Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 29.01.2020



01:56:25 (GMT +5), Пш, 30 янв 2020

Халқаро ҳуқуқий ёрдам олишда фуқаролар учун қўшимча қулайлик

Аҳамият беринг

Халқаро ҳуқуқий ёрдам олишда фуқаролар учун қўшимча қулайлик

“1993 йил 22 январдаги Фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенцияга доир Баённомани (Москва, 1997 йил 28 март) ратификация қилиш тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

“1993 йил 22 январдаги Фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенцияга доир Баённомани (Москва, 1997 йил 28 март) ратификация қилиш тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди.

Мазкур қонун лойиҳаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган бўлиб, фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар соҳасида ўзаро халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган.

1993 йил 22 январь куни Минск шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) саммитида имзоланган “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Конвенциянинг 5-моддасига мувофиқ (Минск конвенцияси) Конвенция доирасида адлия муассасалари ўзларининг марказий органлари орқали МДҲга аъзо бошқа давлатлар билан ўзаро алоқаларни амалга ошириши назарда тутилган.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси томонидан бу бўйича марказий орган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳисобланади. Аммо Минск Конвенцияси доирасида кўриб чиқилаётган кўплаб масалалар Адлия вазирлигининг ваколатига кирмайди.

Хусусан:

– туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани такроран олиш, далолатнома ёзувларининг нусхаларини олиш, никоҳ тузиш ёки никоҳдан ажратиш тўғрисидаги масалалар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органларининг ваколатларига киради;

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги ПФ–5325-сонли Фармонига мувофиқ 2018 йилнинг 1 июнидан ФҲДЁ органлари адлия органлари тизимидан туман (шаҳар) ҳокимликлари тизимига ўтказилган.

– ҳужжатларни топшириш ва фуқароларга нисбатан алоҳида ҳаракатларни амалга ошириш бўйича талабномалар ва топшириқларни кўриб чиқиш суд органларининг ваколатига киради;

– яшаш жойини аниқлаш, яшаш учун рухсатноманинг мавжудлиги, жисмоний шахсларнинг фуқаролигига мансублиги, судланганлик мавжудлиги бўйича масалалар ички ишлар органлари ваколатига киради;

– фуқароларнинг меҳнат стажини ва иш ҳақини тасдиқловчи архив маълумотномаларини сўраб олиш тўғрисидаги сўровлар архив органларининг ваколатига киради.

Натижада, Адлия вазирлиги сўровларни қайта йўналтириш орқали қўшимча харажатларга, суд жараёнлари ва ваколатли органларнинг сўровларни кўриб чиқишининг кечиктирилишига, ўз навбатида, фуқароларнинг норозилигига олиб келадиган оралиқ бўшлиқ бўлиб қолган эди.

Шундан келиб чиққан ҳолда Адлия вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги конвенцияга қўшилиши тўғрисида (Кишинёв, 2002 йил 7 октябрь)”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси жорий йилнинг 26 августида қабул қилинди.

         Кишинёв конвенциясига қўшилиш Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг ваколатли органлари томонидан бевосита муносабатини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини яратди.

         Бироқ Кишинёв конвенциясига қўшилиш Россия Федерацияси мазкур Конвенциянинг иштирокчиси бўлмаганлиги сабабли Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасида ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича ҳудудий ва бошқа органлар орқали ўзаро алоқаларни амалга ошириш имкониятини ярата олмади.

         Маълумот учун: Минск конвенцияси доирасида Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органлари томонидан кўриб чиқилаётган сўровларнинг мутлоқ кўпчилиги (жами сўровларнинг 77 фоизи) Россия Федерациясидан келиб тушади.

         Буни инобатга олган ҳолда 1993 йил 22 январдаги “Фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Конвенцияга доир Баённомани (Москва, 1997 йил 28 март) Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинди.

         Мазкур баённоманинг ратификация қилиниши фуқаролик ҳолати далолатномаларини расмийлаштириш, таълим, меҳнат стажи ва шу каби бошқа маълумотларни ўзаро алмашишга, шунингдек фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий муносабатларни амалга оширишнинг янада осонлашувига ҳамда фуқаролар учун қўшимча қулайликларнинг яратилишига хизмат қилади.