Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 13.04.2021



01:44:39 (GMT +5), Чр, 14 апр 2021

Қонунлар ижро этилмаса, бефойда ҳужжатга айланиб қолади

Аҳамият беринг

Қонунлар ижро этилмаса, бефойда ҳужжатга айланиб қолади

Қонун ҳужжатлари ижро этилмаса, ўзининг амалий аҳамиятини йўқотади ва бефойда ҳужжатга айланиб қолади.


Қонунлар ижросини таъминлаш, уларни яратишдан кўра муҳимроқдир.
Жефферсон
.


Қонун ҳужжатлари ижро этилмаса, ўзининг амалий аҳамиятини йўқотади ва бефойда ҳужжатга айланиб қолади.

Давлатимиз раҳбарининг Парламентга Мурожаатномасида қарорлар ижросининг амалдаги назорат тизими кескин танқид қилинган эди. Хусусан, бу тизим кўпроқ формал тусга эга эканлиги, ижрони ташкил этишдаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилишга йўналтирилмаганлиги камчилик сифатида қайд этилди.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, барча замонларда тартиб-интизом масаласи, қонун-қоидалар ва уларнинг ижроси ҳар доим мамлакатни бошқаришда бирламчи омил ҳисобланган.

Таниқли француз олими Люсен Керен ва ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Акмал Саидов ҳаммуаллифлигидаги «Амир Темур ва Франция» китобида ёзилишича, Амир Темур жойлардаги амалдорларга ўзининг қатъий фармойишларини берган ва ижро учун боши билан жавоб беришларини уқтирган.

Охирги 4-5 йил давомида мамлакатимизда жуда кенг қамровли ислоҳотлар амалга ошириляпти, ҳар бир ташаббусни рўёбга чиқариш эса у ёки бу ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишни ва ижро қилишни тақозо қилади.

Аниқ рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2010 – 2016 йилларда йилига ўртача 121 та Президент ҳужжати қабул қилинган бўлса, бу рақам 2017 – 2020 йилларда 456 тага етди, яъни охирги 4 йилда Президент ҳужжатлари сони 3,7 бараварга ошганлигини кўришимиз мумкин.

Бироқ, бу қабул қилинаётган ҳужжатларнинг ижро қилиниши сифатига салбий таъсир қилишига йўл қўйилиши мумкинлигини англатмайди, аксинча, давлат органларининг масъулиятини кучайтиради.

Президентимизнинг «Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ҳам самарали ижро тизимини шакллантиришга қаратилган айнан мана шу жиҳатларни назарда тутади.

Ижро натижадорлиги — энг устувор вазифа

Фармонга асосан барча давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари томонидан Президент ҳужжатлари ва топшириқларида белгиланган вазифаларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажаришга қаратилган мустаҳкам платформа яратилди.

Адлия органларига ижрони ташкил этишда, шу жумладан қабул қилинган ҳужжатларни масъулларга етказиш, тушунтириш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш ва назорат қилиш билан боғлиқ вазифалар юклатилди ҳамда зарур ваколат ва ресурслар тақдим этилди.

Хусусан, Адлия вазирлиги тизимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини назорат қилиш бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди. Ушбу тузилмалар адлия тизимидаги юқори меҳнат кўрсаткичларига эга тажрибали ходимлар билан тўлдирилди.

Натижада қисқа вақт ичида топшириқлар ижросини таъминлаш борасида формал ёндашувга йўл қўйилганлиги, жойларда ижро интизомининг ҳаққонийлиги ўрганиш ишлари лозим даражада эмаслиги, айрим мутасаддиларнинг салоҳияти ва малакаси етишмаслиги каби тизимли муаммолар мавжудлиги аниқланди.

Қайд этиш керакки, янги механизм жорий этилгунга қадар мазкур топшириқлар ижроси назорати бевосита Ҳисоб палатаси томонидан олиб борилган. Бироқ, мазкур идорада жойларда вакиллари йўқлиги, бюджет тизимини назорат қилиш билан боғлиқ вазифаларни ҳам амалга ошириши каби объектив омиллар ижро назоратини самарали олиб боришга тўсқинлик қилганлигини таъкидлаш жоиз.

Ижобий мисоллар кўп, лекин ижро этилмаётган топшириқлар ҳам етарли. Тенденцияга қарайдиган бўлсак, айрим раҳбарлар топшириқни тезкорлик билан бўйнидан соқит қилишга уринишмоқда. Мисол келтирсам, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 сентябрдаги ПҚ-4845-сон қарори билан тасдиқланган Йўл харитасида маиший чиқиндилар соҳасидаги хизматларни кўрсатиш бўйича тендер ғолиблари билан давлат-хусусий шериклик ҳақида битим тузиш белгиланган. Андижон вилояти ҳокимлиги эса «Тоза ҳудуд» ташкилотига қарашли 116 та техникаларни баҳолаш бўйича битим имзолаб, топшириққа нисбатан юзаки муносабатда бўлган.

Адлия вазирлиги мазкур майдонда янги иштирокчи эканлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ҳисоб палатаси ҳамда Ҳукуматнинг 4 йил ичида шаклланган бой тажрибасидан фойдаланган ҳолда самарали ижро тизимини мазкур идоралар билан ҳамкорликда, маслаҳатлашган ҳолда қурмоқда.

Ҳамкорлик эса амалий ва самарали бўлиши лозим, бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан топшириқлар ижросини назорат қилувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирилиши, ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб берилиши муҳимдир.

Бунинг дастлабки амалий натижаси сифатида Адлия вазирлиги томонидан Ҳисоб палатаси ва бошқа идоралар фикрини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича йиллик манзилли ва тематик таҳлилий ўрганишлар дастурини кўрсатишимиз мумкин. Дастур Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан тасдиқланди, энди ўрганишлар мазкур Дастур асосида ҳамкорликда олиб борилади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ўрганишларнинг асосий мақсади давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини тафтиш қилиш эмас, балки топшириқлар ижросини самарадорлигини таҳлил қилиш, тизимли муаммоларни ҳал этиш усулларни кўрсатиш, асосийси фаолиятни тўғри йўлга қўйиш ҳисобланади.

Фармон талабларидан келиб чиқсак, бундан буён топшириқлар ижро натижадорлиги ушбу ўрганишларда ҳам чуқур таҳлил қилинади, «ёпиқ қозон каби ёпиқлигича қолмайди». Бу ҳақда Давлат раҳбарига ахборот берилади, жамоатчиликка маълум қилинади, керак бўлса масъуллар жазоланади.

Қатъий интизом, юксак масъулият билан ишлаш кундалик қоидага айланмоғи зарур

Тажрибалардан маълумки, муайян соҳада ёки тармоқда натижадорликка, самарага эришиш негизида ишга муносабат, қатъий интизом, юксак масъулият каби сифатлар ётади.

Айниқса, Давлат раҳбарининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш барча даражадаги давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг энг масъулиятли вазифаларидан бири бўлиши шарт.

Зеро, Фармонда ҳам масъулиятсиз раҳбарлар, бошқарувнинг ўрта ва қуйи бўғинлари мутахассисларига нисбатан либерал муносабат ижро интизоми самарасиз даражада эканлигидан далолат берадиган ҳолатлар сифатида қайд этилди.

Давлат бошқаруви органлари ва ҳокимликларнинг зиммасига қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини ташкил этиш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш вазифалари юкланган раҳбарлар ва мутахассисларнинг касбий даражасини, ишчанлик малакасини ва шахсий масъулиятини ошириш вазифаси юклатилди.

Бироқ, Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган таҳлиллар масъул идоралар томонидан ижрони ташкил этиш ва таъминлашда ҳанузгача масъулиятсизлик билан ёндашилаётганлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 25 март куни ҳолатига “Ijro.gov.uz” тизимида ижро жараёнида бўлган 11 996 та топшириқдан 504 тасининг муддати ўтган бўлиб, уларни ўз вақтида бажариш бўйича зарур чоралар кўрилмаяпти.

Мисол учун, 2021 йилга мўлжалланган Давлат дастурида февраль ойида бажарилиши кўзда тутилган топшириқлардан 3 тасини ўз вақтида ижро этиш чоралар кўрилмади.

Бинобарин, бу каби ҳолатларга ўз вақтида муносабат билдирилмаса, келгусида давлат хизматчилари, шу жумладан уларнинг раҳбарлари онгида ҳуқуқий нигилизм синдроми шаклланишига олиб келиши мумкин.

Ҳар бир идорада ишни Фармонда белгиланган Президент ҳужжатлари ва топшириқлари амалга оширилиши бўйича назорат ва ҳисобдорликни ташкил этиш тартиби асосида ташкил этиш бундай ҳолатлар келиб чиқишини олдини олишнинг энг мақбул йўлидир.

Шу билан бирга, қайд этиш лозимки, топшириқлар ижросини таъминлашда жазо мақсадга эришишнинг энг самарали усулларидан бири сифатида муҳим ижтимоий-ҳуқуқий аҳамият касб этади, яъни бугунги кунга қадар жазолашдан бошқа самарали чора ҳали ўйлаб топилмаган. Аналогия сифатида айтадиган бўлсак, жиноят процессининг олтин қоидаси доим ўз самарасини берган – «жиноят содир этган ҳар бир шахсга адолатли жазо берилиши шарт».

Бундан буён Президент топшириқларини бажармаслик профессионал касб жиҳатидан энг оғир қилмиш сифатида қараладиган тизимни шакллантиришга алоҳида эътибор берилади.

