Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 05.06.2020



08:37:30 (GMT +5), Яш, 7 июн 2020

Прописка тизими Ўзбекистон ривожига қай даражада таъсир қилади?

Аҳамият беринг

Прописка тизими Ўзбекистон ривожига қай даражада таъсир қилади?

Жорий йилнинг январь ойида Жаҳон банкининг кам таъминланганлик ва тенглик бўйича гуруҳи тадқиқотчиси Уильям Сеиз (William Seitz) томонидан Ўзбекистондаги ички миграция ва арзон уй-жой билан таъминланиш ҳолати бўйича ўтказилган тадқиқот эълон қилинган эди.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Анвар Исломович Рахматов, Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази директори

Прописка тизимини ислоҳ қилишга доир қонун лойиҳаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси муҳокама қўйилди 


Жорий йилнинг январь ойида Жаҳон банкининг кам таъминланганлик ва тенглик бўйича гуруҳи тадқиқотчиси Уильям Сеиз (William Seitz) томонидан Ўзбекистондаги ички миграция ва арзон уй-жой билан таъминланиш ҳолати бўйича ўтказилган тадқиқот эълон қилинган эди.

Унга кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг пропискасига ўтиш масаласида қўйилган ҳуқуқий чекловлар Ўзбекистонда ички миграциянинг пастлиги ва шу билан Ўзбекистон ривожига таъсир этаётганлиги қайд этилган.

Йирик қишлоқ аҳоли пунктларини шаҳарларга айлантириш бўйича кўрилган чора-тадбирларга қарамасдан, бугунги урбанизация даражаси шаҳарларни комплекс ривожлантириш бўйича замонавий талабларига жавоб бермайди ва жаҳон тенденцияларидан сезиларли даражада қолиб кетмоқда.

Прописка масаласини муаммо даражасига чиқишидаги асосий сабаблардан бири ҳам шудир.

 

Прописка асли кимдан қолган “удум”?

 

Чор Россияси даврида ҳокимиятнинг, яъни феодалнинг рухсатисиз деҳқонларни ер участкасини тарк этишини тақиқлаш, агарда шундай ҳуқуқбузарлик вужудга келса уларни қайси ерга ва кимга тегишли эканлигини аниқлаш мақсадида ўзига хос пропискалик паспортлар бериш тартиби амалга оширилган. Кейинчалик собиқ иттифоқ даврида бу тартиб ижтимоийлашув ҳолатидаги антидемократик ҳолат дея бекор қилинган бўлсада, 1933-1935 йилларга келиб, турли ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида яна шунга ўхшаш тизим йўлга қўйилди. Эндилика Совет давлатида паспорт ва пропискаси бор шахслар қатор имтиёзлларга эга бўла бошлади, айниқса, агар фуқаро марказ ва аҳоли зич бўлган пунктларда яшаган бўлса, унда қишлоқ ёки чекка ҳудудларда яшовчиларга нисбатан ҳуқуқлар кўпроқ бўлиши белгиланди. Паспорт ва прописка бериш биринчи навбатда Москва ва Питербург шаҳар аҳолиси учун қўлланилиб, Чор Россияси давридан қолган зодагон ва қулоқ бўлганлар ҳамда уларнинг оилаларига нисбатан умуман тадбиқ этилмасди ва уларни иложи борича чеккароқ ҳудудларга жойлаштиришга ҳаракат қилинарди. Паспортсиз ёки рўйхатдан ўтмаган шахс эса Совет давлати берган кўплаб ҳуқуқлардан маҳрум бўлар эди.

Кейинчалик мазкур ҳолат жиноий жавобгарлик масаласигача олиб чиқилиб, ўз ҳудудидан бошқа ҳудудга кўчиб ўтиш учун селсоветнинг алоҳида рухсатномаси, иш жойидан тасдиқловчи ҳужжат ёки ўша кўчиб ўтаётган жойида ўз ер мулкига эгалиги ҳақидаги ҳужжат ва ҳ.к.лар, қисқа қилиб айтганда бюрократик сарсонгарчиликлар керак бўлар эди.

Кўриб турганингиздек, мазкур масала собиқ иттифоқ давридан “мерос” бўлиб қолган яна бир қонунларга мустаҳкамланган “удум” ёки эскилик сарқити эди.

 

Бошқа давлатлардаги прописка масаласи қандай?

 

Албатта, прописка масаласи кўп давлатларда мавжуд, аммо бу бизнинг тушучаммиздаги айнан пропискани эмас, балки рўйхатдан ўтказишни англатиб, асосан фуқаролик ёки фуқароликка эга бўлмаган шахслар ҳақида маълумотлар мажмуини назарда тутади. Собиқ иттифоқ давлатларидан деярли ҳаммасида прописка режими антиконституцион ҳолат сифатида қайд этилиб, прописка тушунчаси бекор қилинган ва электрон рўйхатдан ўтказиш тизимига ўтилган.

Россияда прописка масаласи 1993 йил 1 октябрда Россия Федерациясининг “Россия Федерацияси фуқароларининг кўчиш эркинлиги, Россия Федерациясида яшаш ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган пайтдан бошлаб бекор қилинди.

Москва ва Москва вилоятида “прописка” атамаси 1996 йил 1 январь куни Москва ҳукумати ва Москва вилояти маъмуриятининг 1992 йил 04 февралдаги 51-8-сонли “Москва ва Москва вилоятида аҳолини рўйҳатга олиш ва чиқариб юборишнинг ягона тартиби тўғрисида”ги қарори ўз кучини йўқотиши билан муомиладан чиқарилди.

