Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 15.08.2022



03:18:32 (GMT +5), Сш, 16 авг 2022

Андижонда барча қулайликларга эга давлат хизматлари марказининг сони ўн учтага етди

Андижонда барча қулайликларга эга давлат хизматлари марказининг сони ўн учтага етди


Бугунги кунда Давлат хизматлари марказлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга 180га яқин турдаги давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг бир қатор қарор ва фармонларига асосан Марказларнинг бинолари давлат-хусусий шериклик шартлари асосида замонавий, барча  талабларга жавоб берадиган ҳолатда қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда.  

Шундай Марказларнинг навбатдагиси — 200 мингга яқин аҳоли истиқомат қилувчи Пахтаобод туманида фойдаланишга топширилди

Қайд этиш лозим, аҳолининг оғирини енгил қилиб, уларга қулай ва шаффоф тарзда хизмат кўрсатаётган марказ эски ва кўримсиз бинода жойлашганлиги, белгиланган стандартларга жавоб бермаслиги нафақат келувчиларга, балки ходимларга ҳам қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётган эди.  

Мутасаддилар, туман фаоллари, кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилган очилиш маросимида сўз олганлар давлат раҳбаримиз ташаббуси билан давлат хизматлари кўрсатиш сифати ва самарадорлиги янада яхшиланаётганлигини таъкидлаб, янги жорий этилаётган хизматлар ҳақида ҳам маълумот бердилар.  

Марказда аҳолига бир вақтнинг ўзида 180 га яқин турдаги тезкор, қулай, шаффоф давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилди. Электрон навбат олиш учун инфокиоск, 10 та қабул ойнаси, кутиш жойлари, болалар майдончаси, буфет, инвесторлар учун хона, ID-карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортини бериш хонаси, банк шохобчаси ташкил этилди. Электрон навбат тизими 4 та мониторда акс этиб туради. Ўз-ўзига хизмат кўрсатиш учун махсус хона ҳам ташкил этилган.  

Марказга ташриф буюрувчилар wi-fi зонасидан бепул фойдаланишлари мумкин.

Маълумот учун, Пахтаобод туман адлия бўлими давлат хизматлари маркази томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида фуқароларга 40 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган. Йил охирига қадар ушбу кўрсаткич 100 мингдан ортииши кутилмоқда.