Бу борада вазирлик томонидан Президент ҳужжатлари ва топшириқлари билан ишлашни тўғри ташкил этиш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва келгусида юзага келишининг олдини олиш мақсадида вилоят ҳокимликларига кўрсатмалар ҳамда 40 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмаларига бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритилиб, ҳар бир идорада ижро интизомини мустаҳкамлаш чоралари кўриб борилмоқда.

Масалан, киритилган кўрсатмаларга асосан Жиззах ва Самарқанд вилоят ҳокимликлари томонидан ижро интизомини мустаҳкамлаш, топшириқларни белгиланган муддатларда, тўлиқ, сифатли бажариш ҳамда ходимларнинг масъулиятини янада кучайтириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.

Ёки бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжати ижросини таъминламаганлиги учун «Ўзстандарт» агентлиги ҳамда Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги раҳбарларига нисбатан суд тартибида маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилганлигини келтириш мумкин.

Юридик хизматларнинг масъулияти кучайтирилади

Давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини, шу жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологиялари орқали етказишда иштирок этиш юридик хизматлар фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Адлия вазирлиги томонидан юридик хизматлар фаолиятини ўрганиш натижалари аксарият ҳолатларда юридик хизматлар фаолиятининг мазкур йўналиши бўйича олиб борилаётган ишларни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Бинобарин, давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашни ташкил этиш юридик хизматнинг асосий вазифаси этиб белгиланган.

Биз давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий таъминлаш борасидаги ваколатларимиздан келиб чиқиб, бу борадаги қуйидаги қатъий кўрсатмаларимизни юридик хизматларга етказдик:

биринчидан, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар мазмун-моҳиятини давлат органи ва ташкилоти, шунингдек тегишли тузилмалардаги барча ходимларга тушунтириш ишларини ташкил этиш;

иккинчидан, идорада қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва натижали ижро этилишини ташкил этишда масъул ходимларга ҳуқуқий-услубий кўмаклашиш;

учинчидан, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг бажарилишини таъминламаётган ёхуд уларни бузаётган ходимларини жавобгарликка тортиш ҳақида раҳбариятга таклифлар киритиб бориш.

Энди, Давлат раҳбарининг топшириқларини идораларда ижро этилишига қараб, юридик хизмат ходимлари фаолиятига ҳам баҳо берилади, мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар уларни рағбатлантириш ёки жавобгарлиги масаласини ҳал этишда асосий омил сифатида қаралади.

Очиқлик ва шаффофлик — бош мезон

Маълумки, адлия органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш вазирлик фаолиятининг асосий принципларидан бири ҳисобланади ҳамда бу борада амалга оширилаётган ишлар натижасида вазирлигимиз республикадаги энг очиқ, шаффоф давлат ташкилоти, деб эътироф этилиб келинмоқда.

Эндиликда бу сиёсатимизни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва ижро назоратини олиб бориш борасидаги фаолиятимизда самарали амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқмоқдамиз.

Қайд этиш керакки, Фармонда ҳам ушбу компонент ўз ифодасини топган бўлиб, вазирликка давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш борасида таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.

Шунга монанд равишда, давлат органлари фаолиятида ижро интизоми ҳолати «Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда» рукни остида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг жамоатчиликка етказилмоқда.

Мазкур рукнда биринчи навбатда тезкорлик билан ҳал этилган тизимли муаммолар ёритиб борилади, мисол сифатида айтганда, ҳақиқатдан ҳам аҳолига свет, газ, керак бўлса, ваъда қилинганидек, интернет етиб бориши каби масалалар амалий жиҳатдан кўрсатилади.

Шунингдек, эндиликда аниқ мезонлар асосида давлат органлари ва ташкилотларининг ижро интизоми бўйича кўрсаткичларини эълон қилиб бориш йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, Адлия вазирлиги «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ва «Тараққиёт стратегияси» маркази билан биргаликда жамоатчилик мониторинги ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш тартибини келишиб олди. Мазкур ташкилотлар платформалари орқали қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолати доимий равишда муҳокама қилиб борилади.

Ўйлаймизки, юқорида қайд этилган каби воситалар жамоатчиликка давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига холис ва адолатли баҳо бериш имкониятини яратиш билан бирга, масъул идораларнинг ижрони ташкил этишга янада самарали ёндашишга мажбур қилади ҳамда ходимларнинг шахсий жавобгарлигини ошишига хизмат қилади.

***

Таъкидлаш жоизки, кўрилаётган барча чоралар Президент ҳужжатлари ва топшириқларини самарали ҳамда натижадорлик билан ижро этилишини таъминлаш орқали энг аввало халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Зеро, Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг таъкидланганидек, “халқ биздан рози бўлса, ишимизда унум, барака бўлади. Одамларнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий баҳодир”.

Худоёр МEЛИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари