Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 14.07.2020



04:19:53 (GMT +5), Чр, 15 июл 2020

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунослар хорижий тажриба асосида малака оширади

Аҳамият беринг

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунослар хорижий тажриба асосида малака оширади

Жорий йилнинг 29 май куни Ўзбекистон Адлия вазирлиги вакиллари видеоконференция шаклида британиялик ҳамкасблари билан ўзбекистонлик юридик кадрларни ўқитиш ва малакасини ошириш масаласини муҳокама қилди.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Жорий йилнинг 29 май куни Ўзбекистон Адлия вазирлиги вакиллари видеоконференция шаклида британиялик ҳамкасблари билан ўзбекистонлик юридик кадрларни ўқитиш ва малакасини ошириш масаласини муҳокама қилди.

Муҳокамада Слинн жамғармаси (Slynn Foundation) президенти, Буюк Британия Олий суди собиқ судьяси Питер Гросс, Буюк Британия Адлия вазирлиги Халқаро муносабатлар департаменти бошлиғи Дэвид Мэйер, Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги элчиси Тим Торлот, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси, Буюк Британия Адвокатлар кенгаши ва Тошкент халқаро арбитраж маркази вакиллари иштирок этди.

Видеоконференция якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Слинн жамғармаси ва Буюк Британия Адлия вазирлиги ўртасида Ўзбекистонда суд иши юритишнинг турли соҳаларида иштирок этувчи юридик кадрларнинг малакасини ошириш бўйича узоқ истиқболга мўлжалланган уч йиллик лойиҳа доирасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилди.

Кўп йиллик тажрибага эга инглиз судьяларининг суд тайёргарлиги, суд назорати, прокурор этикаси, тизимда коррупцияга қарши чоралар, низоларни муқобил тарзда тартибга солиш ва бошқа йўналишлар бўйича профессионал таълим ва амалий курсларини ташкил этиш кўзда тутилган. Курсларни Ўзбекистон, шунингдек Буюк Британия Адлия вазирлиги ҳузуридаги Судьялик офисида ўтказиш режалаштирилмоқда.

Инглиз суд тизими мустақил тизимлардан бири сифатида эътироф этилиши, унга хорижий инвесторлар томонидан ҳам хайрихоҳлик билдирилишини ҳам таъкидлаш жоиз. Британия тажрибаси асосида ўзбекистонлик юридик кадрлар малакасини ошириш нафақат мамлакатимизнинг хорижий инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш, балки мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ва иқтисодий ислоҳотларга ҳисса қўшади.

Эслатиб ўтамиз, Питер Гросс ўтган йили октябрь ойида Ўзбекистонга Ўзбекистон Адлия вазирлиги таклифига биноан ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг тегишли суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказган эди.