Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 27.09.2022



15:22:08 (GMT +5), Сш, 27 сен 2022

ЁЛЛАНИШ УЧУН ЖАЗО МУҚАРРАР

Аҳамият беринг

ЁЛЛАНИШ УЧУН ЖАЗО МУҚАРРАР



Сўнгги пайтларда бир қатор давлат органлари томонидан ижтимоий тармоқлар ва ОАВ орқали хориждаги юртдошларимизга қаратилган қўшни давлатларда бўлаётган ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаслик, ёлланмасликка чақирувчи огоҳлантиришларни кўраяпмиз.

Ҳўш, бугун биз кўп ишлатаётган “ёлланиш” атамаси халқаро майдонда қандай талқин қилинади?

Бу саволга жавобни БМТ Бош Ассамблеянинг 1989 йил 4 декабрдаги 44/34 резолюцияси билан қабул қилинган “Ёлланма аскарларни ёллаш, улардан фойдаланиш, молиялаштириш ва тайёрлашга қарши халқаро конвенция”дан топиш мумкин[1].

Ушбу Конвенциянинг 1-моддасига кўра:

а) яшаш жойида ёки чет элда айнан қуролли можарода жанг қилиш учун ёлланган;

б) жанговар ҳаракатларда қатнашганда, биринчи навбатда, шахсий фойдани кўзлаб, можарода қатнашаётган томонлардан бири қуролли кучларининг шахсий таркибига кирувчи, даражаси ва унвони бир хил ҳарбийларга ваъда қилинган ёки тўланадиган мукофот пулидан анча ортиқ моддий мукофот ваъда қилган;

c) низолашаётган томоннинг фуқароси ёки низолашаётган томон назорат қиладиган ҳудудда доимий яшовчи шахс ҳисобланмайдиган;

д) низолашаётган томоннинг қуролли кучлари шахсий таркибига кирмайдиган;

е) можаро иштирокчиси бўлмаган давлат томонидан унинг қуролли кучлари таркибига кирадиган шахс сифатида расмий вазифаларни бажариш учун юборилмаган шахслар ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган тақдирда “ёлланувчи” шахс ҳисобланади.

Бундан ташқари, ушбу Конвенцияда шахсларни аскарликка ёллаш, бу фаолиятни молиялаштириш, улардан фойдаланиш ва ўқитиш барча давлатларда оғир жиноят деб ҳисобланиши ва бундай жиноятлардан бирини содир этган ҳар қандай шахс жиноий жавобгарликка тортилиши ёки экстрадиция қилиниши кераклиги белгиланган.

Мамлакатимиз ушбу Конвенцияга Олий Мажлиснинг 1997 йил 26 декабрдаги “Аҳолини ёллаш, улардан фойдаланиш, молиялаштириш ва ўқитишга қарши курашиш тўғрисидаги халқаро конвенцияга қўшилиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қўшилган ҳамда Конвенция қоидалари Ўзбекистонда 2001 йил 20 октябрдан кучга кирган[2].

Миллий қонунчилик

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси биринчи қисмига кўра, ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирор шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 154(1)-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан, ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлади.

Хорижий амалиёт

Белорус Республикаси Жиноят кодекси 361(3)-моддасига кўра, Белорусия фуқароларининг ёки Белорусияда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг хорижий давлат ҳудудидаги қуролли тузилма, қуролли можаро ёки ҳарбий ҳаракатларда қатнашиши 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, хорижий давлат ҳудудидаги ҳарбий харакатларда иштирок этиш учун Белорусия фуқароси ёки Белорусия ҳудудида доимий яшовчи фуқарони ёллаш (бундай фаолиятни молиялаштириш) 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади[3].

Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 172-моддасига кўра Қозоғистон фуқаролари хорижий давлатдаги харбий харакатларда ижтирок этадиган бўлса, башарти бунда ёлланиш аломатлари бўлса, 5 йилдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади[4].

Арманистон Жиноят кодексининг 15-моддасига кўра, Арманистон фуқаролари, шунингдек Арманистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар хорижда жиноят содир этган бўлса, агар содир этилган қилмиш хорижий давлат қонунчилигида жиноят деб белгиланган ва шахс ушбу қилмиши учун ҳали хорижий давлатда судланмаган бўлса, Арманистон Жиноят кодексига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилади[5].

