Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 10.12.2019



04:38:12 (GMT +5), Чр, 11 дек 2019

Адлия вазирлиги: нотариусларнинг 2 фоизи талабга жавоб бермайди

Аҳамият беринг

Адлия вазирлиги: нотариусларнинг 2 фоизи талабга жавоб бермайди


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Адлия вазирлиги тизимдаги идораларда халққа хизмат кўрсатиш сифати ва тезкорлигини ошириш, улар фаолиятидаги камчилик ва муаммоларни тузатиш, халол, шаффоф ва очиқ ишлайдиган кадрлар салоҳиятини янада яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар давом эттирмоқда.

Хусусан, вазирлик томонидан 2019 йилнинг I ярим йиллик давомида нотариусларнинг иш фаолияти сифати ушбу жараёнга учинчи шахслар аралашувини истисно этувчи автоматлаштирилган электрон дастур орқали баҳоланди.

Сифатни баҳолашда нотариал ҳаракатлар сони, нотариуснинг хизмат фаолиятига оид маълумотлар ва унинг фаоллиги каби мезонлар асос қилиб олинди.

Баҳолаш натижалари кўра жами 731 нафар нотариуслардан 123 нафари фаолияти “аъло”, 427 нафари фаолияти “яхши”, 167 нафари фаолияти “қониқарли” ва 14 нафари фаолияти эса “талабга жавоб бермайди” деб баҳоланди.

Иш фаолияти қониқарсиз деб топилган нотариусларнинг сони 2018 йилнинг 2-ярми давомида 10 фоизни ташкил этган бўлса, тизимда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар натижасида бу кўрсатгич 2019 йилнинг 1-ярмида 2 фоизни ташкил этганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Баҳолаш рейтингида дастлабки 3 та энг юқори ўринни эгаллаган нотариусларнинг икки нафари Бухоро вилоятида ва бир нафари эса Фарғона вилоятида фаолият кўрсатади:

1. Аминов Абдуазим Аминович – Бухоро вилояти, Когон шаҳар ДНИ нотариуси — 95 балл (максимал 100 балгача);

2. Усмонов Нодирбек Валиевич – Фарғона вилояти, Тошлоқ туман 1-сон ДНИ нотариуси – 95 балл;

3. Муродова Ойдина Саъдуллаевна – Бухоро вилояти, Олот туман ДНИ нотариуси – 94 балл.

“Талабга жавоб бермайди” деб баҳоланган 14 нафар нотариусларнинг 11 нафари Тошкент шаҳрида, 1 нафардан Жиззах, Навоий ва Хоразм вилоятларида фаолият юритади.

Рейтингда сўнгги уч ўринни эгаллаган нотариуслар:

729. Юсупова Садокат Рустамбаевна – Хоразм вилояти, Урганч шаҳар 1-сон ДНИ нотариуси – 42 балл;

730.  Джумаев Камилжан Гулямович – Навоий вилояти, Навоий шаҳар 1-сон ДНИ нотариуси – 40 балл;

731.  Хидоятова Адиба Абдупаттаховна – Тошкент шаҳри, Шайхонтохур туман 5-сон ДНИ нотариуси – 38 балл.

Барча давлат идоралари каби нотариуслар фаолиятида ҳам уйма-уй юриш тизими жорий этилган бўлиб, бу борада улар томонидан салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида республикадаги нотариал идоралар томонидан 18 721 та нотариал ҳаракатлар нотариал идорадан ташқарида сайёр ҳолда амалга оширилди. Бу кўрсатгич ўтган даврга нисбатан 6 503 тага ёки 34,7 фоизга ошган.

Шунингдек, таҳлил қилинган даврда 55 та нотариал ҳаракат судлар томонидан ҳақиқий эмас деб топилган бўлса, 37 нафар нотариусларнинг хатти-ҳаракатлари устидан келиб тушган шикоятлардаги важлар қисман тасдиқланган.

Адлия вазирлиги томонидан иш фаолияти “аъло” деб топилган нотариусларни рағбатлантириб бориш ҳамда “талабга жавоб бермайди” деб баҳоланган нотариуслар фаолиятини яхшилаш чораларини кўриш ва профилактик ишларни амалга ошириш тизими яратилди.

Рейтингнинг тўлиқ рўйхати билан www.minjust.uz сайти орқали танишишингиз мумкин. Қуйидаги ҳавола орқали.

Ҳозирги кунда вазирлик томонидан нотариуслар фаолиятини бевосита фуқаролар томонидан нотариал хизматларни олиш вақтида баҳолаш тизимини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Нотариуслари фаолияти баҳолаш бўйича таклифларингизни info@minjust.gov.uz электрон почтасига йўллашингиз мумкин.