Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 16.12.2019



14:38:25 (GMT +5), Дш, 16 дек 2019

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартиби такомиллаштирилмоқда

Аҳамият беринг

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартиби такомиллаштирилмоқда

Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик ибалн алоқалар бўлими

Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 3 августдаги Ф-5491-сон фармойишига мувофиқ қабул қилинган.

Қарор билан амалга киритилаётган бир нечта янгиликларни келтириб ўтмоқчимиз. 

Ер участкаларини олиб қўйиш ва

компенсация беришнинг янги

тартиби жорий этилмоқда

Ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация беришнинг янги тартибига кўра эндиликда:

давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида ер участкаси ёки унинг бир қисмини олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига биноан амалга оширилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳокимликларнинг олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарори адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлгандагина қабул қилинади;

ер участкасини олиб қўйиш ташаббускори (ҳокимлик ёки инвестор) ҳамда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдори ўртасида тузиладиган компенсация бериш тўғрисидаги келишув мажбурий тарзда нотариал тасдиқланади.

 Маҳаллий давлат ҳокимияти органларида янги тузилма ташкил этилди

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида Ер участкалари олиб қўйилиши ва компенсация бериш ишларини мувофиқлаштириш шўъбаси ташкил этилди.

Шўъбага қуйидаги вазифалар юклатилди:

бузиладиган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш учун етарли ресурслар (маблағлар, ер участкаси ва бошқа мулк) мавжудлигини ўрганиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашига киритиш учун бўлажак қурилиш объектининг лойиҳа ҳужжатларини тақдимот материаллари шаклида тайёрлаш;

олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорлари билан очиқ муҳокамани ташкил этиш;

ер участкаси олиб қўйилиши ташаббускори ва кўчмас мулк объектлари мулкдорлари ўртасида тузилган, компенсация миқдори, тури ва бериш муддати назарда тутилган келишувлар ҳисобини юритиш;

компенсациялар ўз вақтида ва тўлиқ берилишининг доимий мониторингини олиб бориш;

ер участкалари олиб қўйилиши, компенсация берилиши, кўчмас мулк объектлари бузилиши, шунингдек, олиб қўйилган ер участкасида олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари ҳақида Вазирлар Маҳкамасига маълумотлар киритиб бориш.

Зарур ҳолларда туман (шаҳар) ҳокимликларида ер участкалари олиб қўйилиши ва компенсация бериш ишлари бўйича бош мутахассис лавозими киритилиши мумкин.

 

Шунингдек қарор билан Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қандай ҳолларда ер участкаси

давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун

олиб қўйилиши мумкин?

Мазкур Низомда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишга қандай мақсадларда йўл қўйилиши мумкинлиги аниқ қилиб белгиланди. Унга кўра эндиликда ушбу турдаги ер участкасини олиб қўйишга фақат қуйидаги мақсадларда йўл қўйилади:

мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни ташкил қилиш ва уларнинг фаолияти учун ерларни бериш;

халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;

фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш;

автомобил йўллари ва темир йўллар, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, туннеллар, энергетика тизими объектлари ва электр узатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш);

аҳоли пунктлари бош режаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига объектлар қуриш қисмида ижро этиш, шунингдек, қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳоллар.

 

Қандай ҳолларда ер участкаси

инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун

олиб қўйилиши мумкин?

Агар ушбу инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгиланган бўлса.

Хусусан, давлат дастурларида назарда тутилган, фуқароларнинг яшаш ва маиший шароитларини, шунингдек муайян ҳудудни ривожлантириш ва архитектура қиёфасини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуришни назарда тутувчи лойиҳалар.

 

Диққат! ТАҚИҚЛАНАДИ!

Қарорга мувофиқ ер участкаларини:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳокимликларнинг ер участкаларини ажратиб бериш тўғрисида аввал қабул қилинган қарорини бекор қилиш ёки унга ўзгартириш киритиш, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, ҳокимликлар ёки бошқа давлат органи томонидан маъмурий тартиб-таомилларга риоя этилмаганлиги сабабли бекор қилиш ёки унга ўзгартириш киритиш йўли билан;

ҳудудни ривожлантириш ва архитектура қиёфасини яхшилашга қаратилган инвестиция лойиҳалари бевосита мулкдор томонидан амалга оширилган тақдирда олиб қўйилишига йўл қўйилмайди.

Шунингдек мулкдорларга умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларини, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш мажбуриятини юклаш тақиқланади.

 

Компенсация турлари нималардан иборат?

Қарорда кўчмас мулк объектлари бузиб ташланиши муносабати билан бериладиган компенсация турлари этиб қуйидагилар белгиланган:

пул маблағлари;

бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб бериш;

ер участкаси;

компенсация бериш тўғрисидаги келишувда назарда тутилган компенсациянинг бошқа турлари.

 

Компенсация қандай манбалар ҳисобига қопланади?

Компенсация:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳокимликларнинг тегишли марказлаштирилган жамғарма маблағлари;

инвесторларнинг маблағлари (инвестиция лойиҳалари учун);

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

 

Компенсация берилгач...

Мулкдорларга келишилган компенсация берилганидан сўнг:

мулкдор томонидан кўчмас мулк бўшатиб берилади;

ҳокимликлар томонидан кўчмас мулкни бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор лойиҳаси адлия органларига хулоса олиш учун юборилади;

адлия органлари компенсация берилганлиги, уй-жойлар амалда тўлиқ бўшатилганлиги ва бошқа ҳолатларни ўрганади ва ўз хулосасини ҳокимликларга тақдим этади;

адлия органларининг хулосаси ижобий бўлган тақдирдагина кўчмас мулкни бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинади.

Компенсация берилмагунча кўчмас мулкларни бузиб ташлашга йўл қўйилмайди.

 

Яна қандай янгиликлар кутилмоқда?

Жорий этилаётган тартибга кўра:

ер участкасини олиб қўйишга зарурат туғилганда биринчи навбатда ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида ОАВ иштирокида очиқ муҳокама ўтказилади;

ҳокимлик ёки инвестор томонидан дастлабки ҳисоб-китоблар амалга оширилади, шунингдек, компенсация бериш учун етарли ресурслар мавжудлиги ўрганилади;

ҳокимликлар ер участкаси олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлмайди;

олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасидаги кўчмас мулклар баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланади;

ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида компенсация тури, миқдори ва бериш муддати келишилади ва ушбу келишув нотариал тартибда тасдиқланади;

ҳокимлик ёки инвестор томонидан мулкдорларга компенсация бериш ишлари амалга оширилади.

 

Хулоса ўрнида

Қарор билан ер участкаларини олиб қўйиш ва ундаги кўчмас мулк объектларини бузишнинг янги тартиби жорий этилиши фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада мустаҳкам ҳимоя қилинишини таъминлайди. Мулкдорлар ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича қўшимча кафолатларнинг белгиланиши эса уларга тегишли бўлган мулкларнинг беҳудага олиб қўйилиши ёки бузиб ташланишининг олдини олишга хизмат қилади.

Мазкур қарор ва бунга оид бошқа қонун талаблари ижросини назорат қилиш прокуратура органлари томонидан амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур тартиб 2020 йил 1 январдан кучга киради.