Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 30.04.2021



04:27:53 (GMT +5), Шб, 8 Мая 2021

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди

Аҳамият беринг

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди

Адлия вазирлиги томонидан норма ижодкорлиги соҳасида сўнгги йиллардаги ислоҳотлар ва хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди.


Қонунни янги таҳрирда қабул қилишга зарурат нима эди:

биринчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш ва қабул қилиш масалалари ягона қонун ҳужжати билан тартибга солинмаганлиги;

(бугунги кунда ушбу муносабатлар 10 дан ортиқ турли қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинган)

иккинчидан, тўғридан-тўғри амал қилиш механизмига эга қонунларни ишлаб чиқишнинг аниқ тартиби мавжуд эмаслиги соҳаларни асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинишига олиб келганлиги;

(бугунги кунда Қонунчилик миллий базасида қонунларнинг улуши 5 фоизга яқинни ташкил этади)

учинчидан, “норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эксперимент тартибида қабул қилиш”, “ҳуқуқни қўллаш амалиётини мониторинг қилиш”, “тартибга солиш таъсирини баҳолаш” каби замонавий норма ижодкорлиги технологияларининг асослари амалда бўлган қонунда белгиланмаганлиги;

тўртинчидан, лойиҳаларни юридик-техник расмийлаштиришнинг ягона тартиби мавжуд эмаслиги уларни тайёрлашда турли амалиёт
ва ёндашувлар
шаклланишига сабаб бўлаётган эди.

(расмийлаштириш 3 та ҳужжатга кўра 3 хил тартибда амалга оширилади)

Янги Қонуннинг олдинги Қонундан бир қатор афзаллик жиҳатлари мавжуд бўлиб, унда:

– қонуннинг асосий тамойиллари белгиланмоқда;

(қонунийлик, ошкоралик, илмийлик, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг тизимлилиги ва комплекслилиги, барқарорлиги ва бошқалар)

– лойиҳаларни ишлаб чиқишни режалаштириш ва ташаббус қилишнинг аниқ тартиби, босқичлари ўрнатилмоқда;

(лойиҳаларни ишлаб чиқиш ярим йиллик, йиллик ва 1 йилдан ортиқ муддатга режалаштирилади)

– “қонунчилик”, “қонунчилик ҳужжати” ва “қонун ҳужжати” тушунчалари умумъэтироф этилган мазмуни ва норма ижодкорлиги назариясига мувофиқ қўлланилиши таъминланмоқда;

(норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонунчилик ҳужжатлари бўлиб, улар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигини ташкил этади)

– қандай мазмундаги қонунлар конституциявий қонунлар тарзида қабул қилиниши баён этилмоқда;

(Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси қонунлари)

– лойиҳалар жамоатчилик муҳокамаси учун Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилиши, лойиҳа бўйича келиб тушган ҳар бир таклиф ишлаб чиқувчи томонидан мажбурий кўриб чиқилиши белгиланмоқда;

(лойиҳаларни муҳокама қилиш муддати 15 календарь кундан кам бўлмаслиги лозим)

– қонуности ҳужжатларини тартибга солиш доиралари аниқ белгиланмоқда;

(қонуности ҳужжатларида қонун ҳужжатлари даражасида тартибга солиниши лозим бўлган масалалар бўйича нормалар белгиланишига йўл қўйилмайди)

– лойиҳалар юзасидан ҳуқуқий, иқтисодий, молиявий, илмий, лингвистик, экологик, коррупцияга қарши каби экспертизалар ўтказилиши назарда тутилмоқда;

(экспертизани ўтказиш учун хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан мутахассислар жалб этилиши мумкинлиги белгиланмоқда)

– лойиҳаларни вазирлик ва идоралар томонидан келишишнинг аниқ муддатлари белгиланмоқда;

(Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, шунингдек Ҳукумат қарорлари 3 иш кунида, давлат органлари ҳужжатлари 5 иш кунида, қонунлар эса 7 иш кунида келишилиши лозим)

– вазирлик ва идоралар раҳбарларининг лойиҳаларни сифатли
кўриб чиқиш
ҳамда келишиш бўйича белгиланган муддатларга риоя этиши бўйича масъулияти оширилмоқда;

– норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилишнинг механизмлари очиб берилмоқда;

(норматив-ҳуқуқий ҳужжат унинг самарадорлигини ўрганиш мақсадида муайян ҳудудда ёки шахслар доираси бўйича чеклаган ҳолда қабул қилинади)

– қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳиятини ижрочиларга етказиш, уларнинг ижроси устидан назорат ва мониторинг олиб бориш, тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг қонуний асослари белгиланмоқда;

– Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек уларга илова қилинадиган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг Ягона услубиёти тасдиқланмоқда.

Ушбу Қонун қабул қилиниши натижасида норма ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш, изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш, норма ижодкорлиги фаолиятига тааллуқли бўлган барча жараёнларни қонун даражасида мустаҳкамланиши, шунингдек тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилиниши таъминланади.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими