Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 02.07.2020



22:59:43 (GMT +5), Пш, 2 июл 2020

Янги қонун ва адвокатлар дахлсизлиги: муҳокама мавзуси бошқачароқ бўлиши керак

Аҳамият беринг

Янги қонун ва адвокатлар дахлсизлиги: муҳокама мавзуси бошқачароқ бўлиши керак

Баъзи оммавий ахборот воситалари томонидан янги қонун қабул қилингани ва унга кўра прокурорнинг розилиги билан адвокатнинг телефонлари ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали амалга ошириладиган сўзлашувлари,


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Ж.Дадажонов, Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими

Баъзи оммавий ахборот воситалари томонидан янги қонун қабул қилингани ва унга кўра прокурорнинг розилиги билан адвокатнинг телефонлари ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали амалга ошириладиган сўзлашувлари, узатиладиган хабарлари ва маълумотларини назорат қилиш белгилангангилиги тўғрисидаги хабарлари ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Юзлаб фойдаланувчилар адвокатурага нисбатан қилинган бундай тажовузни қораладилар. Ўзбекистон Адвокатлар палатаси ўзининг мурожаатида ўзгартириш у билан келишилмаган ҳолда амалга оширилганлигини маълум қилди.

Шундан сўнг, Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги қабул қилинган қонун адвокатура манфаатларига зид эмаслиги ҳақида ўз мурожаатини эълон қилди.
Бу ҳақиқатга тўғри келадими? Аслида нима бўлди?

Мазкур саволларга жавоб бериш учун ўзгартириш киритилаётган қонуннинг аввалги ва янги таҳрирлари билан яхшилаб танишиб чиқишимиз керак бўлади.

Демак, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддаси учинчи қисмида адвокатга нисбатан тезкор-қидирув ва жиноий-процессуал чоралар қўллашга санкция бериш ваколатига эга мансабдор шахслар доираси белгиланганлигини кўришимиз мумкин. Бундай шахслар қаторига Бош прокурор, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар киритилган. Бошқача қилиб айтганда, даражаси вилоят прокуроридан паст бўлган прокурорлар адвокатларга нисбатан тезкор-қидирув ва жиноий-процессуал чораларни (тинтув, мажбурий келтириш, ушлаб туриш ва ҳ.к.) қўллашга рухсат бера олмайди.

Янги қонун нимани ўзгартирди? У адвокатнинг қайси қурилмалари ва қандай маълумотлари “эшитилиши” мумкинлигини аниқлаштирди. Агар аввал адвокатнинг “телефони ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш” мумкин бўлган бўлса, эндиликда “телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини, хабарлари ва маълумотлари узатилишини назорат қилиш” назарда тутилади.

Энди Бош прокурор, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар санкциясини олмасдан адвокатнинг нафақат телефон сўзлашувларини, балки маълумот узатиш учун у ишлатадиган ҳар қандай замонавий ускунани назорат қилиш тақиқланади.

Бир вақтнинг ўзида бундай аниқлаштириш Жиноят-процессуал кодекси ва бошқа тегишли қонунларга ҳам киритилмоқда. Ушбу янгилик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг техник тараққиётдан орқада қолмасдан, лекин қонун доирасида ишлашини таъминлаш учун ҳам керак эди.

Юқорида келтирилган фикрлардан хулоса шуки, қонун ҳужжатларига киритилган бундай ўзгартиришларнинг пировард мақсади – бу адвокатларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ таъқиблардан, чеклашлар ва тажовузлардан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришдир.

Шу билан бирга, бу ерда бошқа бир муҳимроқ масала бор. У ҳам бўлса адвокатга нисбатан тезкор-қидирув ва жиноий-процессуал чоралар қўллашга санкция бериш ваколатини судга ўтказмасдан, жиноят иши (айрим ҳолларда бошқа тоифа ишлар) доирасида тергов ва судда ишни кўриш жараёнида адвокатнинг оппоненти сифатида ҳаракат қиладиган прокурорнинг ваколатида қолдирилиши масаласидир. Бундай вазият дастлабки терговда ва суд процессида тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги ва ўзаро тортишуви тамойилига зид эмасмикин? Балки, айрим хорижий мамлакатларнинг тажрибасига таяниб, мазкур ҳуқуқни судга ўтказиш мақсадга мувофиқдир? Мана шу масалани муҳокама қилиш, унинг устида баҳслашиш тўғрироқ бўлади.

Нима бўлганда ҳам адвокатлик фаолиятига чеклов масаласида аҳолининг бундай фаол муносабат билдиргани одамни қувонтиради. Демак, ҳозирда фуқаролик жамияти уйғоқ ва бу яхши!