Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 30.04.2021



02:23:10 (GMT +5), Шб, 8 Мая 2021

2021 йил 29 апрель куни АОКА анжуманлар залида брифинг бўлиб ўтди.

Аҳамият беринг

2021 йил 29 апрель куни АОКА анжуманлар залида брифинг бўлиб ўтди.


Унда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Уринбаева Севара иштирок этиб, фуқаролар томонидан долзарб мавзулар юзасидан берилган қуйидаги саволларга жавоблар берди.

1-САВОЛ. Ассалому алайкум. Турмуш ўртоғим 3 йилдан бери чет элда ишлайди. Яқинда ўғлим иккимизни ёнига чақирди. Ўғлим чет элга чиқиши учун отасининг розилиги талаб қилинар экан. Чет элда туриб ишончнома ёзилса, факс орқали жўнатиладими ёки асли бўлиши шартми?

ЖАВОБ:Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра, хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш чоғида маълумотларни йиғиш пунктига тақдим этиладиган ҳужжатлар қаторига вояга етмаганлар учун ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг фуқаронинг хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги ҳам киритилган.

Сиз ушбу ҳолатда отаси ўзи яшаётган давлатдан нотариал тасдиқланган розилик аризасининг асл нусхасини юбориши керак.

2-САВОЛ. Ассалому алайкум. Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларнинг жамоат жойида ўзаро уришиб, жанжаллашган ҳолатлари бўйича турли ахборотлар тарқалмоқда. Мазкур ҳолатлар учун қонунчиликда қандай жавобгарлик чоралари мавжуд шуни эслатиб ўтсангиз.

ЖАВОБ: Қонунчиликка кўра жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик мазкур ҳолатларни содир этиш безорилик ҳисобланди. Ушбу қилмишни содир этиш шахсларга жарима ёки мажбурий жамоат ишлари ёхуд ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланишга сабаб бўлади.

Агарда безорилик ҳаракати натижасида бошқа оғир оқибатлар келиб чиқса 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади

3-САВОЛ. Ассалому алайкум. Уйимнинг кадастр паспорти яроқсиз ҳолга келиб қолди. Уни алиштириш керак эди. Бунинг учун қаерга мурожаат қилишим керак ва қанча тўлов тўланади?

    ЖАВОБ:   Қонунчиликка кўра, ариза берувчи кадастр паспортини олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.

Қуйидаги ҳолларда кадастр паспортини расмийлаштириш бепул амалга оширилади .

кўчмас мулк объекти бўйича бирламчи кадастр йиғмажилди (паспорти) мавжуд бўлиб, бегоналаштирилганда ёки объектда ўзгаришлар (реконструкция, қўшимча ва алоҳида қурилиш) мавжуд бўлмаганда;

кўчмас мулк объектининг бир қисми бегоналаштирилганда объектнинг қолган қисмига ёки реконструкциясиз тоифаси ўзгарганда;

кадастр йиғмажилди (паспорти) йўқолганда (яроқсиз ҳолга келганда ва кўчмас мулк объекти кўрсаткичлари ўзгартирилмасдан).

Ушбу ҳолларда кадастр паспорти 3 иш куни мобайнида расмийлаштирилади.

             

4-САВОЛ. Ассалому алайкум. Сўнги вақтларда болаларни ва чақалоқларни сотиш ҳаракатлари кўп содир этилаётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ушбу ҳолатлар учун қонунда қандай жавобгарликлар мавжуд. Шу ҳақида маълумот берсангиз?

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-модддасида одам савдоси жиноятини содир қилганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланган.

Ушбу моддага кўра, одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

5-САВОЛ. Ассалому алайкум. Ўзбекистон фуқароларига хорижий давлатда яшаш учун маблағларсиз қолган тақдирда, молиявий ёрдам кўрсатилиши ҳақида ўқидим. Шу тўғрими? Қонуний асоси мавжудми?

