Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 30.04.2021



21:37:39 (GMT +5), Сш, 21 сен 2021

Қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашнинг янги тартиби жорий қилинди

Аҳамият беринг

Қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашнинг янги тартиби жорий қилинди

Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида 1991-2015 йилларда 60 мингта қонун ҳужжати жойлаштирилган бўлса, охирги 3 йилда 13 минг ҳужжат жойлаштирилган. 


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида 1991-2015 йилларда 60 мингта қонун ҳужжати жойлаштирилган бўлса, охирги 3 йилда 13 минг ҳужжат жойлаштирилган. 

Кейинги бир йил ичида эса фақат тадбиркорлик соҳасида 400 га яқин, инвестиция соҳасида эса 300 тадан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилинган. 

Бу ҳужжатлар мазмун-моҳиятида катта-катта мақсад ва ғоялар илгари сурилган, албатта. Аммо қабул қилинаётган барча қонун ҳужжатлари ижроси тўлиқ таъминланяптими? 

Бу саволга юз фоиз ижобий жавоб бериш мушкул. Чунки қоғозда қолиб кетаётган ҳужжатлар йўқ эмас. Ҳужжатлар тегишли идора ва ташкилотларга етиб боряпти-ю, ижрога келганда унга панжа орасидан қараш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ижро механизмидаги айрим кемтикликлар билан боғлиқ.

 Президентимизнинг 2019 йил 2 ноябрдаги “Ҳуқуқий мониторингнинг замонавий механизмлари асосида қонун ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шу йўналишда учраётган камчиликларга барҳам беришга қаратилган. 

Адлия вазирлигида мазкур қарорда белгиланган вазифалар бажарилишини таъминлаш билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирларни белгилаш бўйича йиғилиш ўтказилди. 

Адлия вазири Русланбек Давлетов Президентимиз қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ижроси юз фоиз таъминланиши бўйича талаб қўйганини таъкидлади.

Қайд этилганидек, мазкур қарор билан барча давлат бошқаруви органлари томонидан амалга ошириладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини ўтказиш тизими жорий этилди.

Эндиликда, жорий этилган янги тартиб бўйича ҳар бир идора ўзининг фаолиятига тааллуқли бўлган қонун ҳужжатларининг ижросини мониторинг қилади. Шунингдек, Адлия вазирлиги давлат бошқаруви органларининг ҳуқуқий мониторингни ўтказиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланди.

Бунда Адлия вазирлигига:

давлат бошқаруви органлари томонидан ўтказиладиган ҳуқуқий мониторингда иштирок этиш;

давлат бошқаруви органлари томонидан ҳуқуқий мониторинг ўтказилган қонун ҳужжатларини танлаб олиб, такрорий ҳуқуқий мониторинг ўтказиш;

ҳуқуқий мониторингни ўтказишдаги қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ҳуқуқлари берилди.

Тадбирда, кўпгина вазирлик ва идоралар ҳозирда қабул қилинаётган ҳужжатларнинг мазмун моҳиятини тушунмаётганлиги, бу эса уларнинг ижросини сифатсиз таъминланишига олиб келиши мумкинлиги ҳам айтилди. Қайд этилган қонун ҳужжатларининг ғояларини республика ташкилотлари ҳам тушунишлари кераклиги билдирилди. Шу сабабли, эндиликда жорий этилган янги тартиб бўйича ҳар бир идора ўзининг фаолиятига таалуқли бўлган қонун ҳужжатларининг ижросини мониторинг қилади. Бундан ташқари, ҳар бир давлат ташкилотининг ўз соҳаси бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ижроси қаттиқ назоратга олинади ва сарҳисоб қилинади.

Сўзга чиқувчиларнинг қайд этишича, ушбу институт қонун ҳужжатлари ижросини тўлиқ таъминлашга хизмат қилади. Шу тариқа қонун ҳужжатлари ижросининг ягона амалиёти жорий этилади. Бу ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоғозда қолиб кетмай тўлиқ ижро этилиши, амалда ислоҳотлар самарадорлиги таъминланишига замин яратади.

Йиғилиш давомида ҳуқуқий мониторингнинг асосий вазифалари, объектлари, уни ўтказиш босқичлари ҳақида тушунтириш берилди.