетишига сабаб бўлган.

Иккинчидан, деҳқон хўжалигига ер фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун берилади, худди шу фаолият учун фермер хўжаликларига эса ер фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади. Бу борада деҳқон ва фермер хўжаликларининг ҳуқуқий мақомини яқинлаштириш ҳам кўзда тутилмоқда.

Учинчидан, ерга бўлган “мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи” эски совет даврида, яъни ерга эгалик ҳуқуқи бўлмаган вақтда вужудга келган бўлиб, дастлаб бу ҳуқуқ шахсий турар-жойлар тагидаги ерларга нисбатан жорий этилган. Бунга сабаб, турар-жойлар шахсий мулк сифатида "мерос қилиб қолдирилиши мумкин бўлганлиги учун унинг тагидаги ер ҳам шундай ҳуқуқ билан ўта бошлаган. Бу ҳолатда деҳқон хўжалиги ерларида уй-жой бўлмаганлиги учун “мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи”ни қўллаш ноўрин. Бундай ерлар бутун дунёдаги каби “ижара” ёки “мулк” ҳуқуқи асосида берилиши лозим бўлади.

Тўртинчидан, мамакатимизда ерга нисбатан мулк ҳуқуқини жорий этиш янги институт сифатида аҳоли пункти ерларига нисбатан яқиндан бошлаб тадбиқ этилмоқда. Ўз навбатида, яқин келажакда қишлоқ хўжалиги ерларига нисбатан мулк ҳуқуқини жорий этиш белгиланмаган. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавжуд маъмурий-бошқарув, иқтисодий тизимлар ва инфратузилмалар ерга “ижара” ҳуқуқи асосида қурилган бўлиб, бирданига “мулк” ҳуқуқини жорий этиш қатор амалий ва ҳуқуқий муаммоларни келтириб чиқаради. Бундай ўзгаришлар узоқ йиллик концепция ва аниқ стратегия асосида амалга оширилиши лозим бўлади.

Шунинг учун “ёлғон”, “шов-шувли” сарлавҳалар билан таклиф этилаётган ғояни бузиб кўрсатиб, аҳоли ўртасида тушунмовчиликларни келтириб чиқариш оммавий ахборот воситаларининг савияси, профессионаллик даражаси ва ахборот олувчилар олдидаги асосий масъулиятига бўлган ёндашувини кўрсатади.

Албатта ёлғон маълумот тарқатган, шу жумладан нотўғри маълумот ташувчи сарлавҳа орқали фуқароларнинг тўғри ахборот олишга бўлган ҳуқуқларини бузганларга нисбатан қонунчиликда тегишли жавобгарлик белгиланган.

Мамлакатимизда ахборот эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётган бугунги даврда барча оммавий ахборот воситаларини фуқароларни тўғри ахборот олишга бўлган ҳуқуқини ҳурмат қилишга чақирган бўлардим.

Адлия вазирлиги

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

бошқармаси бошлиғи

Нодир ТИЛЛЯЕВ