ЖАВОБ: Жорий йил 12 апрель куни қабул қилинган Ҳукумат қарори асосида Ўзбекистон фуқароларига хорижий давлат ҳудудида яшаш учун маблағларсиз қолган тақдирда, молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, консуллик округи ҳудудига вақтинча кирган фуқаро яшаш учун маблағларсиз қолганда, муассасага молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилиши мумкин.

Муассаса 2 иш кунида фуқародан ариза ва бошқа ҳужжатларни қабул қилади, аризадаги келтирилган асослар тўғрилигини текширади, унинг хорижда бўлиш шароитларини аниқлайди (сафар мақсади, виза, яшаш шароити).

Ҳужжатлар ўрганилиши натижасида фуқарога қарз маблағини бериш ёки рад этиш бўйича хат юборади.

Хат олганидан сўнг 1 иш кунида муассаса фуқаро билан қарз шартномасини тузади. Озиқ-овқат маҳсулотлари, турар жой, кийим-кечак ва транспорт харажатлари учун тўлов ўтказади.

Қарз олган фуқаро 30 кунда республика бюджетига қарзни қайтаради.

6-САВОЛ. Дўстимга тилхат асосида қарз берган эдим. Дўстим тилхатда кўрсатилган муддатда қарзини қайтариб бермади. Нотариал тасдиқланмаган тилхат қарзни ундириш учун асос бўла оладими?

ЖАВОБ: Фуқаролик кодексининг 108-моддасига асосан нотариал тасдиқланиши талаб этиладиган битимлардан ташқари фуқаролар ўртасидаги белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ортиқ суммадаги битимлар, қонунда белгиланган ҳолларда эса — битим суммасидан қатъи назар, бошқа битимлар оддий ёзма шаклда тузилиши керак.

Бу қоидага кўра фуқаролар ўртасидаги белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ортиқ суммадаги битимлар оддий ёзма шаклда тузилиши кераклиги қайд этилган. Оддий ёзма битим нотариал тасдиқланиши шарт эмас.

Фуқаролик кодексининг 107-моддасига кўра, “хатлар, телеграммалар, телефонограммалар, телетайпограммалар, факслар ёки субъектларни ва улар хоҳиш-иродасининг мазмунини ифодалайдиган бошқа ҳужжатларни ўзаро айирбошлаш, агар қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ёзма шаклда тузилган битимга тенглаштирилади”.

Шу сабабли Сиз ва дўстингиз ўртасидаги тилхат нотариал тасдиқланмаган бўлса ҳам, қарзни ундиришга асос бўлади.

Лекин айрим олди-сотди муносабатларида (машина, уй-жой ва б) белгиланган тартибдаги шартномаларни тасдиқлаш лозим.

7-САВОЛ: Aссалому алайкум. Мен турмуш ўтоғим билан 2 йил аввал ажрашганман. Алиментни доимий равишда тўлаб келаман. Фақат 2 ҳафтадан бери оғир касаллигим сабабли тушакка михланиб қолдим. Докторлар ҳали даволанишим кераклиги айтишмоқда. Қачон оёққа туришим аниқ эмас экан. Ушбу ҳолатда менга алимент тўловлари бўйича бирорта имтиёз мавжудми?

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 141-моддасида алимент қарзини тўлашдан озод қилиш шартлари белгилаб қўйилган. Унга кўра тарафлар ўртасидаги келишувга мувофиқ алимент қарзини тўлашдан озод қилиш ёки уни камайтиришга тарафларнинг ўзаро розилиги бўлгандагина йўл қўйилади, вояга етмаган болаларга алимент тўланадиган ҳоллар бундан мустасно.

Агар суд алимент тўлаши шарт бўлган шахс касаллиги ёки бошқа узрли сабабларга кўра алимент тўламаганлигини аниқласа ҳамда унинг моддий ва оилавий аҳволи йиғилган алимент қарзни тўлашга имкон бермайди деб топса, алимент тўловчининг даъвосига биноан уни алимент қарзларини тўлашдан тўла ёки қисман озод этишга ҳақлидир.

