Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 13.04.2021



00:41:45 (GMT +5), Чр, 14 апр 2021

Қонун ҳужжатларини коррупцияга қарши экспертиза ўтказишнинг тартиби тубдан такомиллаштирилди

Аҳамият беринг

Қонун ҳужжатларини коррупцияга қарши экспертиза ўтказишнинг тартиби тубдан такомиллаштирилди

2021 йил 26 февраль куни, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида норматив-ҳукуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказишнинг янги тартибини давлат органлари ва ташкилотларига тушунтириш бўйича семинар тадбири ташкил этилди.


Адлия вазирлиги томонидан илғор ҳорижий давлатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилиб, давлат рўйхатидан ўтказилган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом талаблари семинар иштирокчиларига таништирилди.

Таъкидланишича, мазкур низомда “коррупцияга қарши экспертиза” тушунчасига таъриф берилган бўлиб, унга кўра коррупцияга қарши экспертиза норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларида коррупциявий омилларни аниқлаш, аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш ва чоралар кўришга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуи ҳисобланади.

Шунингдек, низом билан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан чеклист тўлдириш орқали коррупциявий омилларни аниқлашни назарда тутувчи мутлақо янги тартиб жорий этилди. Яъни ҳужжатнинг ҳар бир нормаси ва қоидаси таҳлил қилиниб, коррупциявий омил бор ёки йўқлиги чеклистда акс эттирилади.

Семинарда, лойиҳаларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишда жамоатчилик кенг жалб қилиниши, бунда фуқаролар regulation.gov.uz порталида чеклист тўлдириш орқали қонун ҳужжатлари лойиҳалари бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириши мумкинлиги алоҳида таъкидланди.

Адлия органлари ҳуқуқий экспертизага келиб тушган лойиҳаларнинг коррупцияга қарши экспертизасини амалга оширади. Лойиҳада коррупциявий омиллар аниқланган тақдирда, хулосада уларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ва чоралар кўрсатилади. Шунингдек, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатда коррупциявий омилларни ўз ичига олган нормалар аниқланган тақдирда мазкур ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилади.

Коррупциявий омиллар тўлиқ қайта кўриб чиқилиб, 4 та йўналишга ажратилди:

нормаларнинг барқарорлиги ва ҳуқуқий мувофиқлиги билан боғлиқ бўлган коррупциявий омиллар;

ваколатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқ бўлган коррупциявий омиллар;

маъмурий тартиб-таомиллар билан боғлиқ бўлган коррупциявий омиллар;

назорат билан боғлиқ бўлган коррупциявий омиллар.

Семинар давомида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш самарадорлигини ошириш мақсадида Коррупциявий омилларни анлиқлаш методикаси ишлаб чиқилганлиги айтиб ўтилди.

Адлия вазирлиги
Жамаотчилик билан алоқалар бўлими