Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 16.12.2019



15:14:57 (GMT +5), Дш, 16 дек 2019

Ҳуқуқий мониторингни амалга оширишда Россия тажрибаси ўрганилди

Аҳамият беринг

Ҳуқуқий мониторингни амалга оширишда Россия тажрибаси ўрганилди

Жорий йилнинг 28 ноябрь куни Адлия вазирлигида ҳуқуқий мониторингни амалга ошириш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Россия Федерацияси адлия вазирининг маслаҳатчиси Ю.В.Зудов иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

         Жорий йилнинг 28 ноябрь куни Адлия вазирлигида ҳуқуқий мониторингни амалга ошириш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Россия Федерацияси адлия вазирининг маслаҳатчиси Ю.В.Зудов иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

         Мазкур тадбирда Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида барча соҳаларда, шу жумладан, икки тараф адлия вазирликлари ўртасида ҳамкорлик бўйича катта тажриба тўпланганлиги, 2004 йилда тузилган Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Келишув мазкур муносабатларга асос бўлиб хизмат қилаётганлиги алоҳида таъкидланди.

         Тадбирда ўтказилаётган ислоҳотлар сабабли қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сони сезиларли даражада ўсганлиги, мисол учун, 1991-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари миллий базасига 60 мингдан ортиқ қонун ҳужжатлари жойлаштирилган бўлса, сўнгги уч йилнинг ўзида ушбу базага 13 мингдан ортиқ қонун ҳужжатлари жойлаштирилганлиги, бу мустақиллик йилларида қабул қилинган қонун ҳужжатлари жами сонининг 22 фоизини ташкил қилиши таъкидлаб ўтилди.

         Шунингдек, қабул қилинган қонун ҳужжатларининг самарадорлиги уларнинг сони билан эмас, балки уларнинг тўлиқ ижроси таъминланиши билан баҳоланиши айтиб ўтилди.

         Ҳуқуқий мониторинг қонун ҳужжатларининг бир хилда ижро этилишини таъминлашнинг муҳим воситаларидан бири эканлигини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 ноябрдаги “Ҳуқуқий мониторингнинг замонавий механизмлари асосида қонун ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани тадбирда таъкидланди.

         Шу билан бирга, Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳуқуқий мониторингни амалга ошириш орқали ҳокимиятининг барча бўғинларида, шу жумладан, республика даражасидаги органларда ва уларнинг ҳудудий бўлинмаларида қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлаш вазифаси қўйилганлиги ҳақида маълумот берилди.

         Қайд этиб ўтиш жоизки, Россия Федерациясида қонун ҳужжатларини ҳуқуқий мониторинг қилиш тизимидан бир неча йиллардан бери фойдаланиб келинмоқда. Ю.В.Зудов давра суҳбатида мазкур йиллар давомида ҳуқуқий мониторингни амалга ошириш соҳасида тўпланган Россия тажрибаси, уни амалга ошириш механизмлари, ҳуқуқий мониторинг ўтказиш пайтида юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ва уларни ҳал этиш бўйича ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди, бу борада зарур тавсияларни берди.

         Тадбирда вазирликнинг Ҳуқуқий мониторинг бўлими ходимлари ва ҳудудий адлия органлари раҳбарлари иштирок этди. Семинар-тренинг иштирокчилари ҳуқуқий мониторингни амалга ошириш қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ижросини тўлиқ ва бир хилда таъминлаш мақсадида жорий этилганлигига асосий эътиборни қаратиб ўтдилар.

         Бундан ташқари, ҳуқуқий мониторингни амалга ошириш босқичлари тўғрисида алоҳида фикр юритилди ва мазкур соҳа бўйича бундан кейин ҳам доимий ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.