Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 02.12.2022



22:52:26 (GMT +5), Жм, 2 дек 2022

Адлия вазирлиги муносабати

Аҳамият беринг

Адлия вазирлиги муносабати


Айрим фаолларнинг Ўзбекистон профессионал медиаторлар ассосациясини рўйхатдан ўтказиш юзасидан фикрларига жавобан Адлия вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади

Сўнгги йилларда вазирликнинг ташаббуси билан фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилотларини қийнаб келаётган тизимли муаммо ва камчиликлар бартараф этилди, соҳадаги айрим чекловлар бекор қилинди ва уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича янгиликлар жорий этилди.

Биргина, нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатга олиш жараёнини соддалаштиришга қаратилган қуйидаги ижобий ўзгаришлар амалга оширилди:

– нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари 1 ойгача қисқартирилди;

– нодавлат нотижорат ташкилотини қайта рўйхатдан ҳамда унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 1 ойдан 15 кунгача қисқартирилди;

– ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун давлат божи ундирилмаслиги белгиланди;

– нодавлат нотижорат ташкилотларига давлат хизматларини кўрсатиш, шу жумладан уларни рўйхатга олиш, қайта рўйхатга олиш электрон тартибда, хусусан www.e-ngo.uz портали орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди, натижада бугунги кунга қадар портал орқали 30 000 ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди (2019 й. – 1 110 та хизмат, 2020 й. – 5 896 та хизмат, 2021 й. – 11 141 та хизмат, 2022 й. – 12 155 та хизмат кўрсатилган).

Таъкидлаш жоизки, нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатга олиш тартиби тегишли қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинган бўлиб, адлия органлари ушбу тартибга қатъий риоя қилади. Хусусан, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонунинг 25-моддасига мувофиқ нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш бир қатор ҳолатлар мавжуд бўлганда рад этилиши мумкинлиги белгиланган бўлиб, улар қаторига қуйидагилар киритилган:

нодавлат нотижорат ташкилотининг таъсис ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартиришни, суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига путур етказишни, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини камситишни, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилишни, фуқароларнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилишни мақсад қилиб қўйган бўлса;

ҳужжатлар рўйхат бўйича тўлиқ тақдим этилмаган ёки улар лозим даражада расмийлаштирилмаган бўлса;

ҳужжатлар устав қабул қилинган пайтдан бошлаб икки ойлик муддат ўтганидан кейин тақдим этилган бўлса;

илгари худди шу номдаги нодавлат нотижорат ташкилоти рўйхатдан ўтказилган бўлса;

нодавлат нотижорат ташкилотини тузишнинг қонунда белгиланган тартиби бузилган бўлса ёки унинг таъсис ҳужжатларида қонунга номувофиқликлар бўлса;

рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган таъсис ҳужжатларида атайин нотўғри маълумотлар келтирилганлиги аниқланган бўлса;

нодавлат нотижорат ташкилотининг номи ёки рамзий белгилари маънавиятга фуқароларнинг миллий ва диний туйғуларига дахл қилса;

нодавлат нотижорат ташкилотининг таъсис ҳужжатларида ҳарбийлаштирилган бирлашмалар тузиш назарда тутилган бўлса.

Бунда, Қонуннинг ушбу моддасида нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш таъсис ҳужжатларида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонун ҳужжатларига зид қоидалар мавжуд бўлган бошқа ҳолларда ҳам рад этилиши мумкинлиги белгиланган.

Қонуннинг мазкур талабларидан келиб чиқиб, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сон қарори билан тасдиқланган Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ адлия органлари нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатларнинг ишончлилигини уларнинг қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан текширади. Бунда, нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан тақдим этилган ҳужжатларни текшириш натижасида адлия органлари нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида ёки давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Мақола муаллифи томонидан номи таъкидланган Ўзбекистон профессионал медиаторлар ассоциацияси томонидан юқорида қайд этилган қонунчилик ҳужжатлари талабларига тўлиқ риоя қилмаган ҳолда, яъни ҳужжатлар лозим даражада расмийлаштирмасдан тақдим қилинганлиги сабабли рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Ваҳоланки, ҳужжатларни тақдим этишдан аввал нодавлат нотижорат ташкилотлари соҳасидаги қонунчилик талаблари билан батафсил танишиши лозим. Бунда, ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида ҳужжатлар тўлиқ, белгиланган шаклга мувофиқ, шунингдек расмийлаштиришга қўйилган талабларга мувофиқлигини текшириш рўйхатдан ўтказувчи орган мажбуриятига кирмайди.

Шунингдек, Осиё халқаро тижорат арбитраж (ҳакамлик) судини ташкил этишда “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 30 октябрдаги 235-сон қарори билан тасдиқланган Ҳакамлик судлари ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низом талаблари асосида ҳужжатлар мурожаатчи томонидан лозим даражада расмийлаштирилмаганлиги сабабли Осиё халқаро тижорат арбитраж (ҳакамлик) судини рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Қайд этилган қонунчилик ҳужжатларида рўйхатдан ўтказувчи органнинг рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарори юзасидан белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланган бўлсада, ушбу ташкилотлар томонидан мазкур масала бўйича судга шикоят қилинмаган.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда маълум қилинадики, Telegram ижтимоий тармоғининг “Yuristkadr” каналида ёритилган “Адлия вазирлиги ННТлар борасида тушунарсиз даражада “қаттиқ” номли мақолада номлари эътироф этилган ташкилотларни рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарорлар “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонун, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сон қарори билан тасдиқланган Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом ҳамда 2008 йил 30 октябрдаги 235-сон қарори билан тасдиқланган Ҳакамлик судлари ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига қатъий риоя қилган ҳолда қабул қилинганлиги билдирилади.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими