Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 13.12.2019



12:10:29 (GMT +5), Шб, 14 дек 2019

Адлия вазирлиги маҳкума Г. Каримовани сақлаш шароитларини ўрганиб чиқди

Аҳамият беринг

Адлия вазирлиги маҳкума Г. Каримовани сақлаш шароитларини ўрганиб чиқди

Айрим ОАВлар ва ижтимоий тармоқларда маҳкума Г. Каримовага тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани ҳамда у доимо руҳий босим остида эканлиги тўғрисидаги маълумотларнинг тарқалганини эътиборга олиб, Адлия вазирлиги жорий йилнинг 3-4 июль кунлари бевосита 21-сонли жазони ўташ Колониясига борган ҳолда, ҳолатни ўрганди.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Айрим ОАВлар ва ижтимоий тармоқларда маҳкума Г. Каримовага тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани ҳамда у доимо руҳий босим остида эканлиги тўғрисидаги маълумотларнинг тарқалганини эътиборга олиб, Адлия вазирлиги жорий йилнинг 3-4 июль кунлари бевосита 21-сонли жазони ўташ Колониясига борган ҳолда, ҳолатни ўрганди.

Ўрганиш давомида аниқланишича, маҳкума Г. Каримова Колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган. 


У ердаги яшаш шароитлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг (ЖИК) 117-моддасига жавоб беради. Унга мувофиқ, умумий режимдаги колонияларда маҳкумлар умумий турар-жойларида яшашади.

Шу билан бирга, Г. Каримова ЖИКнинг 9-моддасига мувофиқ, ўқув, бадиий ва бошқа турдаги ахборот материалларидан фойдаланиш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, Колония кутубхонасининг аъзоси ҳамдир. 

ЖИКнинг 78-моддасига мувофиқ, маҳкума Г. Каримова йўқлов ва бандерол олиш ҳуқуқидан ҳам фойдаланган. Хусусан, жорий йилнинг 2 ва 3, 10 апрель ҳамда 10 июнь кунлари у тегишли бандерол ва йўқлов қабул қилинган.

2019 йилнинг 10 апрель куни Г. Каримованинг ҳисобварағига қизидан пул ўтказмалари келиб тушган. Г. Каримова жазони ўташ давомида колония дўконидан тўрт маротаба ҳаридни амалга оширган ва ўрганиш пайтида унинг ҳисобварағида муайян миқдорда маблағ қолгани аниқланган.


ЖИКнинг 76-моддасига мувофиқ, Г. Каримова учрашув ҳуқуқидан фойдаланмоқда. Хусусан, 2019 йилнинг 12 апрелидан 15 апрелигача у оила аъзолари билан узоқ муддатли учрашувда бўлган (3 сутка).

Г. Каримова иккита қисқа муддатли учрашувлардан ёзма равишда бош тортган (2019 йилнинг 8 ва 10 апрель кунлари).

Г. Каримовага 2019 йилнинг 2 ва 17 апрель ҳамда 10 июнь кунлари Швейцариялик адвокати билан учрашиш ҳуқуқи таъминланган. Бу ўз навбатида унинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланаётганлигини далилидир.

ЖИКнинг 79-моддасига асосан, маҳкумлар чекловсиз равишда хат ва телеграммаларни қабул қилиш ва юборишлари мумкин.

Ушбу давр мобайнида Г. Каримова томонидан 2019 йилнинг 25 март ва 17 июнь кунлари иккита хат жўнатилган.

Таъкидлаш жоизки, Г. Каримовага тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаётганлиги ҳақидаги фикрлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

2017 йилнинг декабрь ойида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг комиссиявий суд тиббиёт экспертизаси Бош бюроси томонидан тиббий кўрик ўтказилган бўлиб, унинг хулосасига (№70 15.12.2017й.) кўра, Г. Каримовада аввалдан айрим сурункали касалликлар мавжудлиги аниқланган.

Шу боис, Г. Каримова 2019 йил март ойида колонияга олиб келиниши билан, унинг саломатлигини таъминлаш мақсадида бир неча бор малакали тиббий ёрдам ташкиллаштирилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тажрибали мутахассисларининг тавсиялари берилган (кардиолог, гинеколог, стоматолог, юқумли касалликлар шифокори, функционал диагностика шифокори, УЗД шифокори, эндокринолог, гастроэнтеролог, руҳшунос ва бошқа шифокорлар).

