Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 28.05.2020



03:05:10 (GMT +5), Жм, 29 Мая 2020

Йиғилишларни тўғри ташкил этиш ­ самарали бошқарув тизимини шакллантиришнинг муҳим омилларидан бири

Аҳамият беринг

Йиғилишларни тўғри ташкил этиш ­ самарали бошқарув тизимини шакллантиришнинг муҳим омилларидан бири

Бошқарув амалиёти шуни кўрсатадики, 90 % самарали ғоялар фикр алмашишдан келиб чиқади. Шунинг учун бизнес вакиллари кўпинча йиғилишлар, конференциялар ва корпоратив учрашувлар ўтказишади.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Азизбек Дехканов Адлия вазирлиги масъул ходими

Бошқарув амалиёти шуни кўрсатадики, 90 % самарали ғоялар фикр алмашишдан келиб чиқади. Шунинг учун бизнес вакиллари кўпинча йиғилишлар, конференциялар ва корпоратив учрашувлар ўтказишади.

Шунга қарамай, кўпчилик турли хил йиғилиш ва мажлисларни зерикарли ва самарасиз вақтни ўтказиш деб ҳисоблайдилар. Баъзи ташкилотларда йиғилишлар соатлаб давом этади ва улар якунидан сўнг бирор-бир натижа ёки ижобий ўзгариш бўлмайди. Шунингдек, ташкилот раҳбари йиғилишлар сони кўплиги сабабли уларга тайёрланишга улгурмайди ва одатда йиғилиш бошланишига 1 соат қолганда ушбу вазифани ўз ходимлари зиммасига юклайди, бу ҳолат эса ходимлар томонидан барча ишларини ташлаб йиғилишга маълумотлар тўплашга киришилади.

Машҳур америкалик иқтисодчи Джон Кеннет Гэлбрейтнинг фикрича “Агар сиз бирор-бир ишни қилишни хоҳламасангиз, йиғилишларни ўтказиш энг яхши услуб ” ҳисобланади.

Лондондаги “STL Microsoft Training” консалтинг компанияси томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра йиғилишлар сони кўплиги сабабли қичик ва ўрта корхоналар жуда катта зарар кўришлари маълум қилинган. Ҳисоб-китобларга кўра компания ходимлари йилига ўртача 207 та йиғилишларда иштирок этишади, йиғилиш иштирокчилари қўйилган мақсадларга эришмаганликлари оқибатида мазкур йиғилишларнинг 67 % самарасиз деб ҳисобланган.

Шунингдек, АҚШнинг Шимолий Каролина Университети 182 та менеджерлар билан сўровнома ўтказган. Сўровномада иштирок этган иштирокчиларнинг 65 % йиғилишлар уларни асосий ишидан чалғитаётганлиги, 71 % йиғилишлар самарасиз ва натижадорсиз эканлиги, 62 % фоизи эса йиғилишлар ўтказиш орқали жамоани бирлаштириш кийин эканлигини билдиришган.

Бугунги кунда хорижий давлатлардаги турли ташкилотлар йиғилишларни қисқартириш учун ноодатий услубларни қўллаб келишмоқда. Мисол учун, Just Fearless консалтинг компанияси йиғилишларни ўтказиш давомийлигини 30 дақиқа деб белгилаган. Бунда, йиғилиш 30 дақиқадан кўпрок давом этса ходимлардан стуллар олиб қуйилади. Ушбу турдаги услуб йиғилишларни иложи борича тезрок тугатишга ва чўзмасликка хизмат қилади.

Tripping.com сервис жамоаси вақтдан самарали фойдаланиш мақсадида йиғилиш ўтказиш жойини вақти ўлчовчи ускуна билан таъминлашади ва йиғилиш давомийлигини 30 дақиқа деб белгилашади. Агар йиғилиш давомийлиги узайиб кетса йиғилиш ташаббускори 5 АҚШ доллари миқдорида жарима тўлайди. Tripping.com асосчиси ва директори Джен О'Нил таъкидлашича ходимларнинг вақтни тежаш тамойили ташкилотдаги корпоратив маданиятни ривожлантиришда асосий ролни бажармоқда.

Кўриниб турибдики турли хил йиғилиш ва мажлислар ташкилотнинг ҳар бир ходими иш вақтининг муҳим қисмини олмоқда. Кўп ходимлар иш юритишнинг ушбу услубини ёқтиришмайди. Мазкур салбий ҳолат йиғилишларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг энг оддий тамойилларини билмаслик оқибатида вужудга келмоқда.

Хусусан, йиғилишларни самарали ва натижадор ўтказиш учун биринчи навбатда ҳар бир йиғилиш ўз вақтида бошланиши ва тугаши керак, бунда тезкор масалаларни ҳал этиш учун узоғи билан 20-30 дақиқа, муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун эса узоғи билан 90 дақиқа кифоя бўлади. Агар йиғилиш узоқ давом этса иштирокчиларнинг диққатини ушлаб туриш қийин бўлади ва улар бошқа масалаларга (телефон кўнғироқларга, смс хабарларга ва бошқа) чалғишади.

Шунингдек, йиғилишга таклиф этилаётган иштирокчилар сонини ҳам қатъий чеклаш зарур. Бунинг учун биринчи навбатда йиғилишда иштирок этиши лозим бўлганларнинг аниқ рўйхатини белгилаш лозим, бунда асосий эътиборни шунга қаратиш керакки йиғилишни ушбу иштирокчиларсиз ўтказиш имкони бўлмаслиги керак. Ҳар бир иштирокчини таклиф қилишдан олдин қуйидаги саволларга жавоб топиш лозим бўлади:

­  йиғилишда кўтарилаётган масала иштирокчи фаолияти билан бевосита боғлиқми?

­ иштирокчи кўтарилаётган масала бўйича етарли билим ва кўникмаларга эгами?

­ шахсни йиғилишга таклиф этмаган ҳолда йиғилиш якуни натижалари бўйича шахсни хабардор қилиш билан чекланса бўладими?

Ҳозирда психологлар йиғилишларнинг самарадор ва натижадор бўлиши учун йиғилишларда сони 9 нафардан ортиқ бўлмаган шахслар иштирок этиши бўйича тавсиялар беришмоқда.

Мазкур таомилларга риоя этилмаганлик оқибатида қуйидаги салбий ҳолатлар вужудга келмоқда:

– йиғилишда кўтарилаётган масала бўйича алоқаси йўқ бўлган ташкилот ходимлари иштирок этишмоқда;

– йиғилишда кўтарилаётган масала ёки муаммонинг ечими топилмаяпти;

– йиғилиш якуни бўйича ижро қилиш нуқтаи назардан сифатсиз қарорлар қабул қилинмоқда;

– йиғилишда қабул қилинган қарор ижро қилинмаяпти.

         Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, давлат органлари ва ташкилотларида иш ташкиллаштиришнинг самарали ва натижадор тизимини яратиш жараёнида йиғилишларни ўтказиш билан боғлиқ бўлган юқорида қайд этилган жаҳон тажрибаси ва таомиллари жорий қилинса албатта ўз ижобий натижасини беради.