Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 25.06.2022



18:10:55 (GMT +5), Яш, 26 июн 2022

Ўзбекистонда тартибга солиш сиёсати: ютуқлар ва ривожланиш истиқболлари

Аҳамият беринг

Ўзбекистонда тартибга солиш сиёсати: ютуқлар ва ривожланиш истиқболлари


Жорий йилнинг 21 июнь куни Адлия вазирлиги томонидан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда тартибга солиш сиёсати: ютуқлар ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Ушбу анжуман тартибга солиш сиёсатига бағишланган II конференция бўлиб, унда Ўзбекистон Парламенти ва Ҳукумати аъзолари, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва жамоат ташкилотлари, “Jacobs, Cordova and Associates” халқаро консалтинг ташкилоти, шунингдек Қирғизистон, Тожикистон ва Мўғулистон ҳукумати вакиллари онлайн форматда иштирок этди.

Ўзбекистонда тартибга солиш сиёсати, шу жумладан қонунчилик ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолашдаги дастлабки натижалар ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.

Халқаро экспертлар хорижий давлатлар вакиллари иштирокида ўтказилган мазкур конференцияни ташкил этишдан мақсад вазирлик ва идоралар раҳбарларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолашга оид билим, малака ва амалий кўникмаларини ошириш. Ушбу соҳада Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг ҳуқуқий асослари, дастлабки натижалар ва ривожланган давлатлар тажрибаси билан таништиришдан иборат.

Таъкидланганидек, тартибга солиш сиёсати солиқ ва пул-кредит сиёсати билан бир қаторда мамлакатда иқтисодиётни бошқариш, барқарор ривожланишга эришиш учун қўлланиладиган асосий восита ҳисобланади.

Билдирилганидек, Covid-19 инқирозининг ижтимоий ва иқтисодий оқибатларини бартараф этишда, пандемиянинг деярли ҳар бир босқичида айнан тартибга солиш чораларидан фойдаланилди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси адлия вазири – Русланбек Давлетов, ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари – Алкис Дракинос ва USAID нинг Ўзбекистондаги миссияси директори – Микаэла Мередит ўз нутқлари билан очиб беришди.

Адлия вазири Русланбек Давлетов жамият учун унинг хавфсизлиги ва соғлом турмуш тарзини ҳимоя қилувчи қоидалар албатта зарурлиги, бироқ, уларнинг сифати ва самарадорлигини таъминлаб беролмаслик, аксинча иқтисодий ривожланиш йўлида, яъни бизнес юритишда тўсиқлар яратилишига олиб келиши мумкинлигини қайд этиб, самарали тартибга солиш сиёсати орқали ҳар қандай барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш мумкинлиги ҳақида тўхталди.

Бугун жамиятимиздаги ўзгаришлар, шу жумладан фуқаролар ва бизнес вакиллари қарор қабул қилувчилардан очиқ, шаффоф ва далилларга асосланган қонунчиликни талаб қилмоқда.

Бу борада Ўзбекистонда норма ижодкорлигини модернизация қилиш, қонунлар сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида халқаро стандартларга мувофиқ “ақлли тартибга солиш” воситалари, жумладан, тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизими кенг жорий этилмоқда.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизими олдиндан ўйланган, келтирадиган фойда ва ҳаражатлари таҳлил қилинган, кўзланган мақсадга эришиш имконини берадиган, ижросини таъминлаш мумкин бўлган, сифатли ва барқарор қонунчиликни яратишга имкон беради.

Ўтган йилдан бошлаб тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимидан фойдаланишнинг фаоллашиши ўзининг самарасини бера бошлади.

Хусусан, Адлия вазирлиги томонидан баҳолашдан ўтказилган лойиҳа орқали бизнесга ўртача йилига 500 млрд сўмдан ортиқ харажат келтириши, асосийси, юқори молиявий маблағлар сарфланишига қарамасдан ўз самарасини бермайдиган қарорнинг қабул қилиниши олди олинди.

Мазкур лойиҳа тажриба-синов тариқасида маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирокида баҳолашдан ўтказилган бўлиб, конференцияда унинг тақдимоти ўтказилиб, иштирокчиларга китоб кўринишида тақдим этилди.

Шунингдек, тадбирда Jacobs, Corvodva & Associates ташкилотининг катта директори Др. Цезарь Кордова маърузасида сўнгги бир йилда Ўзбекистоннинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини ўрганган ҳолда, ушбу тизимни самарали йўлга қўйилганлиги, бошқа мамлакатлар тажрибасидан ўзининг самарали ёналишлари билан ажралиб туриши ҳақида гапириб, бу соҳада кейинги қадамлар ҳақида ўз таклиф ва мулоҳозаларини билдирди.

ЕТТБнинг вакили эса Ўзбекистонда ушбу тизимини гендер жиҳатдан таъсирчанлигини таъминлаш ҳамда таъсирни баҳолаш жараёнида гендер инклюзивликни қўллаш бўйича фикрларини баён этди.

Конференциянинг иккинчи сессиясида муҳокамалар форуми ташкил қилиниб, унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Сенати ва Ҳукумат вакиллари, шунингдек, Адлия, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосарлари ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитаси раҳбарияти Ўзбекистондаги тартибга солиш сиёсати, муҳити ва унинг истиқболлар ҳақида ўзаро фикр алмашишди.

Конференция давомида норма ижодкорлиги амалиётининг бугунги ҳолати давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарларига далилларга ва ҳисоб-китобларга асосланмаган қарорларнинг қабул қилиниши оқибатлари ҳамда тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг афзалликлари аниқ мисоллар билан тушунтириб берилди.

Кўзланган асосий мақсад, сифатли ва самарали, ортиқча ҳаражатсиз, ижро этилиши мумкин бўлган қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилинишини таъминлаш.

Конференция якунида, тартибга солиш сиёсатини самарали ташкил этиш ва қонунчилик ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказишда тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими