Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 09.04.2020



19:48:13 (GMT +5), Пш, 9 апр 2020

Адлия вазирлиги томонидан Project.gov.uz бўйича навбатдаги тренинг ташкил этилди

Аҳамият беринг

Адлия вазирлиги томонидан Project.gov.uz бўйича навбатдаги тренинг ташкил этилди

Жорий йилнинг 27 февраль куни Адлия вазирлиги томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими Project.gov.uz фаолияти ва унинг имкониятларидан фойдаланиш тартибини тушунтиришга бағишланган навбатдаги семинар ташкил этилди.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Жорий йилнинг 27 февраль куни Адлия вазирлиги томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими Project.gov.uz фаолияти ва унинг имкониятларидан фойдаланиш тартибини тушунтиришга бағишланган навбатдаги семинар ташкил этилди.

Тадбирда Project.gov.uz тизими ишига масъул бўлган давлат органлари ва ташкилотлари вакиллари, юридик хизматлари ходимлари иштирок этди.

Семинарда 2020 йил 4 январидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими Project.gov.uz нинг янги модернизация қилинган талқини ишга туширилди. Фойдаланувчилар учун бир қатор қулайликлар яратилди. Жумладан, энди норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини идоралар ўзаро дастлабки келишиш жараёнини амалга ошириш имконияти яратилди.

Янги яратилган қулайлик сифатида келишиш учун мазкур тизимга юкланаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари автоматик равишда regulation.gov.uz Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига юборилиши мумкин.

Ҳозирги вақтда мазкур тизимга идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни интеграция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Семинар доирасида шунингдек «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат ҳисоби ва тарқатилиши» янги ахборот тизими тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 октябридаги “Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими ишга туширилиши муносабати билан 2019 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларида қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларини махсус журнал ва ҳисоб варақаларида рўйхатга олиш тартиби, қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари бўйича ҳисоб картотекаларининг қоғоз шаклида расмийлаштирилиши ва юритилиши бекор қилинди.

Шу муносабат билан яратилган ахборот тизими орқали Адлия вазирлигида бу иш электрон форматга ўтказилди.

Семинарда таъкидланганидек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш жараёнида бир-бирини такрорлаш ҳамда меҳнат ва вақт ресурсларидан оқилона фойдаланмаслик ҳолатлари учраб турарди.

Давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари, айниқса жойлардаги ижро ҳокимияти органлари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг катта ҳажмини қабул қилади, бу эса ўз навбатида уларнинг мазмуни билан танишишга ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига салбий таъсир кўрсатади.

Яратилган ахборот тизимида ҳар бир орган ва ташкилотга манзилли ёндашувни кўзда тутилган. Хусусан, “ақлли тарқатиш” функцияси орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тегишли давлат органлари ва ташкилотларига Қонунчилик тармоқларининг умумҳуқуқий классификаторига мувофиқ тарқатилади.

“Ақлли қидирув”, “ақлли мониторинг ва назорат” сингари функциялар ва бошқа янгиликлар жорий этилди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш ва тегишли ташкилотлар томонидан қабул қилиш санасини мониторинг қилишнинг автоматлашган статистика тизими норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни олувчилар билан доимий алоқани таъминлаш имконини беради.

Шу тариқа, Илм-фан, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида Адлия вазирлиги томонидан адлия органлари ва муассасалари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга асосий урғу берилмоқда.