Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 25.06.2022



02:17:39 (GMT +5), Дш, 27 июн 2022

Давлат бошқаруви органларининг ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулияти ва жавобгарлиги кучайтирилади

Давлат бошқаруви органларининг ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулияти ва жавобгарлиги кучайтирилади


Сир эмаски, ҳар қандай ҳуқуқий давлатнинг фаровонлиги давлат бошқарувининг халқчиллигига боғлиқ. Шу маънода, давлат бошқаруви тизими ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадор бўлишини таъминлаш — давр талабидир.

2022 йил 17 май куни бўлиб ўтган матбуот анжумани Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар, шу жумладан “Давлат бошқаруви органларининг ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш ҳамда уларнинг стратегик йўналишларини режалаштиришга қаратилган янги тизим яратиш” борасида масъуллар олдига қўйилган вазифалар ижросига бағишланди.

Таъкидлаш жоизки, бошқарув идораларининг ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулият ва жавобгарлиги кучайтирилиши ислоҳотларнинг аҳоли турмуш тарзига таъсирини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Бунда йил бошидан ҳар бир вазирлик ўз ишини туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла кесимида режалаштиради ва ташкил этади. Вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятига жойларда амалда қандай ўзгариш бўлганига қараб баҳо берилиши мезони кириб келмоқда. Давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишдаги бундай тизимли ва холис ёндошув биринчидан, давлат хизматчиларининг иш фаолиятларини ташкил этишдаги масъулиятини оширса, иккинчи томондан, фуқароларнинг давлат органларига нисбатан ишончини мустаҳкамлайди.

2023 йил 1 февралдан жамоатчилик назоратининг янги институтлари жорий қилиниши белгиланмоқда.

Шунга кўра, 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Демократик ислоҳотларни амалга оширишда давлат органларининг масъулиятини янада ошириш, шунингдек, очиқлик, шаффофлик ва жамоатчилик назорати механизмларини кенгайтириш ва самарали рўёбга чиқариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ишлаб чиқилган Фармони лойиҳасига кўра, давлат бошқаруви органларининг ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш ҳамда уларнинг стратегик йўналишларини режалаштиришга қаратилган мутлақо янги тизим барпо этиш мақсад қилинган.

Давлат органлари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг ижро этилиши жараёнини жамоатчилик томонидан кузатиб бориш имкониятини берувчи янги платформа ишга туширилади.

Жумладан, фармон лойиҳаси билан қуйидаги масалаларни ҳал этиш назарда тутилган:

давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, ахборот олиш эркинлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини такомиллаштириш;

давлат органларининг бир (ярим) йиллик иш дастури ва ҳудудлар (туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла) кесимида ўз тузилмаларининг фаолияти бўйича дастурини жамоатчилик иштирокида ишлаб чиқиш ва уларни эълон қилиб бориш;

Давлат бошқаруви органлари йиллик иш дастурини жамоатчилик иштирокида ишлаб чиқиш, уларнинг ижро ҳолатини доимий эълон қилиб бориш белгиланмоқда.

қабул қилинаётган қарорларнинг ижро этилиши жараёнини кузатиб бориш ҳамда ҳар бир тармоқ ва ҳудуд бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан раҳбарларнинг ҳисобот бериш тизимини йўлга қўйиш.

Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатидаги маълумотлар 6 та янги позиция билан тўдирилмоқда, булар қаторида:

давлат мулкини сотишда ўтказилган тендер савдолари, йирик инвестиция лойиҳалари бўйича халқаро тендерлар, ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкиллаштирадиган тендер савдолари, давлат харидлари электрон тизимининг электрон тендер савдолари платформаси барча харидлар, шунингдек тўғридан-тўғри ўтказилган бошқа тендерлар (танловлар, контрактлар) бўйича маълумотлар;

Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туман (шаҳар) ҳокимликлари ўзларининг турли умумхалқ байрамларини ташкил этиш ва уларни ўтказиш учун пул маблағларини ажратиш бўйича қарор, фармойиш, буйруқ ёки бошқа расмий ҳужжатлари бўйича маълумотлар ва бошқалар.

2023 йил 1 январдан бошлаб давлат томонидан, шу жумладан вазирлик ва идоралар томонидан ҳар қандай танловлар (конкурслар, олимпиадалар)ни ўтказиш мақсадида инсон омилини истисно қилувчи ва жамоатчилик иштирокини назарда тутувчи “Шаффоф танлов” ягона электрон платформасини яратилади.

Хулоса қилиб айтганда, жойларда давлат органларининг иш фаолиятини ташкил этишдаги масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш, уларнинг вазифа ва функцияларини аниқлаштириш, очиқлик ва шаффофлик мезонларини устувор тамойилга айлантириш ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими