Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 15.08.2020



18:08:34 (GMT +5), Шб, 15 авг 2020

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида ёқилғи маҳсулотлари учун акциз солиғини ошириш назарда тутилганми?

Аҳамият беринг

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида ёқилғи маҳсулотлари учун акциз солиғини ошириш назарда тутилганми?

2020 йилнинг 4 январь куни Адлия вазирлиги томонидан “Тараққиёт стратегияси” марказида 2019 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни ва у билан тасдиқланган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси бўйича матбуот анжумани ташкил этилди.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

2020 йилнинг 4 январь куни Адлия вазирлиги томонидан “Тараққиёт стратегияси” марказида 2019 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни ва у билан тасдиқланган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси бўйича матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманида Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев ва қўмитанинг бошқа вакиллари иштирок этди.      Мубин Мирзаевнинг маълум қилишича, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси устида бир ярим йилдан ортиқ вақт давомида иш олиб борилган.

Кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнига нафақат миллий экспертлар, балки хорижий мутахассислар ҳам жалб этилган. Хусусан, ҳужжат лойиҳасини яратишда Халқаро валюта фонди ва Жаҳон банки экспертларининг таклиф-тавсиялари инобатга олинган.

Бундан ташқари М.Мирзаев солиқ қонунчилиги соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳамда Солиқ кодексини ишлаб чиқиш жараёни ҳақида ҳам батафсил маълумот бериб ўтди.

Қайд этилганидек, 2019 йилда юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизга туширилди. Шунга қарамасдан мазкур солиқ тури бўйича тушумлар 2018 йилга қараганда икки баробарга ортди. Бу солиқ юкининг камайтирилиши сабабли тадбиркорларнинг ўз даромадларини яширмасдан молиявий операцияларни қонуний амалга ошираётганларидан далолат беради.

М.Мирзаев янги таҳрирдаги Солиқ кодексида солиқ ставкалари аниқ-равшан қилиб белгилангани, эндиликда солиқ ставкаларига фақатгина Қонун билан ўзгартириш киритиш мумкинлигига алоҳида эътибор қаратди.

Қўшимча қиймат солиғи ставкасининг камайтирилганлигига қарамасдан бу бўйича солиқ тушумларининг ўсишига эришилганлиги таъкидланди.

Тадбирда иштирок этган ОАВ вакиллари соҳа мутахассисларига ушбу қонун ҳужжатлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишди.

Хусусан, иштирокчилардан бири янги таҳрирдаги Солиқ кодексида белгиланган акциз солиғи ставкаси ёқилғи маҳсулотлари (бензин ва бошқа шу каби маҳсулотлар) нархининг ўсишига таъсир кўрсатишга сабаб бўлиш ёки бўлмаслиги бўйича савол билан мурожаат қилди.

Саволга жавобан мутахассислар Кодексда солиқ ставкалари миқдорини ошириш кўзда тутилмаганлиги, бензин ва бошқа ёқилғи маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2019 йил 15 августдан бошлаб ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси миқдори деярли икки баробарга камайтирилганлигини айтиб ўтишди.

Бундан мақсад солиқ ставкаларини ошириш билан эмас, балки биринчи навбатда нархларнинг барқарорлигини сақлаш ва ишлаб чиқаришнинг рақобатбардошлигини таъминлаш орқали солиқ солинадиган базани кенгайтириш эканлиги таъкидланди.

Шунингдек, концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар учун махсус солиқ режимлари бекор қилинаётганлиги ҳам тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексига биноан концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар учун махсус солиқ режими уларга жисмоний шахслардан даромад солиғини тўлашни киритган ҳолда бекор қилинмоқда.

Концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун эса айланмадан солиқ (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд. сўмдан кам бўлганда) ёки умумбелгиланган тартибда тўланадиган солиқлар (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд сўмдан ошганда) киритилади.

Шу билан бирга, ушбу фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун олинадиган давлат божининг миқдори деярли 4 бараварга камайтирилди.

Анжуман қатнашчилари мазкур ҳолатда концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларнинг даромадлари қандай ҳисоб-китоб қилиниши юзасидан савол билан мурожаат этдилар.

Мутахассислар бундай ҳолатда улар ўзларининг даромадлари тўғрисида декларация тўлдиришларини маълум қилдилар. Солиқ органлари томонидан эса бу бўйича мониторинг олиб борилади.