Адлия вазирининг ўринбосари М. Икрамов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси “Одил судловга эришиш” мавзусидаги глобал давра суҳбатида иштирок этмоқда

Адлия вазирининг ўринбосари М. Икрамов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси “Одил судловга эришиш” мавзусидаги глобал давра суҳбатида иштирок этмоқда


Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ҳамда Латвия Республикаси Адлия вазирлиги таклифига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари М. Икрамов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси жорий йилнинг 21-22 сентябрь кунлари Рига шаҳрида (Латвия Республикаси) бўлиб ўтаётган “Одил судловга эришиш” мавзусидаги глобал давра суҳбатида иштирок этмоқда.

Маълумот учун: Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Одил судловга эришиш мавзусидаги глобал давра суҳбатлари 2015 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Асосий мақсад – одил судловнинг очиқлиги ва самарадорлигига эришишда камчиликларни бартараф этиш бўйича илғор тажриба ва орртирилган сабоқлар билан бўлишиш учун платформа яратишдир.

Тадбирнинг биринчи кунида адлия вазирининг ўринбосари М. Икрамов “Инсонга йўналтирилган одил судлов орқали ҳуқуқ устуворлиги
ва демократияни мустаҳкамлаш” мавзусидаги делегациялар раҳбарлари даражасидаги мулоқотда нутқ сўзлади. Ушбу мулоқотда 70 та хорижий давлатлар адлия органларининг раҳбарлари, илмий ва таълим муассасалари, халқаро ноҳукумат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Хорижий делегациялар эътиборига 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда яқинда қабул қилинган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ сўнгги йиллардаги ҳуқуқий ислоҳотлар, шу жумладан одил судлов ва адлия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот етказилди.

Хусусан, суд тизимини ислоҳ қилиш учун сўнгги йилларда мамлакатимизда “Инсон шаъни ва қадри учун” тамойили асосида институционал ислоҳотлар ва демократик ўзгаришлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди ҳамда суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, судда иш юритишнинг очиқлигини таъминлаш, судьялар корпусини шакллантириш борасидаги чора-тадбирларга тўхталиб ўтилди. Одил судловни таъминлашда адлия, адвокатура ҳамда суд экспертизаси соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Делегациянинг тадбирдаги иштироки давом этмоқда.