Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 29.01.2020



18:40:47 (GMT +5), Чр, 29 янв 2020

Адлия вазирлигида “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони илк марта соҳибларига топширилди

Аҳамият беринг

Адлия вазирлигида “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони илк марта соҳибларига топширилди

Бугун, 5 декабрь куни Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Адлия вазирлиги ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари, жамоатчилик фаоллари иштирок этди.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

         Бугун, 5 декабрь куни Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Адлия вазирлиги ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари, жамоатчилик фаоллари иштирок этди.

         Адлия вазири Русланбек Давлетов йиғилганларни кириб келаётган буюк байрам — Конституциямиз қабул қилинганлигининг 27 йиллиги билан қутлади ва Асосий Қонунимиз нафақат давлатнинг сиёсий ва ижтимоий тузилишини, балки бутун жамиятдаги мавжуд муносабатларнинг ҳуқуқий асоси эканлигини таъкидлаб ўтди.

Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини олий қадрият сифатида эълон қилган Конституциямиз бугунги кунда Ҳаракатлар стратегияси доирасида Республикамизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг ишончли пойдевори эканлиги таъкидланди.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вазирлик ташаббуси билан 186 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан 38 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг 1 907 та қонун ҳужжатлари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.

Бундан ташқари, Адлия вазирлиги ташаббуси билан бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Очиқ адлия” (“Open Justice”) ижтимоий дастури ишлаб чиқилди. Адлия органлари фаолияти шаффофлигини таъминлаш мақсадида адлия органлари биноларида аудио-видео ёзиш мосламаларидан фойдаланишга рухсат этилганлиги фуқароларимиз томонидан ижобий қарши олинди. Адлия органларида коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан ноль даражадаги тоқатсизлик эълон қилинди ва бу бўйича идоравий дастур қабул қилинди. Адлия органлари ва муассасаларини 2030 йилгача ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини белгилаб олиш бўйича қонун ҳужжати лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Жорий йилнинг баҳорида илк бора “Tashkent Law Spring” халқаро юридик форуми ташкил этилди. Форум нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда катта қизиқишга сабаб бўлди. Яқиндагина “English Law Day in Tashkent” (“Тошкентда инглиз ҳуқуқи”) халқаро конференцияси бўлиб ўтди.

Аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида “Advice.uz” (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот портали ишга туширилгани ва портал орқали фуқароларга oнлайн режимда бепул ҳуқуқий маслаҳат олишлари учун имконият яратилгани йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлди. Аҳолига бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатишни йўлга қўйиш учун “Мадад” – нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этилди.

“Адлия – тадбиркорга дўст” лойиҳасини ўтказиш давомида эса тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатиш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича илғор хориж тажрибасини амалиётга жорий этиш, уларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида мастер-класслар, сайёр қабуллар, учрашувлар ташкил этилди.

Адлия вазирлигининг “Биз биргамиз” ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш, уларга меҳр-эътибор кўрсатишга қаратилган яна бир ижтимоий лойиҳаси аҳоли ўртасида ижобий қарши олинди. Бу йўналишдаги ишлар ҳозирги кунда ҳам давом эттирилмоқда.

Таъкидланганидек, инсонлар бугунги ислоҳотлар самарасини амалда сезишлари ва қонунлар уларга халақит эмас, ёрдам беришини англашлари лозим. Барча соҳаларда қонунийликнинг таъминланиши эса фуқароларимиз турмуш даражасининг ошиши, давлатда тинчлик ва барқарорлик таъминланишининг муҳим омили ҳисобланади. Жамиятда ҳар бир шахснинг қонун олдида тенглиги ва қонун устуворлиги тамойилларига риоя қилинишининг таъминланиши эса ислоҳотлар самарасининг кафолатидир. Шу сабабли ҳар бир адлия органи ходими “фуқаролар адлия органлари фаолиятидан рози бўлиши керак” деган тамойилга қатъий амал қилиб, халққа янада яқин бўлишга интилмоқда.

Тадбирда Президент Фармони билан таъсис этилган “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони илк марта ўз соҳибларига топширилди. Ушбу нуфузли мукофот билан аҳоли орасида ҳуқуқий маданияни кенг тарғиб қилишда жонбозлик кўрсатиб келаётган турли касб эгалари ва жамоатчилик фаоллари тақдирландилар.

Бундан ташқари, бир гуруҳ адлия ходимлари самарали меҳнати, ҳуқуқ ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда қўшаётган ҳиссаси учун адлия вазири буйруғи билан таъсис этилган “Адлия аълочиси” кўкрак нишони ҳамда Фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.