Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 09.04.2020



22:05:01 (GMT +5), Пш, 9 апр 2020

Карантинга жойлаштириладиганларнинг мобил телефонлари нега олиб қўйилади?

Аҳамият беринг

Карантинга жойлаштириладиганларнинг мобил телефонлари нега олиб қўйилади?

Карантинга олинган шахснинг буюмлари (мобиль телефон, аудио ва видео воситалар, кредит карталари ҳамда бошқа ахборот ташувчи буюмлар) нима учун олиб қўйилади?



Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев Kun.uz мухбирининг шу ҳақдаги саволига жавоб қайтарди.

— Глобал пандемия ҳисобланган коронавирусга қарши барча зарур чораларни қўллаш, унинг олдини олишда муайян даражада муваффақият қозонган давлатларнинг илғор тажрибасидан фойдаланиш бу вирусга қарши ишлаб чиқилган мамлакатимиз стратегиясининг асосини ташкил қилади.

Бевосита саволингизга келадиган бўлсак, бундай чеклов киритилишининг учта сабаби бор. Бугун ўтказилган брифингда вақт камлиги туфайли бунга қисман тўхталиб ўта олдик фақат.

Биринчидан, вирусолог олимларнинг таъкидлашича, мазкур буюмлар инфекцияни ўзида сақловчи ва тарқатувчи хусусиятга эга бўлиб, уларни карантин ҳудудига олиб кириш санитария талабларига зиддир. Чунки инфекция қоғоз ва пластик юзада энг узоқ вақт давомида сақланиши мумкин – 5 кунгача.

Иккинчидан, куни кеча ҳукумат қарори билан тасдиқланган Низомда вақтинчалик олиб қўйилган буюмлардан шахс инфекция юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва борган жойларини аниқлаш мақсадида ўрганилиши кўрсатиб ўтилган.

Жаҳон тажрибасига мурожаат этилса, Россия, Сингапур, Исроил ва бошқа бир қатор давлатларда бу усулдан фойдаланилаётганини кўриш мумкин.

Хусусан, Россияда мобил телефонларнинг GPS функцияси орқали карантинга олинган шахснинг борган манзиллари таҳлил қилиниб, эҳтимолий алоқада бўлган шахслар доирасини шакллантиришда ушбу маълумотлардан фойдаланилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, айрим ҳолларда карантиндаги шахс ўзлари билан алоқада бўлган шахслар ҳақида маълумотларни яширади ёки унутиб қўйиши мумкин. Вирус аниқланган биринчи ўзбекистонлик фуқаро билан содир бўлган воқеа бунга яққол мисол бўла олади.

Учинчидан, бу чеклов жисмоний шахсларнинг шахсий маълумотлари тўғрисида ахборот тарқатилишининг олдини олиш имконини ҳам беради.

Ижтимоий тармоқларда карантин жойларидан олинган видеолар ва саҳналар тарқатилмоқда. Кўплаб пост ва роликларда жамиятга вирус билан курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, чет элдан олиб келинган фуқароларни сақлаш шароитлари тўғрисида асоссиз ва бузиб кўрсатилган маълумотлар тақдим этилмоқда. Шу билан бирга, ушбу муассасаларда жойлаштирилган бошқа шахсларга нисбатан шахсий маълумотлар бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларга кўпинча риоя қилинмайди.

Қонунга кўра, жисмоний шахсларнинг шахсий маълумотлари махфий ахборот тоифасига киради.

Бузилган маълумотлар ва фақат субъектив баҳолашлар аҳоли ўртасида ваҳима пайдо бўлишига ёки жамиятда миш-мишлар ва қарорлар қабул қилишга олиб келиши мумкин.

Вақтинчалик олиб қўйилган буюмлар шахс даволаш муассасасидан чиқаётган вақтда ўзига қайтариб берилади ёки унинг яқин қариндошлари ёхуд вакилларига топширилади.

Шу боис, кўрилаётган қатъий чора-тадбирлар бутун Ўзбекистон, бутун жамият коронавирус инфекциясига қарши кураш олиб бораётган ушбу мураккаб кунларда жуда зарур. Мазкур вақтинчалик чекловни тўғри тушунишингизни сўраймиз.

Зеро, бу чоралар авваламбор сизнинг соғлиғингиз учун қилинмоқда.