Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 16.12.2019



15:19:38 (GMT +5), Дш, 16 дек 2019

Марказий Осиёда савдо, қонун устуворлиги ва иқтисодий ўсиш соҳасида Европа Иттифоқи томонидан учта йирик дастурлар тақдимоти бўлиб ўтди

Аҳамият беринг

Марказий Осиёда савдо, қонун устуворлиги ва иқтисодий ўсиш соҳасида Европа Иттифоқи томонидан учта йирик дастурлар тақдимоти бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 27-29 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари А. Ташкулов бошчилигидаги делегация Қозоғистон Республикасига ташриф буюрди.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Жорий йилнинг 27-29 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари А. Ташкулов бошчилигидаги делегация Қозоғистон Республикасига ташриф буюрди.

Ташрифнинг мақсади – Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги Стратегияси доирасида минтақанинг савдо-иқтисодий салоҳиятини ошириш, доимий барқарорликка эришиш, шунингдек жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган халқаро конференцияда қатнашишдир.

Тадбир давомида Европа Иттифоқи билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар, уларни амалга ошириш механизмлари ва шартлари, шунингдек, минтақадаги давлатлар ўртасида истиқболдаги режалар муҳокама этилди.

Адлия вазири ўринбосари А. Ташкулов мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш, жумладан адвокатуранинг ролини ошириш ва аҳолига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан конференция иштирокчиларини таништирди.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида вазирлик тизимида кадрлар салоҳиятини ошириш, фаолиятнинг очиқлигини таъминлаш, нотариатни ислоҳ қилиш ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида эришилган ижобий натижалар иштирокчиларда ижобий таассурот қолдирди.

Шунингдек, тадбир жараёнида Марказий Осиёнинг интеграллашуви йўлида амалга оширилиши кўзда тутилган 3 та асосий лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтди.

Хусусан, “Марказий Осиё Инвест” лойиҳасининг янги фазаси доирасида кичик бизнесни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш ва уларни тўғри йўналтириш масалалари кўзда тутилмоқда.

“Марказий Осиёда халқаро савдони илгари суриш” лойиҳаси (қиймати 15 млн. евро) доирасида эса минтақа давлатлари ўртасида маҳсулотлар айланмаси ҳажмини янада ошириш ва истеъмолчиларни сифатли маҳсулотлар билан таъминлашга эришиш режалаштирилмоқда.

“Марказий Осиёда ҳуқуқ устуворлигини ривожлантириш” лойиҳаси (умумий қиймати 8 млн. евро) доирасида коррупцияга қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, шунингдек, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш назарда тутилмоқда.

Конференция давомида Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги Стратегиясининг ҳуқуқ устуворлиги дастури доирасида Ўзбекистонда бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, 2030 йилгача Адлия органларини ривожлантириш концепцияси бўйича ҳамкорликка оид музокаралар ўтказилди.

Тадбир якунида Европа Иттифоқи вакиллари делегация аъзоларига ўз миннатдорчиликларини изҳор этиб, эълон қилинган янги лойиҳаларда иштирок этишга ва келгусида минтақада ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга умид боғлашини билдирдилар.