Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 15.07.2020



14:09:57 (GMT +5), Чр, 15 июл 2020

Фавқулодда вазиятлар журналистикаси

Аҳамият беринг

Фавқулодда вазиятлар журналистикаси

25 июнь куни Адлия вазирлиги томонидан журналистлар учун “Фавқулодда вазиятларни ОАВда ёритишнинг ҳуқуқий жиҳатлари” мавзусида онлайн семинар ташкил этилди.


Фавқулодда вазиятлар журналистикаси:

ҳуқуқий ва этик жиҳатлари

25 июнь куни Адлия вазирлиги томонидан журналистлар учун “Фавқулодда вазиятларни ОАВда ёритишнинг ҳуқуқий жиҳатлари” мавзусида онлайн семинар ташкил этилди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган семинарда нафақат пойтахтимиз, балки мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари медиа соҳаси вакиллари ҳам иштирок этди.

Унда вебинар мавзуси бугунги кунда тобора долзарб аҳамият касб этаётгани қайд этилди. 2020 йил синовли келди. Хусусан, март ойида юртимизда илк коронавирус билан касалланиш ҳолати қайд этилди. Шу сабабли бутун мамлакат бўйлаб чеклов тадбирлари жорий этилди. Апрель ойида юртимизнинг қатор ҳудудларида даҳшатли шамол ва кучли ёмғир оқибатида уйлар ва иморатлар, автомобиллар зарар кўрди, дарахтларга шикаст етди. Минглаб оилалар газ ва электрсиз қолди. Қурбонлар ҳам бўлди. Май ойининг бошида Сардоба сув тўғони ўпирилиши оқибатида Сирдарё вилояти ва қўшни республиканинг қатор туманлари сув остида қолди. Бундан ташқари, фавқулодда ҳолатлар, масалан, ишлаб чиқариш ёки транспорт билан боғлиқ автоҳалокат, бахтсиз ҳодисалар ҳам бўлиб туриши табиий.

Вебинар доирасида иштирокчилар фавқулодда вазиятлар журналистикасининг ҳуқуқий жиҳатларини муҳокама қилди. Фавқулодда ҳолатларни ОАВда ёритиш билан боғлиқ халқаро тажриба ва миллий амалиёт ўрганилди. Журналистларнинг фавқулодда вазиятларни ёритиш билан боғлиқ фаолияти давомидаги этик чекловларга оид кейсларни кўриб чиқиш семинарнинг бош мавзуси бўлди.

Айрим фуқаролар журналистлар фавқулодда вазиятларга доир қўлидаги барча, яъни ижобий ва салбий маълумотларни ошкор қилиши шарт деган фикрда. Бошқалар эса ОАВ вакиллари фавқулодда вазиятларни ёритиш асносида маълумотларнинг бир қисмини яшириш ҳуқуқига эга, деб ҳисоблайди. Баъзилар воқеа жойида олинган аянчли кадрларни кўришни истамайди. Чунки улар инсон руҳиятига жиддий зарар етказиши мумкин. Айримлар эса, аксинча, бундай лавҳаларни кўрсатиш зарур, деган фикрда.

Мутахассисларнинг фикрича, фавқулодда вазиятларни ёритиш жараёнида журналистлар уларнинг фавқулодда вазиятлар мавзусидаги материаллари — матбуот ва Интернетдаги эълонлари, радио ва телевидениеги кўрсатувлари, рукнлари, репортаж ва сюжетлари, шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги постлари омма онгига таъсир қилишини ҳисобга олмоғи даркор. Хусусан, кўпинча ОАВ рўй берган ҳодисанинг сабаблари, хавфи, эҳтимолий оқибатлари тўғрисида ҳақиқатдан мутлақо йироқ тасаввур пайдо бўлишига олиб келиб, одамлар орасида тушунмовчилик, хавотир ва ҳатто ваҳима уйғонишига хизмат қилади. Бунинг олдини олиш мақсадида фавқулодда вазиятлар ва уларнинг оқибатларини енгиб ўтиш давомида барқарорликни сақлаш вазифаси долзарблигича қолмоқда.  

— Адлия вазирлигига фуқаролар ва ОАВ вакилларидан фавқулодда вазиятларни ёритишнинг ҳуқуқий жиҳатларига оид мурожаат ва хабарлар келиб тушарди, — дейди Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоева. — Шу муносабат билан журналистлар учун бепул ҳуқуқий курслар доирасида мутасадди вазирлик ва идоралар эксперт ва мутахассисларни таклиф этган ҳолда улар учун вебинар ташкил қилинди. Семинар давомида иштирокчилар интерактив усулда ОАВ ходимлари дуч келадиган қийинчиликлар, материални узатишда ҳуқуқий ва этик чегарани кўриб чиқдилар. Бундан ташқари, фавқулодда вазиятларни ёритишда тезкорлик ёки ахлоқий меъёрлар ҳал қилувчи кучга эга бўлиши кераклиги, шунингдек, бундай вазиятларда матбуот хизматлари кейинги вақтларда тезкорлик ва ҳозиржавоблик билан фаолият юритаётгани ҳам таъкидланди.   

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими