Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 24.01.2020



02:04:18 (GMT +5), Дш, 27 янв 2020

Адлия вазири: ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганидан кейин унга ўзгартириш киритишга 1 ёки 2 йил мароторий эълон қилиш мақсадга мувофиқ

Аҳамият беринг

Адлия вазири: ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганидан кейин унга ўзгартириш киритишга 1 ёки 2 йил мароторий эълон қилиш мақсадга мувофиқ

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов жорий йилнинг 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлисида қонун ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берди.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов жорий йилнинг 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлисида қонун ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берди.

Дастлаб, адлия вазири Р. Давлетов вазирликнинг жадал ислоҳотларни амалга оширилишида қўшиб келинаётган ҳиссасига алоҳида тўхталиб ўтди.

Жумладан, вазирлик томонидан 2013–2017 йилларда, яъни 5 йилда 500 та қонунчилик ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилган бўлса, охирги 2 йилнинг ўзида бу кўрсаткич қарийб 500 тани ташкил этганлигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек вазир ўз ахборотида қонун ҳужжатларининг сифати, уларнинг барқарорлиги, яъни тез-тез ўзгармаслиги ва ушбу ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини таъминлашга ҳам эътибор қаратди.

Адлия вазири барқарорлик бўйича ҳам бир қанча масалалар борлигини, чунки уларга тез-тез ва кўп ўзгартиришлар киритиш кузатилаётганлигини айтди. Айрим ҳолларда мазкур ҳолатнинг қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, кучга киргунига қадар бу юз бераётганлигига урғу берди.

Шунга кўра, адлия вазири ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганидан кейин унга ўзгартириш киритишга 1 ёки 2 йил мароторий эълон қилишни таклиф қилди.

Вазир ўз сўзида бугунги кунда қабул қилинаётган қонун хужжатларининг 90 фоизи қонуности ҳужжатлари бўлиб, қонунларнинг салмоғи жуда кам бўлиб қолаётганлигига ҳам эътибор қаратди.

Жамиятнинг иродаси ёки виждони қонунларда акс этиши, шунинг учун айнан тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилиш амалиётининг кучайтириш йўлида алоҳида иш олиб борилиётганлиги ҳақида ҳам тўхталди.

Умуман, ялпи мажлисда Адлия вазирлиги томонидан қонун ижодкорлигини қатъий равишда тартибга келтириш бўйича ишларни жадаллаштириш мақсадида жорий йилнинг ўзида 400 дан ортиқ идоравий ҳужжатлар бекор қилиниши таъминланганлиги, яъни уларнинг 11 фоизга қисқартирилганлиги таъкидланди.

Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан қонунчиликни тизимлаштириш мақсадида “тартибга солиш гильотинаси” усулини қўллаш режалаштирилганлиги, бунда 2 мингдан ортиқ ҳуқуқий ҳужжатларни ўз кучини йўқотиш тўғрисидаги лойиҳалар ишлаб чиқилгани айтиб ўтилди.

 

Ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш соҳасида

 

Бундан ташқари адлия вазири Р.Давлетов ўз ахборотида вазирлик томонидан давлат органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш масаласига ҳам эътибор қаратди.

Қайд этилишича, ушбу йўналиш бўйича 2019 йил давомида вазирлик томонидан 29 та соҳада ўрганиш амалга оширилди. Унинг натижасига кўра 23 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилди (шундан 16 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди).

Шу билан бирга, ҳуқуқни қўллаш соҳасида ўтказилган ўрганишларда аниқланган қонунбузилишлар бўйича адлия органлари томонидан 4,5 мингга яқин тақдимнома, 1,5 мингдан ортиқ маъмурий ва 30 га яқин жиноий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритилди.

Киритилган таъсир чоралар натижасида мингдан ортиқ ноқонуний ҳужжатлар бекор қилинди, 3 мингга яқин мансабдор шахслар интизомий, 1,5 мингга яқини эса маъмурий жавобгарликка тортилди.

Вазир ўз маърузасида 2019 йилда қонунчилик ижроси масаласида дуч келинган мавжуд муаммолар тўғрисида ҳам гапирди.

