Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 16.12.2019



14:38:41 (GMT +5), Дш, 16 дек 2019

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги МДҲ Адлия вазирлари кенгаши йиғилишида илк бор тўлақонли аъзо сифатида иштирок этди

Аҳамият беринг

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги МДҲ Адлия вазирлари кенгаши йиғилишида илк бор тўлақонли аъзо сифатида иштирок этди

Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Минск шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Адлия вазирлари кенгашининг 14-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов илк бор тўлақонли аъзо сифатида иштирок этди.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Минск шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Адлия вазирлари кенгашининг 14-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов илк бор тўлақонли аъзо сифатида иштирок этди. Йиғилиш кун тартибидан аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш механизмлари, фуқароларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш, коррупцияга қарши курашда вазирликлар ролини ошириш каби масалалар ўрин олди. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Адлия вазирлари кенгаши раиси, Беларусь адлия вазири Олег Слижевский Ўзбекистон томони ўзини минтақадаги энг фаол мамлакат сифатида намоён этгани, Ўзбекистоннинг Кенгашга аъзо бўлгани уни ривожлантиришга янги суръат ва туртки бағишлашини қайд этиб ўтди.

Русланбек Давлетов Ўзбекистонда ҳуқуқ ва адлия соҳаларида амалга оширилаётган сўнгги ўзгариш ва ислоҳотлар хусусида сўзлаб берди. Вазир йиғилиш иштирокчиларига фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, аҳолига давлат хизматлари ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, коррупцияга қарши курашга қаратилган ишлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган хизматлар сони геометрик прогрессияда ортиб бораётгани қайд этилди. Ушбу марказлар орқали 2018 йил давомида 5 млн.дан ортиқ хизматлар кўрсатилган бўлса (2017 йилга қараганда 40 марта кўп), ушбу кўрсаткич 2019 йил бошида 10 млн.га етди.

Адлия вазири ўз сўзида таъкидлаганидек, Ўзбекистон бепул юридик ёрдамни ривожлантириш соҳасида муҳим қадам қўйди. Жорий йилнинг апрель ойида ишга туширилган “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали бунга мисолдир, унда ҳар ким онлайн тартибда бепул ҳуқуқий маслаҳат олиб, ҳуқуқ соҳасидаги турли саволларга жавоб олиши мумкин. Мазкур веб-ресурс аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда муҳим роль ўйнамоқда. Биргина олти ой давомида (жорий йилнинг май ойидан октябрь ойигача) “Аdvice.uz” (e-maslahat.uz) порталига 50 мингдан зиёд фойдаланувчи кирди, онлайн тартибида 11 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди.
Advice.uz” (e-maslahat.uz) порталини қўллаб-қувватлаш ва доимий такомиллаштириб бориш мақсадида ташкил этилган “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти мазкур ташаббуснинг мантиқий давоми бўлди. Унинг жойлардаги бўлинмалари аҳолининг кенг қатламига бепул ҳуқуқий маслаҳатларни тақдим этади.

Адлия вазирлигининг Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардаги роли, аввало, амалдаги қонунчиликда коррупция ҳолатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида бошқа қонун бузилишлари учун шароит яратиб берувчи “оқ доғлар”, қоида ва меъёрларни аниқлашдан иборат эканлиги алоҳида қайд этилди.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ Адлия вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупцияга шароит яратувчи қоида ва нормаларни аниқлаш мақсадида уларнинг таҳлилини амалга оширмоқда. Адлия вазири буйруғи билан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш методикаси тасдиқланиб, унинг асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш амалиётга тадбиқ этилди. Адлия вазирлиги коррупцияга қарши экспертиза ўтказишнинг институционал асосларини ишлаб чиқмоқда. Ушбу йўналишдаги ишлар доирасида тез орада вазирликда мазкур экспертизани ўтказиш бўйича махсус бўлим очиш режалаштирилмоқда.

         Тадбирда, шунингдек, Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон адлия вазирлари ҳам ўз мамлакатларининг юқорида қайд этилган йўналишлардаги тажрибаси, мавжуд муаммолар ва имкониятлар тўғрисида сўзлаб берди. Йиғилиш якунлари бўйича иштирокчилар Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Адлия вазирлари кенгашининг 15-йиғилишини 2020 йилнинг иккинчи ярим йиллигида Қирғизистонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Маълумот учун: Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Адлия вазирлари кенгаши Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарлари ва Ҳукумат раҳбарлари кенгашларининг органи ҳисобланиб, уларнинг ваколатига кирувчи функция ва вазифаларни бажаради, хусусан, адлия вазирликлари билан ҳамкорлик қилиш, МДҲга аъзо давлатлар қонунчилигини уйғунлаштириш, аъзо давлатларнинг ҳуқуқий сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш бўйича маълумот алмашади.