Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 05.06.2020



23:17:49 (GMT +5), Шб, 6 июн 2020

Ўзбекистонда Нотариал палата ташкил этилди

Аҳамият беринг

Ўзбекистонда Нотариал палата ташкил этилди

Жорий йилнинг 28 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг таъсис Конференцияси ўтказилди. Мазкур таъсис Конференцияда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатувчи давлат нотариал идоралари нотариуслари томонидан 177 нафар сайланган делегатлар иштирок этдилар.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Жорий йилнинг 28 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг таъсис Конференцияси ўтказилди. Мазкур таъсис Конференцияда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатувчи давлат нотариал идоралари нотариуслари томонидан 177 нафар сайланган делегатлар иштирок этдилар.

Мазкур Конференция қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси ташкил этилди ҳамда Нотариал палатанинг Устави тасдиқланди.

Шу билан биргаликда, Ушбу конференцияда Нотариал палатага кириш ва аъзолик бадали миқдорини тасдиқлаш, нотариусларнинг касб этика қоидаларини тасдиқлаш, Нотариал палатанинг Бошқаруви аъзоларини, Тафтиш комиссияси ҳамда Нотариал палата раисини сайлаш масалари ҳам кун тартибига қўйилди.

Шунга кўра, делегатлар томонидан бир овоз билан 14 нафардан иборат бўлган Бошқарув аъзолари ва Тафтиш комиссияси сайланди. Шунингдек, палата раиси лавозимига шу кунга қадар Самарқанд шаҳар 8-сон давлат нотариал идорасида нотариус лавозимида ишлаб келган Ашуров Дилшод Рустамович раис этиб сайланди.

Мазкур таъсис Конференциясида бир овоздан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг Уставига мувофиқ, қуйидагилар Нотариал палатанинг вазифалари этиб белгиланди:

- хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ҳамда қонун ҳужжатларининг бир хилда қўлланилишини таъминлашга доир таклифлар ишлаб чиқиш;

- низоларнинг олдини олувчи институт сифатида нотариат ролини мустаҳкамлаш, нотариуслик касби нуфузини ошириш, шунингдек, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг касбий тайёргарлиги ва малакаси оширилишини ҳамда уларнинг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурталанишини ташкил этиш;

- ягона нотариал амалиётни таъминлаш чораларини кўриш, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларни тўплаш ва ўрганиш, ижобий иш тажрибасини оммалаштириш ҳамда уларга услубий ёрдам кўрсатиш;

- тавсиявий характерга эга бўлган нотариал ҳаракатлар бўйича услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш;

- аҳолининг ҳуқуқий билимлари ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга ошириш;

- давлат органлари, бошқа ташкилотлар билан муносабатларда, судда ва бошқа ҳолларда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;

- хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан қонун ҳужжатларига, касб этикаси қоидалари ва касб мажбуриятларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, хизмат текширувлари ўтказиш ҳамда уларнинг касбига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссияларига таклиф киритиш;

- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан нотариал фаолият масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш;

- нотариуслик фаолияти масалалари бўйича (халқаро) илмий-амалий конференциялар, симпозиумлар, семинарлар ва бошқа тадбирлар ташкил қилиш ва ўтказиш;

- матбаа ва ноширлик фаолиятини йўлга қўйиш (лицензия асосида).

Нотариал палата қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Маълумот ўрнида билдириладики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 9 сентябрдаги Фармони билан 2020 йил 1 январдан хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини йўлга қўйиш вазифаси белгиланган бўлиб, шу билан биргаликда, Адлия вазирлигининг барча нотариал идоралар нотариусларининг аъзолигига асосланган Ўзбекистон Нотариал палатасини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқулланган. Мазкур Фармонга асосан Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасига нотариал идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш, ягона амалиётни таъминлаш чораларини кўриш, нотариуслар томонидан қонун ҳужжатларига, касб этикаси қоидаларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш каби ваколатларни бериш назарда тутилган.