Хусуан, энг катта муаммо сифатида “снослар” масаласи бўлганлигини айтиб ўтди.

Алоҳида таъкидлаб ўтилдики, Адлия вазирлиги йилнинг бошида бу борада алоҳида акция ўтказган ҳамда жорий йилнинг 2 ойи (май-июнь) давомида жами 2,5 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Шунингдек, вазирлик томонидан 6,5 млрд. сўмдан ортиқ пуллик компенсация қопланишини сўраб 236 та тақдимнома, судларга 30,3 млрд. сўмлик 360 та даъво аризаси ҳамда қонун бузилишларнинг олдини олиш мақсадида 100 та огоҳнома киритилган. Қўлланилган таъсир чоралари натижасида 52 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган.

Бундай ҳолатларнинг содир бўлаётганлиги адлия вазири Русланбек Давлетов томонидан қуйидагича изоҳланди: “Мазкур ҳолатлар Ўзбекистоннинг халқаро имиджи ва инвестицион муҳитига жиддий зарба беради, кимнидир 1 сўм қийматдаги мулки олинса, мамлакат учун бу 1 миллион сўмга тушади”.

Эндиликда ерни олиб қўйиш тўғрисидаги қарор – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки Халқ депутатлари Кенгашлари томонидан қабул қилиниши, бузилиши назарда тутилган мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказиш, мулкдорлар билан компенсация масаласи бўйича ёзма Келишув тузиш ва нотариусда тасдиқлаш каби янги механизмлар жорий этилди (911-сон, 16.11.2019 й.).

Ушбу муаммолар Ўзбекистон учун энди тарихга айланиши, ва бу борадаги муносабатлар янги саҳифадан бошланиши кераклигини айтди.

Бундан ташқари, тақдим этилган ахборотда катта чақириқ сифатида хусусийлаштирилган мулкларни давлат мулки сифатида тиклаш ҳаракатлари бу йил авж олгани ҳам келтирилди.

Жумладан, “судларга хусусийлаштириш натижаларини бекор қилиш ҳақида давлат органлари томонидан юзлаб даъво аризалари киритила бошлади.

Аксарият ҳолларда 20-25 йил олдин хусусийлаштирилган мулклар, дастлабки мулкдорлардан кейин бошқа шахсларга

5-6 марта қайта сотилган объектлар бўйича ҳам шундай ҳолатлар юз берди.

Шу ўринда бир рақамларга эътиборингизни қаратмоқчиман. Бугунги кунда бир қатор халқаро индексларда:

– Ўзбекистон инвестицион эркинлик мезони бўйича

100 баллдан 10, мулк ҳуқуқи кафолати мезони бўйича 100 баллдан 34,3 балл олиб жами 180 та мамлакатдан 140 ўринни;

– “Қонун устуворлиги” индексида 126 та мамлакатдан

94 ўринни;

– “Давлат бошқаруви сифати” индексининг қонун устуворлиги мезони бўйича 212 та давлат ичида 182 ўринни эгаллаган.

Юқоридаги ҳолатларнинг содир бўлаётгани Ўзбекистоннинг халқаро имиджи ва инвестицион муҳитига жиддий зарба беради, кимнидир 1 сўм қийматдаги мулки олинса, мамлакат учун бу 1 миллион сўмга тушади. Оқибатлари шундай.

Шунинг учун, мулк ҳуқуқининг ҳимояси Адлия вазирлигининг бугунги кундаги энг устувор вазифаси ҳисобланади”, дейди вазир.

 

Ерларни ажратишдаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳақида

Маълумотларга қараганда, 2018 йилда ер участкалари онлайн-аукцион орқали тадбиркорларга реализация қилиш механизми жорий этилган эди. Шундай бўлсада, бизнинг ўрганишларимиз натижасида 527 та, якка тартибда уй-жой қуриш учун 507 та ҳолатда ер участкалари ҳокимликлар томонидан электрон аукционсиз бериб юборилган.

