Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 30.04.2021



04:14:12 (GMT +5), Шб, 8 Мая 2021

Адлия вазирлиги: қонун нормаларини ўхшашлик асосида қўллаш фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларига зарар етказмоқда

Адлия вазирлиги: қонун нормаларини ўхшашлик асосида қўллаш фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларига зарар етказмоқда


Мамлакатда мулк ҳуқуқи ҳимояланишини таъминлаш юзасидан ҳозирги кунда амалга оширилаётган янгиланишларга қарамасдан фуқароларнинг бу борадаги ҳуқуқлари поймол этилаётганлиги кузатилмоқда.

Хусусан, вазирликка уй-жой борасидаги мулк ҳуқуқи бузилганлиги юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушган бўлиб, аксарият ҳолатларда фуқаролар томонидан қонун нормаларини ўхшашлик асосида қўллаб, инвестиция лойиҳалари бўйича фуқароларни хусусий уй-жойларидан мажбурий кўчирилиши, уй-жой қурилган ерларни белгиланган тартибда ерга бўлган ҳуқуқлар бекор қилинмасдан туриб бу ер участкалари тадбиркорлик субъектларига кўп қаватли уйлар қуриш учун берилиши ёки “резерв” қилиниши масалалари кўтарилмоқда.

Юқоридагиларнинг ҳар бирига ҳуқуқий баҳо берган ҳолда ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритишга масъул орган сифатида Адлия вазирлиги ушбу салбий ҳолатларга қатъий муносабати қуйидагилардан иборат.

  Уй-жой кодексининг 70 ва 71-моддаларида давлат уй-жой фонди (муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фонди) да яшаб турган шахсларни турар жойдан кўчиришга доир қоидалар белгиланган.

Бунда, давлат уй-жой фондининг уйларидаги эгаллаб турилган турар жойдан кўчиришга қуйидаги асослар бўйича йўл қўйилади:

агар турар жой жойлашган уй бузилиши керак бўлса;

турар жой белгиланган тартибда авария ҳолатида ёки яшаш учун яроқсиз деб топилган бўлса;

турар жой яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказилаётган бўлса.

Кўчириш суд тартибида амалга оширилади.

Бу ҳолатда кўчмас мулк эгаси давлат ҳисобланганлиги сабабли у ўз мулкидан эркин тасарруф этиш ҳуқуқига эгадир.

Фуқаролар мулки бўлган уй-жой фондидаги уй-жойлар эса хусусий мулк ҳисобланади ва у Конституциянинг 53-моддасига мувофиқ бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.

Шу сабабли фуқаролар мулки бўлган уй-жой фондидаги уй-жойлардан мулкдорни Уй-жой кодексининг 70-71-моддалари асосида кўчирилиши қонун ҳужжатларига зид ҳисобланади.

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 5-моддасида фуқаролик ҳуқуқларини чеклайдиган ва жавобгарлик белгилайдиган нормаларни ўхшашлик бўйича қўлланишга йўл қўйилмайди.

“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, хусусий мулк бўлган

мол-мулкни олиб қўйиш, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мулкдорга унинг бозор қиймати, шунингдек бундай олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўла қопланиши шарти билангина амалга оширилади.

Шу боис, фуқароларнинг хусусий уй-жойларини давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйиш Уй-жой кодексининг 27-30-моддалари ҳамда Ҳукуматнинг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарорида белгиланган қатъий талаблар асосида тегишли зарарлар қоплангач амалга оширилиши лозим.

Шу билан бирга инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида ер участкалари бир жисмоний ва юридик шахсдан иккинчи шахсга берилганлиги давлат ва жамоат эҳтиёжи ҳисобланмайди.

Ер кодексининг 37-моддасига кўра ер участкасини ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш фақат қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

– мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун ерлар бериш;

– Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;

– фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб олиш;

– автомобиль ва темир йўлларни, аэропортларни, аэродромларни, аэронавигация объектларини ва авиатехника марказларини, темир йўл транспорти объектларини, кўприклар, метрополитенлар, туннелларни, энергетика тизими объектларини ва электр узатиш тармоқларини, алоқа тармоқларини, космик фаолият объектларини, магистрал қувурларни, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш);

– аҳоли пунктлари бош режаларининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан объектларни қуришга оид қисмини ижро этиш мақсадида, шунингдек қонунларда ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг 1993/77-сон резолюциясига асосан, мажбурий кўчириш амалиёти инсон ҳуқуқларининг, хусусан, етарли уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқининг жиддий бузилиши сифатида кўрсатилган.

Ер кодекси талабларига мувофиқ, ер участкаларини тадбиркорлик субъектлари учун уларнинг манфаатлари йўлида олиб қўйиш давлат ва жамоат эҳтиёжи ҳисобланмайди ва бундай ёндошув ҳуқуқий асосга эга эмас!

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими