Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 28.02.2021



06:13:41 (GMT +5), Сш, 2 мар 2021

Президент Қарорлари ва топшириқлари ижроси: янги тизим тақдимоти

Аҳамият беринг

Президент Қарорлари ва топшириқлари ижроси: янги тизим тақдимоти


Бугун, 22 февраль куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6166-сон Фармони юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Адлия вазирлигининг масъул ходимлари иштирок этиб, мазкур Фармонни қабул қилиш зарурати ва мақсади, шунингдек Президент Қарорлари ва топшириқлари ижроси янги тизим ҳақида тўхталиб ўтишди.

Такидланишича, қонунчилик ҳужжатларининг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ ижро этилиши ислоҳотлар самарали кечишининг гарови ҳисобланади.

Бироқ, таҳлиллар натижасида ижро интизоми самарасиз даражада эканлигидан далолат берувчи кўплаб ҳолатлар аниқланган.

Шу муносабат билан қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган мазкур Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ “Ijro.gov.uz” тизими орқали қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилишнинг мутлақо янги тизими жорий этилади.

Мазкур тизим орқали ижрони назорат қилишга Адлия вазирлиги ҳам жалб этилиб, вазирликка “Ijro.gov.uz” тизимини юритиш ва назоратни олиб бориш бўйича қўшимча вазифалар юклатилди.

Эндиликда Адлия вазирлиги тизимга назоратга олинадиган топшириқларни киритади, масъул ижрочилар ва бажариш муддатларини белгилайди, улар томонидан киритилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади.

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларнинг ижро муддатларини узайтириш ҳақидаги таклифлари асослилигини ўрганади.

Ушбу Фармон билан ижрочиларнинг қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижро этилишидаги масъулиятини янада кучайтириш мақсадида тизимга зарур маълумотларни ўз вақтида киритмаслик ёки нотўғри маълумотларни киритиш, бу борада Адлия вазирлиги кўрсатмаларини ўз вақтида ёки лозим даражада бажармаслик учун жавобгарлик жорий этилиши белгиланди.

Давлат органлари ва ташкилотлар томонидан юқоридаги талабларнинг бажарилмаслиги қонунчиликка мувофиқ интизомий, маъмурий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўлади.

Жорий этилаётган янги тартибга мувофиқ 2021 йил 1 апрелдан бошлаб, барча республика даражасидаги давлат органлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ижро интизомига масъул бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масалалари мажбурий тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилади.

Барча давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ижрони назорат қилиш, назорат картотекаларини юритиш ва ҳисоботларни шакллантириш 2021 йил 1 майдан бошлаб фақат “Ijro.gov.uz” тизимида амалга оширилади.

Шунингдек, матбуот анжуманида ОАВ вакилларининг янги тизим бўйича ўзларини қизиқтирган саволлариги Адлия вазирлиги масъул ходимлари томонидан жавоб берилди.

Адлия вазирлиги Жамоатчилик

билан алоқалар бўлими