Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 02.12.2022



11:21:58 (GMT +5), Жм, 2 дек 2022

Нотариал ҳаракатларни расмийлаштиришдаги давлат божи тўловлари енгиллаштирилмоқда

Аҳамият беринг

Нотариал ҳаракатларни расмийлаштиришдаги давлат божи тўловлари енгиллаштирилмоқда


Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз бешинчи ялпи мажлисида мамлакатимизнинг парламент сўровлари натижалари, давлат бюджети, халқаро шартномаларни ратификация қилиш ва бир қатор қонун ҳужжатларини қабул қилиш масалалари кўрилди.

Хусусан, Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси маъқулланди.

Қонунга кўра, нотариал ҳаракатлар расмийлаштирилганда ундириладиган давлат божини шаффофликни таъминлаш хамда жисмоний ва юридик шахсларга енгиллик яратилди.

Биринчидан, автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун (двигатель қуввати ҳамда ишлаб чиқарилган муддатидан қатъий назар) БҲМнинг 3 баравари (ҳозирда 900 минг сўм) миқдорида давлат божи ундириш;

(Бугунги кунда давлат божи транспорт воситаси тури ва двигатель қуввати ҳамда ишлаб чиқарилган муддатига қараб БҲМнинг 2 бараваридан 10 бараваригача миқдорида ошиб боради).

Иккинчидан, кўчмас мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ шартномаларни тасдиқлаганлик учун агар кўчмас мол-мулк Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида жойлашган бўлса (кв.м дан қатъий назар) БҲМнинг 1 баравари (ҳозирда 300 минг сўм), бошқа аҳоли пунктларида жойлашган бўлса БҲМнинг 50 фоизи (ҳозирда 150 минг сўм) миқдорда давлат божи ундириш;

(амалда кўчмас мол-мулк Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида жойлашган бўлса кв.м га қараб БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача, бошқа аҳоли пунктларида БҲМнинг 0,5 бараваридан 1,5 бараваригача ошиб боради).

Учинчидан, гаров, ипотека ва лизинг шартномаларини тасдиқлашда жисмоний шахсларга БҲМнинг 1 баравари (ҳозирда 300 минг сўм), юридик шахсларга БҲМнинг 2 баравари (ҳозирда 600 минг сўм) миқдорда давлат божи ундириш;

(амалда шартнома суммасига қараб жисмоний шахсларга БҲМнинг 1 бараваридан 2 бараваригача, юридик шахсларга БҲМнинг 2 бараваридан 4 бараваригача ошиб боради).

Тўртинчидан, қарз шартномаларини тасдиқлашда шартнома суммасидан қатъий назар БҲМнинг 25 фоизи қилиб белгилаш (амалда шартнома суммасига қараб БҲМнинг 25 фоизидан БҲМнинг 1 бараваригача ошиб боради);

Бешинчидан, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги пул маблағлари учун меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берганлик учун давлат божидан тўлашдан озод этиш (амалда БҲМнинг 30 фоизи) имконияти яратилди.

Бундан ташқари, давлат божи суммаси камайтирилиши ҳисобига 142  млрд. сўмга яқин маблағлар аҳоли ихтиёрида қолади.

Ўйлаймизки, Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида давлат божи суммаси оптималлашади ҳамда уни ҳисоблашда шаффофликка эришилади.