Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 19.05.2022



15:49:43 (GMT +5), Пш, 19 Мая 2022

Ўзбекистон ва Буюк Британия Адлия вазирликлари тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасида тажриба алмашишди

Ўзбекистон ва Буюк Британия Адлия вазирликлари тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасида тажриба алмашишди


Адлия вазирлиги томонидан Буюк Британиянинг қонунчилик ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасидаги тажрибаси билан янада кенгроқ таниши мақсадида жорий йилнинг 14 январь куни Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиҳонаси кўмагида Буюк Британия Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда “Қонунчилик ҳужжатлари
ва уларнинг лойиҳларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш: Буюк Британия тажрибаси” мавзусида ўқув-амалий семинар ўтказилди.

Ўқув-амалий семинарда Адлия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари иштирок этди.

Тадбирда Буюк Британия Адлия вазирлигининг масъул ходимлари Жонатан Хант ва Эндрю Мидс томонидан Буюк Британияда тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг асосий принциплари ва уларнинг тартибга солиш сиёсатга таъсири, қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқишда “ақлли тартибга солиш” усулларининг роли ва бундай тартибга солишни қўллаш амалиёти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Буюк Британиялик мутахассислар томонидан тартибга солиш тизимнининг амалда самарали қўлланилиши учун давлат томонидан доимий равишда эътибор қаратилиши, жумладан, баҳолаш жараёнларига катта миқдордаги молиявий маблағлар ажратилиши, бу орқали бизнес субъектлари ҳамда давлат бюджети учун юзага келадиган ортиқча ресурслар сарфланишининг олди олиниши аълоҳида таъкидлаб ўтилди.

Тадбир иштирокчилари Буюк Британияда тартибга солиш таъсирини баҳолаш жараёнида давлат органлари ва жамоатчиликнинг иштироки, баҳолашни амалга оширишда эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳолатлар, тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини самарали йўлга қўйишдаги қилинган амалий ишлар каби ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Тадбир иштирокчиларга Ўзбекистонда жорий этилган тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг янги тизими, шунингдек, соҳада 2021 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан атрофлича маълумот берилди.

Семинар якунида томонлар, Ўзбекистон ва Буюк Британия Адлия вазирликлари ўртасида қонунчилик ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ишларни давом эттириш, тажриба алмашиш мақсадида амалий ташрифларни ташкил этишга келишиб олдилар.

Адлия вазирлиги
Жамоатчиликблан алоқалар бўлими