Энг ачинарлиси, бунинг оқибатида 335 гектар ер майдонлари ноқонуний ажратиб берилган ва натижада энг камтарона ҳисоб-китобларга кўра маҳаллий бюджетларга 20 млрд. 400 млн. сўмдан кўпроқ зарар етказилган.

Аукционда ютиб олинган ер майдонларини ажратиш ҳам кўп ҳолларда пайсалга солинган. Қонунчиликда белгиланган уч иш куни ўрнига 462 та ҳолатда қарорлар 2 ойдан 6 ойгача бўлган муддатга кечиктирилиб қабул қилинган.

Қайд этилиши, бундай ҳолатлар коррупцияга йўл очиб бериш билан бирга, фуқароларнинг давлат органларига нисбатан ишончи сусайишига сабаб бўлиб келган.

Шу сабабли, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан барча ҳолатларда ер участкаларини аукционга чиқариш мажбурий қилиб белгиланди ҳамда ҳокимларнинг ер ажратиш ваколатини қисқартириш бўйича қарорлари қабул қилинди.

Коммунал соҳадаги қонунчиликни қўллаш амалиёти

Таъкидланишича, ушбу йўналишда ҳам мураккабликлар мавжуд. Масалан, Ҳукумат қарори билан Юнусобод тумани уй-жойларни бошқариш юзасидан эксперимент ўтказилиши белгиланган эди. Ушбу эксперимент доирасида эса кўплаб камчиликларга йўл қўйилди, Жумладан, турар-жойлар мулкдорларининг ишончли вакиллари танлов жараёнига жалб этилмаган, шунингдек туман ҳокими қарори билан танловда қатнашмаган бошқарув компанияларига уй-жой фонди бошқарувга бериб юборилган.

Сенаторлар томонидан тингланган Ахборотда давлатнинг ҳимоясига муҳтож бўлган ижтимоий соҳа ходимларининг иш ҳақи маблағларидан ноқонуний ушлаб қолиш бўйича ўрганиш ишлари натижаси юзасидан ҳам маълумот берилди.

Хусусан, адлия органлари томонидан ўтказилган ўрганишларда иш берувчилар томонидан 345 мингдан ортиқ ҳолатда ходимларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланди. Уларнинг деярли ярми Фарғона водийсидаги вилоятлар ҳиссасига (Андижонда – 72 250 та, Наманганда – 50 198 та, Фарғонада – 49 897 та) тўғри келди.

Ўрганишларда 237 мингдан ортиқ ҳолатда ходимларнинг иш ҳақидан уларнинг розилигисиз коммунал хизматлар учун ушлаб қолинган, 38 мингга яқин ҳолатда ходим касаллиги, таътилдалиги, хизмат сафаридалиги сабабли ишда бўлмасада пул маблағи ушлаб қолинган.

Ўрганиш якунлари бўйича тегишли ташкилот ва идораларга 400 га яқин тақдимнома киритилган бўлса, айрим мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 277 та, жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан 2 та таклиф ваколатли органларга киритилди, шунингдек судларга 8 та даъво аризаси тақдим этилди.

Юқоридагиларга кўра, ходимларнинг иш ҳақларидан ушлаб қолиш учун асос бўлган ихтиёрий иш ҳақидан ушлаб қолишни кўзда тутувчи низом (2019 йил 7 октябрь) бекор қилингани айтилди.

Мажлис давомида юқори палата аъзолари Адлия вазирининг Ахбороти юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишди. Муҳокама марказида бўлган масалалар қаторида медиация институти ҳам бор эди. Вазирнинг сўзларига кўра медиация бугунги кунда ривожлантирилиши керак бўлган соҳа. “Бугунги кунда судларда жуда катта иш юкламаси мавжуд бўлиб, бир ойда битта фуқаролик судьяси ҳозир камида 120 та иш кўриб чиқяпти. Бу ҳаддан зиёд рақам. Иқтисод суди судьялари ҳам худди шундай – 110 тадан кам бўлмаган ишларни кўриб чиқяпти. Судларнинг иш ҳажмини камайтиришнинг энг яхши ва мақбул йўлларидан бири бу – медиация институтидир” – дея таъкидлади. 

Бу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.