Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 29.10.2020



13:15:42 (GMT +5), Пш, 29 окт 2020

Адлия вазирлиги таҳлили: турар-жой ижараси соҳасида қандай камчилик ва муаммолар аниқланди?

Аҳамият беринг

Адлия вазирлиги таҳлили: турар-жой ижараси соҳасида қандай камчилик ва муаммолар аниқланди?

Аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, шунингдек барча ҳудудларда аҳолини уй-жой билан таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ижроси доирасида турар-жойни ижарага бериш механизмларини тегишли равишда ишлаб чиқиш масаласи долзарб бўлиб қолмоқда.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими


         Аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, шунингдек барча ҳудудларда аҳолини уй-жой билан таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ижроси доирасида турар-жойни ижарага бериш механизмларини тегишли равишда ишлаб чиқиш масаласи долзарб бўлиб қолмоқда. Ижара маълум бир шароитларда, одатда, уй-жой масаласини ҳал этишнинг ягона муқобили ҳисобланиши ижара соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш муҳимлигидан далолат беради.

         Юклатилган янги вазифаларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан турар-жой ижараси соҳасидаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили ўтказилди. Ўтказилган таҳлил натижалари ушбу соҳада қатор камчилик ва муаммолар мавжудлигини кўрсатди.

         Биринчидан, турар-жой ижарасининг турли жиҳатларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базаси мавжудлигига қарамай, қонунчиликда ижарачи ҳуқуқларининг тўлақонли кафолатлари мавжуд эмас. Бу эса ижарага берувчилар томонидан ижарачиларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини камситиш, ижара бозорининг жозибадорлиги ва даромадлилигини тушириш учун шароит яратади. 

         Иккинчидан, Ўзбекистонда турар-жой ижараси соҳасининг сезиларли камчилиги ижарага олинаётган турар-жойнинг ягона стандартлари ва мувофиқликни назорат қилиш механизми йўқ. Хусусан, қонунчиликда ва амалиётда ижарага олинаётган турар-жойга нисбатан бир хил мезонлар қўлланилмайди, бу эса тегишли ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ва ижарачилар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш имконини бермаяпти. 

         Мазкур муаммо бўйича хорижий тажрибани ўрганиш шуни кўрсатдики, ижарачилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ўзини ўзи назорат қилувчи ихтисослашган ташкилотларни ташкил қилиш унинг ечими сифатида кўрилмоқда. Улар белгиланган меъёрлар ижросини таъминлайди, ижарачиларга малакали юридик ёрдам кўрсатади, судда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади ва улар учун турар-жой шароитларини яхшилашга хизмат қилади.

         Бундай ташкилотлар Германияда (Ижарачилар уюшмаси), Швецияда (Ижарачилар ассоциацияси), Канадада (Турар-жой эгалари ва ижарачилар кенгаши), Буюк Британияда (Уй эгалари ассоциацияси, Турар-жой ижараси бўйича агентлар ассоциацияси) ва бошқа давлатларда ҳам мавжуд. Кўриб чиқилаётган механизм ижарага берувчилар билан ўзаро муносабатларда ижарачилар ҳуқуқларининг давлат кафолатларини амалга оширишда таъсирчан восита саналади.

         Учинчидан, турар-жой ижараси соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини таҳлил қилиш асносида давлат турар-жой фондида объектлар ва ижара операциялари тўлақонли тизимли ҳисобга олинмаслиги аниқланди. Жумладан, ваколатли давлат органлари томонидан давлат уйларини ижарага бериш, шунингдек унинг рентабеллигига доир ҳисобот ва статистик маълумотларни марказлашган тартибда йиғиб бориш амалга оширилмайди. Бу давлат органлари фаолияти очиқлигига салбий таъсир кўрсатиб, соҳада коррупциоген омиллар юзага келишига туртки бўлувчи шароитлар мавжудлигига ишора қилади.

         Шунингдек, турар-жой ижарасидан келиб тушган бюджет тушумларини ҳисоб-китоб қилиш ижара бозори иштирокчилари учун қандайдир рағбатлантирувчи чора-тадбирлар мавжуд эмаслигини аниқлаш имконини берди, бу эса соҳада яширин секторнинг ортишига олиб келмоқда. Амалий ўрганиш натижалари кўрсатганидек, ижарага берувчилар шартнома тузаётганда даромад солиғи суммасини пасайтириш учун бир неча бор камайтирилган суммани қайд этади ва бу давлат бюджетига келиб тушаётган молиявий тушумлар миқдорига салбий таъсир кўрсатмоқда. 

         Қонунчиликнинг батафсил таҳлили турар-жой ижарасининг айрим шакллари турар-жой қонунчилиги билан тартибга солинмаганини кўрсатди, бу эса, ўз навбатида, соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиётига салбий таъсир кўрсатиб, турар-жой ижараси бозори салоҳиятини сезиларли равишда пасайтиради. Бундан ташқари, “Ижара тўғрисида”ги қонун билан турар-жойни кунлик ижарага олиш, кўчиш шартномалари тузилаётганда ижарачи ва ижарага берувчининг тўлақонли ҳуқуқий мақоми, бундай турдаги шартномаларни сифатли бажариш кафолатлари белгиланмаган бўлиб, бу ечимини кутаётган маълум бир муаммолар борлигига ишора қилмоқда. 

         Илғор хориж тажрибасини ҳамда ўтказилган таҳлил натижаларини инобатга олган ҳолда Адлия вазирлиги томонидан турар-жой ижараси соҳасидаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, ижарачилар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ва ижара бозорини ривожлантириш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.