Шу билан бирга, комиссиянинг ҳулосасига кўра Г. Каримовада аниқланган касалликлар унинг жазони ўташига ҳалақит бермайди ва “Оғир касалликка чалинган маҳкумларни тиббий текширувдан ўтказиш ва уларни касаллиги туфайли жазони ўташдан озод қилишга тақдим этиш қоидалари”да келтирилган касалликлар рўйхатига кирмайди (рўйхат рақами 1854-сон, 09.09.2008 й.).

Маҳкумалар билан ўтказилган суҳбатларда шу нарса аниқландики, Г. Каримовага жисмоний ёки руҳий босим ўтказиш ҳоллари кузатилмаган, аксинча, бошқа маҳкумалар Г. Каримованинг ёмон яшаш шароитларда ушлаб турилгани ва унга босим ўтказилаётгани тўғрисидаги маълумотлардан ажабланганлар. Хусусан, у билан битта отрядда яшаётган маҳкумалар Г. Каримова колонияга олиб келинганида, у дераза олдидаги кроватни танлагани, бу вақтда эса, мазкур кроват бошқа маҳкума томонидан банд бўлганини қайд этганлар. Шундай бўлсада, бошқа маҳкума Г. Каримовага ўз ўрнини бўшатиб берган.

Г. Каримованинг саломатлигини инобатга олган ҳолда, ушбу даврда у бир маротаба ҳам меҳнат фаолиятига жалб этилмаган. Бу ҳолат Колония маҳкумалари ва маъмурияти томонидан ҳам тасдиқланди.

Бевосита Г. Каримова билан бўлган суҳбат давомида у маҳкума сифатида ўзининг ҳуқуқлари чекланаётганидан шикоят қилмади. Г. Каримова бу мавзуда суҳбатлашишни истамаётганини ва асосан қуйидагилар бўйича ўз эътирозларини билдирди:

колонияда бўлган пайтида унга яқин бўлган маҳкумаларнинг бошқа отрядларга ўтказилганига;

унинг фикрича, жиноий ишни тергов қилишда қонунчилик талаблари бузилганига.

Г. Каримовада маълум сурункали касалликлар борлигини инобатга олиб, унга стационар даволаниш учун етарли шароитлар яратилган. Адлия вазирлиги ходимлари Колонияга борганларида Г. Каримова санитария бўлимида бўлган.

Суҳбат чоғида Г. Каримова унга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатига нисбатан ҳеч қандай эътироз билдирмади.

Визуал текширув чоғида Г. Каримованинг танасида жароҳатлар аниқланмади.

Шу билан бирга, активларни қайтариш билан боғлиқ маълумотларга нисбатан ойдинлик киритиш лозимдир.

Маълумки, бошқа хорижий мамлакатларда ҳам Г. Каримовага нисбатан тергов ишлари олиб борилмоқда. Г. Каримова ушбу тергов ишларига кўра, коррупция схемалари орқали пул маблағларини ўзлаштириш бўйича айбланмоқда. Бироқ айрим шахслар ушбу далилларни назардан четда қолдирган ҳолда, турли сабабларга кўра, юзага келган вазиятга нисбатан нохолис фикрларни билдирмоқдалар.

Хорижда олиб борилаётган тергов ишлари материаллари ва расмий манбалардан маълумки, Г. Каримова ва унга дахлдор бўлган шахслар томонидан Латвия, Швейцария, Франция, Швеция, Нидерландия ва эҳтимол бошқа мамлакатларда ҳам коррупция схемалари орқали пул маблағларини ўзлаштириш ишлари амалга оширилган.

Таъкидлаш жоизки, активларни қайтаришга оид барча музокаралар ва тадбирлар Ўзбекистон қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ, Ҳукумат даражасида олиб борилмоқда. Ушбу активларга хорижий давлатларнинг ваколатли органлари томонидан тақиқ солинган, шу сабабли улар Г. Каримова (унинг оила аъзолари)нинг ихтиёрида эмас ва алоҳида шахслар, жумладан Г. Каримова (унинг оила аъзолари)нинг ҳатти-харакатлари ушбу активларни қайтаришга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.

Ҳозирги кунда ноқонуний орттирилган активларнинг қолган қисмини Ўзбекистонга қайтариш чора-тадбирлари давом этмоқда.

Бундан кўриш мумкинки, ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистонга Г. Каримованинг шахсан ўзи қайтаргани ёки қолган активлар бевосита Г. Каримова ёҳуд бошқа шахслар томонидан қайтарилиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар юридик асосга эга эмас ва ишларнинг ҳақиқий ҳолатига тўғри келмайди.