8-САВОЛ. Aссалому алайкум. Мен II гуруҳ ногирониман. Бирорта ўзимга мос бўлган, уддалай оладиган ишга кирмоқчиман. Ногиронлар ишга киришда қандай имтиёзлар мавжуд? Ишга кириш бўйича қаерга мурожаат қилганим яхши?

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида ишга қабул қилишда давлат томонидан қўшимча кафолатлар бериладиган шахслар тоифаси белгиланган. Мазкур тоифани ичида ногиронларлиги бўлган шахслар ҳам киритилган. Давлат томонидан берилган қўшимча кафолатлар қўшимча иш жойлари, ихтисослаштирилган корхоналар, шу жумладан ногиронлар меҳнат қиладиган корхоналар барпо этиш, махсус ўқув дастурларини ташкил этиш, корхоналарга ногиронлиги бўлган фуқароларни ишга жойлаштириш учун минимал иш жойларини белгилаш йўли билан, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа чора-тадбирлар орқали таъминланади.

Иш берувчи иш жойларининг белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга жойлаштириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маҳаллий меҳнат органлари ва бошқа органлар томонидан юбориладиган ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилиши шарт.

Ушбу ҳолатда Сиз, ҳудуддаги маҳаллий меҳнат органига ишга жойлашиш мақсадингиз борилиги бўйича мурожаат қилишингиз керак.

9-САВОЛ. Ассалому алайкум. Мен яшаётган қишлоқ ҳудудда масжид йўқ. Туман марказидан ва бошқа қишлоқлардан анча узоқликда жойлашган. Шу сабабли қишлоқ учун масжид очмоқчи эдик. Бунинг учун қаерга мурожаат қилсак бўлади ва бунинг тартиби қандай?

              ЖАВОБ: “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ (16-модда) диний ташкилотларга ер ажратиш ҳамда ибодат биноси қуриш масаласида тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органига мурожаат қилиниши лозим.

              Масжид биноси қуриб битказилгач, масжидни рўйхатдан ўтказишга Дин ишлари бўйича қўмитанинг розилик хати олиниши керак. Бунда Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун розилик бериш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган ҳужжатлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси орқали Дин ишлари бўйича қўмитага тақдим этилади.

              Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 409-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари ва диний таълим муассасалари Адлия вазирлиги томонидан, бошқа диний ташкилотлар (масжидлар, черковлар) тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилиши белгиланган.

10-САВОЛ. Мен туман ҳокимиятида юрист бўлиб ишлайман. Мартаба даража олиш вақтим келган. Бу бўйича қаерга мурожаат қилиш керак бўлади. Шуни тартиби ҳақида тушунтириш берсангиз?

ЖАВОБ: Амалдаги қонунчиликка кўра, мартаба даражаларини бериш учун давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тегишлича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармаларига тавсиянома билан мурожаат қилинади.

Мазкур тавсияномага ходимнинг касбий фаолияти, ишчанлик ва ахлоқий жиҳатлари акс эттирилган маълумот-тавсифнома, паспорти нусхаси, меҳнат дафтарчасининг иш жойида тасдиқланган нусхаси ёхуд ундан кўчирма ёки юридик мутахассислик бўйича иш стажини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, малака ошириш курсларида ўқиганлик тўғрисидаги сертификат нусхаси (агар малака оширган бўлса), аттестациядан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома нусхаси (агар аттестациядан ўтган бўлса), олдинги иш ёки хизмат жойида махсус унвонлар берилганлигини тасдиқловчи ҳужжат (ҳужжатлар) нусхаси (агар махсус унвонлар берилган бўлса) илова қилинади.

Маълумот-тавсифномада ходимнинг амалдаги мартаба даражаси (агар мавжуд бўлса), сўнгги икки йил давомидаги иш сифати ва кўрсаткичлари, қонунчиликни мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида амалга оширилган ишлари, судлардаги иштироки, хулқи, касбий-ахлоқий томонлари, меҳнат фаолияти давомидаги ютуқлари ва бошқа муҳим масалалар кўрсатилади.

Маълумот-тавсифнома тавсиянома берган шахс томонидан имзоланган бўлиши керак.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими