Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 13.04.2021



01:15:17 (GMT +5), Чр, 14 апр 2021

700 га яқин топшириқларнинг ижро этилишида Адлия ва Халқ таълим вазирликлари ҳамкорлик қилади

Аҳамият беринг

700 га яқин топшириқларнинг ижро этилишида Адлия ва Халқ таълим вазирликлари ҳамкорлик қилади

Маълумки, Адлия вазирлиги томонидан вазирликлар ва идораларда мутлақо янгича ёндашув асосида жорий этилган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни ижро этиш тизимининг мазмунини тушунтириш, ўзаро ҳамкорликнинг келгусидаги масалалари бўйича амалий учрашувлар ўтказиб келинмоқда.



Бундай учрашувларни ташкил этишдан асосий мақсад қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг амалда бажарилишига тўсқинлик қилаётган муаммолар ва омилларни аниқлаш, уларни ҳал этиш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар олдига аниқ масалаларни қўйиш, соҳага хос бўлмаган, такрорланувчи вазифа ва функцияларни қисқартириш, уларда ортиқча қоғозбозлик ва мажлисбозликка йўл қўймаслик юзасидан таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Мунтазамлик касб этиб бораётган амалий учрашувларда Адлия вазирлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларига қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси юзасидан ҳуқуқий-услубий кўмак кўрсатиб келинмоқда.

Ана шундай учрашувларнинг навбатдагиси Халқ таълими вазирлигида ўтказилди.

Учрашувда, аввало, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонун ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилишнинг мутлақо янги тизими жорий этилганлиги ва янгича тизимни жорий этишдан кўзланган пировард мақсад ҳақида Вазирлик ходимларига тушунтириш берилди.

Фармон талабларидан келиб чиқиб, эндиликда адлия вазири ўринбосарлари ўзларига бириктирилган давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли ижро этилишини таъминлашга ҳуқуқий-услубий кўмаклашиб бориши алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, ижрочилар томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг аниқ амалий натижаларга эришилиши таъминланмасдан, юзаки бажарилишига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўришлари ва уларнинг ўз вақтида, сифатли ижро этилиши устидан таъсирчан мониторинг таъминланиши айтиб ўтилди.

Шунингдек, Халқ таълими вазирлигининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, хусусан, Президент ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишга доир фаолияти таҳлил қилиниб, эътибор қаратилиши зарур бўлган масалалар ҳақида фикр алмашилди.

Хусусан, 2020 йилда киритилган лойиҳаларнинг 1 таси регламент талабларига мувофиқ тақдим этилмаганлиги, жами ҳисобда ушбу йилда киритилган 23 та лойиҳанинг 9 таси (39%) қайта ишлаш учун қайтарилганлиги ушбу масалага жиддий эътибор қаратишни тақозо этиши алоҳида қайд этиб ўтилди.

Шу билан бирга, Халқ таълими вазирлиги томонидан “Ijro.gov.uz” тизими орқали келиб тушган 365 та президент ҳужжатларидаги 2600 дан ортиқ топшириқларнинг ижро ҳолати, муаммо ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.

Амалий учрашув якунида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижросини ташкил этиш ва назоратини олиб боришни янада яхшилашга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими