Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 30.04.2021



04:26:40 (GMT +5), Шб, 8 Мая 2021

Уч кундан сўнг “Tashkent Law Spring” II Халқаро юридик форумига старт берилади.

Уч кундан сўнг “Tashkent Law Spring” II Халқаро юридик форумига старт берилади.


22-23 апрель кунлари Тошкент шаҳрида “Tashkent Law Spring” II Халқаро юридик форуми бўлиб ўтади. Форум Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар иштирокида иккинчи маротаба ташкил этилмоқда.

Форумни ташкил этишдан мақсад? Форумнинг дастурида қандай тадбирлар жой олган? Иштирокчилар сифати қайси хорижий давлат вакиллари рўйхатдан ўткан? Форум сессиялари давомида қандай мавзулар муҳокама қилинади? Ушбу ва бошқа саволларга бугун, 19 апрель куни Адлия вазирлиги мутахассислари иштирокида АОКА анжуманлар залида бўлиб ўтган матбуот анжуманида жавоб берилди.

Таъкидлангандек, форумнинг мақсади — ҳуқуқни ривожлантириш муаммолари ва замонавий тенденцияларини муҳокама қилиш учун етакчи халқаро ва маҳаллий экспертларни жамлаган ҳолда очиқ мулоқот майдончасини яратиш, шунингдек, халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистонда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотларни намойиш этишдан иборат.

Рекрутинг компаниялари таҳлилчилари ва экспертларининг фикрига кўра, 2025 йилга бориб юристлар бошқа бир қатор касбларнинг вакиллари каби ўзларининг аввалги шаклида ўз фаолиятини тўхтатадилар.

Британиялик тадқиқотчиларнинг “Ҳуқуқий касбнинг келажаги” (The Law Society, 2016 й.) номли ҳисоботида юридик соҳада фаолият юритаётган ҳар бир киши дуч келадиган тўртта драйвер борлиги таъкидланган. Улардан бири технологик инновациялардир. Технологик тараққиёт янги технологиялар, жумладан, «big data» (“катта маълумотлар”), онлайн-судлов, қонун ҳужжатлари таҳлили яхшиланиши орқали ҳуқуқий бозорга сезиларли таъсир қилади.

Бугунги кунда, IT-технологияларнинг инсон ҳаётида кенг ўрин эгаллаши, глобаллашувнинг кучайиши ва Интернет жаҳон ахборот тармоғининг кенгайиши ҳуқуқ соҳаларига ҳам бевосита таъсир ўтказаётганини, ушбу масалаларни ҳуқуқий тартибга солиш муҳим эканлигини инобатга олиб, II Халқаро юридик форумнинг бош мавзуси “Ҳуқуқ 4.0” (Ҳуқуқ тўртинчи саноат инқилоби шароитида) деб номланди.

Форумда бир қатор хорижий мамлакатларнинг адлия вазирлари иштироки кутилмоқда. Хусусан, Сингапур адлия вазири Касивисванатан Шанмуган, Россия адлия вазири Константин Чуйченко, Буюк Британия адлия вазири Лорд Дэвид Вольфсон, Япония адлия вазири Ёко Камикава, Корея Республикаси ҳуқумат қонунчилиги вазири Ли Кан-Соп, Қозоғистон адлия вазири Марат Бекетаев, Озарбайжон адлия вазири Фикрат Фаррух ўғли Мамедов, Беларусь адлия вазири Олег Слижевский, Шри-Ланка адлия вазири Али Сабри.

Шунингдек, tashkentlawspring.uz веб-сайти орқали 100 нафарга яқин суд ва бошқа давлат органлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, дунёнинг етакчи юридик ва консалтинг фирмалари вакиллари, адвокатлар, юриспруденция, иқтисодиёт соҳаларидаги таниқли олимлар, мутахассислар ва экспертлар рўйхатдан ўткан.

Форумда давлатнинг ҳуқуқий сиёсати, давлат органларининг очиқлигини таъминлаш, LegalTech ва LawTech (ҳуқуқ технологиялари), умумий (инглиз) ҳуқуқи тизими, Корновирус чекловлари даврида медиация ва арбитраж, интеллектуал мулк ҳимояси, сиёсатни амалга ошириш (policy implementation), судларнинг мустақиллиги, адолатлилиги ва холислигини таъминлаш ҳамда бошқа долзарб мавзуларда муҳокама сессиялари ўтказилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, форум давомида “Давлат хизматлари соҳасидаги илғор амалиёт”, “Рақамли муҳитда ҳуқуқий ахборот тарқатиш истиқболлари”, “Электрон нотариат”, “Адвокатурани ривожлантириш ҳамда фуқаролик жамиятини такомиллаштириш” мавзуларида давра суҳбатлари бўлиб ўтади. Шунингдек, “Маълумотлар ва ахборотни бошқариш” мавзусида мастер-класс бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Форумнинг асосий тили ўзбек тили. Инглиз ва рус тилларига синхрон таржима амалга оширилади.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими