Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 29.01.2020



01:56:06 (GMT +5), Пш, 30 янв 2020

Қонун ҳужжатларига гильотина жорий қилинмоқда

Аҳамият беринг

Қонун ҳужжатларига гильотина жорий қилинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги ПФ-5505-сон Фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясида мавжуд қонунчилик базасини тизимлаштириш, жумладан, умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллашга таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш юзасидан бир қатор вазифалар белгиланган эди.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

         Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги ПФ-5505-сон Фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясида мавжуд қонунчилик базасини тизимлаштириш, жумладан, умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллашга таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш юзасидан бир қатор вазифалар белгиланган эди.

         Шунингдек бугунги кунда норма ижодкорлигида қонунчилигимиз учун янгилик бўлган “тартибга солиш гильотинаси” усулини қўллаш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

         Гильотина механизми кўплаб давлатларда қўлланиладиган тенденция бўлиб, у қонун ҳужжатлари жуда кўпайиб кетганда жорий этилади. Бунда ҳужжатлар бирданига ўз кучини йўқотади.

         Мана шу усулдан фойдаланган ҳолда қонунчилик базасини тизимлаштириш, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида ўз аҳамиятини йўқотган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан иккита норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди.

         Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони лойиҳасига кўра бугунги кунга келиб ўз аҳамиятини йўқотган 502 та ҳужжатларни кучини йўқотган деб топиш режалаштирилмоқда.

         “Ўзбекистон Республикаси ССР Министрлар Совети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида эса Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2 455 та қарори кучини йўқотиши назарда тутилмоқда.

         Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши қонунчилик базасининг тизимлашиши ва унинг ҳар томонлама пухта ва сифатли тайёрланган, бугунги кун талабларига жавоб берувчи ҳамда халқ манфаатларини ифода этувчи қонун ҳужжатлари билан бойишига хизмат қилади.  

         Айни пайтда, юқорида келтириб ўтилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси (regulation.gov.uz) порталига жойлаштирилган. Улар билан қуйидаги ҳаволалар орқали танишиш мумкин:

         Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонининг лойиҳаси:

         https://regulation.gov.uz/ru/document/11939

         Ўзбекистон Республикаси ССР Министрлар Совети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарорининг лойиҳаси:

         https://regulation.gov.uz/uz/document/11968

         Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 25-ялпи мажлисида тақдим этган ахборотида қонунчиликни тизимлаштириш мақсадида “тартибга солиш гильотинаси” усулини қўллаш режалаштирилганлиги ва унга мувофиқ 2 мингдан ортиқ ҳуқуқий ҳужжатларни ўз кучини йўқотиш тўғрисидаги лойиҳалар ишлаб чиқилганлигини таъкидлаб ўтган эди.