Сербия Жиноят кодекси 386а-моддасига кўра, хорижий давлатдаги уруш ёки қуролли можарода қатнашган фуқаролар (ёки Сербияда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар) 6 ойдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилинади.

Агар ушбу ҳаракатлар жиноий гуруҳ таркибида содир этилган бўлса, айбдор шахслар 1 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилинади.

Шунингдек, Сербия жиноят қонунчилигида чет элда уруш ёки қуролли можарода иштирок этишни ташкил этганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланган, бундай ҳаракатларни содир этган шахслар 2 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади[6].

Словакия жиноят қонунчилигига кўра, бошқа давлат ҳудудида уюшган қуролли гуруҳ таркибида жанговар ҳаракатларда фаол қатнашган ҳар қандай шахс 2 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилинади. Бундан ташқари, ўзга шахсни хорижий давлат ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этишга ундаган ёки молиявий кўмаклашган, турли шарт-шароитларни яратган шахслар ҳам жиноий жавобгарликка тортилади (Сербия Жиноят кодекси 419а-модда).

Тожикистон фуқароларининг ёки Тожикистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг хорижий давлат ҳудудидаги қуролли тузилма, қуролли можаро ёки ҳарбий ҳаракатларда қатнашиши 12 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан ташқари, шахсни қуролли можарода ёки жанговар ҳаракатларда иштирок этиши учун ёллаганлик (молиялаштирганлик ёки бошқа тарзда моддий таъминлаганлик, шунингдек улардан қуролли можаро ёки ҳарбий ҳаракатларда фойдаланганлик) учун 5 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган[7].

Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 256-моддасига кўра, фуқароларнинг хорижий давлатлар ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши уларнинг мол-мулки мусодара қилиниб, 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади[8].

Озарбойжон Жиноя кодексининг 114-моддасига кўра, фуқароларни аскарликка ёллаш, уларни тайёрлаш, молиялаштириш ёки бошқа тарзда моддий таъминлаш, шунингдек улардан қуролли можаро ёки ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш - 8 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Фуқароларнинг ёлланма аскар сифатида қуролли тўқнашувда ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши -5 йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум қилинишига сабаб бўлади[9].

Ҳудди шу ҳолат Грузия фуқаролари билан юз берса, Грузия Жиноят кодексининг 410-моддасига мувофиқ шахсларни ёллаш билан шуғулланганлар 5 йилдан 7 йилгача, қуролли тўқнашувда ёки жанговар ҳаракатларда ёлланма аскар сифатида иштирок этганлар 4 йилдан 6 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади[10].

Шунга кўра, чет мамлакатларда бўлиб турган ҳамюртларимиздан ҳарбийлашган тузилмаларга ёлланмасликка, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликка чақирамиз ва бундай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида билишлари зарур.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти




[1]https://www.un.org/ru/documents/decl_conv/conventions/mercen.shtml

[2]https://lex.uz/docs/2694905

[3]https://etalonline.by/document/?regnum=HK9900275#load_text_none_1

[4]https://online.zakon.kz/Document/?doc_id=31575252&doc_id2=31575252#activate_doc=2&pos=298;-108.04545593261719&pos2=2032;-105.04545593261719

[5]http://www.parliament.am/legislation.php?ID=1349&lang=rus&sel=show

[6]http://www.paragraf.rs/propisi/krivicni_zakonik.html

[7]http://ncz.tj/content/%D1%83%D0%B3%D0%BE%D0%BB%D0%BE%D0%B2%D0%BD%D1%8B%D0%B9-%D0%BA%D0%BE%D0%B4%D0%B5%D0%BA%D1%81-%D1%80%D0%B5%D1%81%D0%BF%D1%83%D0%B1%D0%BB%D0%B8%D0%BA%D0%B8-%D1%82%D0%B0%D0%B4%D0%B6%D0%B8%D0%BA%D0%B8%D1%81%D1%82%D0%B0%D0%BD

[8]http://cbd.minjust.gov.kg/act/view/ru-ru/112309

[9]https://continent-online.com/Document/?doc_id=30420353#pos=1375;-46

[10]https://matsne.gov.ge/ru/document/view/16426?publication=241