Белорусияда 2008 йил 1 январь куни Беларус Республикаси Президенти Aлександр Лукашенконинг “Фуқароларни яшаш ва яшаш жойларида рўйҳатга олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан прописка масаласи бекор қилинди.

Қозоғистондаги прописка институти рўйхатга олиш институти билан алмаштирилди, фуқароларга турар-жой бинолари ва уй-жой учун мослаштирилган биноларда рўйхатдан ўтишга рухсат берилди. Қозоғистон Республикаси Ҳукуматининг 2007 йил 17 августдаги 696-сонли “Қозоғистон Республикаси аҳолисини ҳужжатлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорига биноан, Қозоғистон фуқаролари иш берувчи орқали ёки адлия органларида рўйҳатдан ўтишлари ҳам мумкин.

2003 йилда Латвияда “Яшаш жойларини декларациялаштириш тўғрисида”ги қонунни қабул қилди, унга кўра прописка институтити бекор бўлди.

Украинада Конституциявий суднинг 2001 йил 14 ноябрдаги қарори билан прописка масаласи конституцияга зид деб топилди. Қонуний равишда эса прописка Украина Республикасининг 2003 йил 11 декабрдаги 1382-ИВ “Украинада юриш эркинлиги ва яшаш жойини эркин танлаш тўғрисида”ги қонуни қабул қилингандан сўнг бекор қилинди.

Бошқа ривожланган давлатларда прописка масаласи фақатгина норезедентларга нисбатан қатъий қўлланилиб, ўз фуқароларига нисбатан турар жой адресини топишда қийинчилик туғдирмаслиги учунгина рўйхатлаштириш ишлари амалга оширилади.

Мисол учун Нидерландия ва Германияда прописка масаласи қатъий масалалардан бири ҳиссоблансада, аммо агарда фуқаро бир ҳудудда яшаб туриб, ўзига мос ишни бошқа бир ҳудуддан топган бўлса, фуқаро электрон ёки тўғридан-тўғри тарзда иш жойи жойлашган тегишли ваколатли органга мурожаат қилади, керакли шаблонни тўлдирганидан сўнг уч кун ичида, у иш топган вилоятга рўйхатга ўтказилади. Бунда рўйхатдан чиқариш, қайта рўйхатга олиш, ҳужжатларни солиқ, суғурта ва бошқа ташкилотларга юбориш каби ишлар рўйхатга олувчи томонидан амалга оширилади.

Японияда янги яшаш жойига кўчиб ўтгандан кейин 14 кун ичида рўйхатдан ўтиш ишларини расмийлаштирш тавсия этилади, аммо янги манзилда яшаш муддати бир йилдан кам бўлса ёки янги турар жой вақтинча бўлса ва тез-тез доимий яшаш уйга бориб келса (мавсумда камида бир марта) янги турар жойида рўйҳатдан ўтиши шарт эмас. Ушбу норма университетлар ёнида уй-жой ижарага олган талабалар ва пойтахтда истиқомат қилувчи, аммо ўз ватанларига тез-тез ташриф буюрадиган парламент аъзоларини рўйҳатдан ўтказишдан озод қилади ҳамда фуқароларга қатор қулайликлар яратади.

 

Хўш, прописка тизимини ислоҳ қилишга доир ҳужжат қабул қилинса нималар ўзгариши мумкин?

Биринчидан, “прописка” тушунчаси бекор бўлиб, ўрнига “рўйхатдан ўтказиш” тушунчаси киритилади;

Иккинчидан, Тошкентдан уй сотиб олишдаги “айримлар” учун белгиланган давлат божининг қиммат ставкаси бекор қилинади;

Учинчидан, биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларни нафақат ўзи доимий рўйхатда бўлган манзилга, балки эгалигидаги бошқа уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқига эга бўлади;

Тўртинчидан, эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидалар бекор бўлади;

Бешинчидан, илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келганда, улар ушбу ҳудудларда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкин бўлади;

Олтинчидан, оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имконияти яратилади;

Еттинчидан, вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш муддати уй-жой эгасининг розилиги асосида 5 йилгача узайтирилишиш мумкин бўлади;

Саккизинчидан, фуқароларни Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан 15 кун яшаши мумкин бўлади;

Тўққизинчидан, доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтиш муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилади ва фуқаронинг хоҳишига кўра:

ички ишлар органларида;

давлат хизматлари марказларида;

Ягона портал орқали амалга оширилиши мумкин бўлади.

Ўнинчидан, доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш амалиётидан воз кечилади ва бу жараён рақамлаштирилади;

Ўн биринчи, доимий рўйхатга олишни расмийлаштиришда аввалги яшаш жойидан мустақил рўйхатдан чиқиш тартиби ҳамда ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатга туришдан олдин ва кейин ҳарбий ҳисоб учун мудофаа бўлимларига бориш тартиби бекор қилинади.

Эътибор бераётган бўлсангиз, бугун давлатимизда энг асосий вазифа этиб аҳоли учун энг қулай яшаш шароитини яратиш бўлгиланган. Барча ислоҳотлар, ресурслар шу вазифани бажаришга йўналтирилган. Юқоридаги ҳужжат ҳам айнан фикримизни исботидир.

Ўйлаймизки, мазкур қонун ҳужжатлари лойиҳаси муҳокамасида барчамиз фаол қатнашиб, ўз фикр ва таклифларимизни билдирамиз. Зеро, амалга оширилаётган ислоҳотларда халқимизнинг фаол иштироки бу ислоҳотларнинг ижобий самарасини таъминлайди.