Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 16.01.2021



10:11:38 (GMT +5), Сш, 19 янв 2021

Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги рейтинги 7 та кўрсаткич бўйича баҳоланади

Аҳамият беринг

Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги рейтинги 7 та кўрсаткич бўйича баҳоланади


Хабарингиз бор куни кеча “Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш ҳолатини аниқлашнинг самарали механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. АОКАдаги брифингда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева мазкур қарорда назарда тутилаётган янгиликлар ҳақида маълум қилди.

Хўш ушбу қарорни қабул қилишдан мақсад нимада эди?

Мазкур Президент қарори Ўзбекистонни халқаро рейтингларда юқори поғоналарга олиб чиқиш, ҳудудларда ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш ва қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг ижросини ташкил этиш ҳолатини ўрганиш, баҳолаш ва аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилди.

Маълумки, ҳар бир давлатдаги реал муаммоларни аниқлашда дунёдаги халқаро индексларнинг ўрни салмоқли бўлиб, улардан бири – World Justice Project (WJP) ташкилоти томонидан ҳар йили эълон қилиб бориладиган Ҳуқуқ устуворлиги индекси (Rule of law index) ҳисобланади.

Мазкур индекс 2009 йилдан бошлаб World Justice Project ташкилоти томонидан 8 та индикатор асосида 4 та тамойилга таянган ҳолда дунё мамлакатларидаги ҳуқуқ устуворлигини таъминланганлик даражасини аниқлаш юзасидан шакллантирилиб келинади.

Давлатимиз илк бор ушбу рейтингга 2012 йилда киритилган бўлиб, ташкилотнинг 2020 йилдаги ҳисоботига кўра, Ўзбекистон Республикаси 128 та давлат орасидан 92-ўринни эгаллаган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг 8 та индикатордан атиги 3 таси, яъни ҳукумат очиқлиги, фундаментал ҳуқуқлар ҳамда коррупциядан холилик индикаторлари бўйича кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан яхшиланган.

Аксинча, тартиб ва хавфсизлик индикатори бўйича эса паст балл берилган.

Худди шундай халқаро индикаторларда Ўзбекистоннинг кўрсатгичларини яхшилаш мақсадада ишлаб чиқилган Президент қарорида ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш назарда тутилган.

Бу тартиб, яъни ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги рейтинг баҳолаш қандай амалга оширилади?

Мазкур янги тартибга асосан ҳудудларнинг рейтинги тегишли соҳалар бўйича аниқланган қонунбузилиш ҳолатларининг статистикаси ҳамда респондент-аҳоли ва респондент-экспертлар ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра аниқланади.

Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги рейтинги қуйидаги 7 та кўрсаткич бўйича баҳоланади:

· қонун ҳужжатларига риоя қилиниши;

· фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланганлиги;

· одил судлов ва суд қарорларининг ижро этилиши;

· ҳуқуқ-тартибот ўрнатилганлиги ва хавфсизлик таъминланганлиги;

· маҳаллий ижро органлари фаолиятининг самарали назорат қилиниши;

· коррупцияга қарши курашишнинг самарадорлиги;

· ҳокимият институтларининг шаффофлиги.

Бу кўрсаткичлар “HUQUQ USTUVORLIGI” ахборот тизими орқали аниқланади.

Мазкур тизимга Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги каби 20 дан ортиқ масъул ташкилотлар томонидан ҳар йили 1 февралга қадар жами 111 та мезон бўйича статистик маълумотлар жойлаштирилади.

Шу билан бирга, ҳар йили 1 мартга қадар тизим орқали 71 та мезон бўйича Адлия вазирлиги томонидан сўровлар ўтказилади.

Ҳар бир мезон 0 балдан 100 балгача бўлган оралиқда баҳоланади. Мазкур тартибда ҳудудларнинг ҳуқуқ устоворлиги рейтинги шакллантирилади. Натижанинг қанчалик ижобий бўлиши мутасадди ташкилотлар ва ҳокимликларнинг саъй-ҳаракати ҳамда қонунларни ҳурмат қилиши ва уларга риоя қилиш даражасидан келиб чиқади.

Ушбу маълумотлар асосида ҳар йили 1 майга қадар Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индекси тузилади ҳамда натижаси юзасидан Адлия вазирлиги томонидан ҳар йили 15 майга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис палаталари, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашига ахборотлар киритилади ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.

Индекс бўйича маълумотлар Олий Мажлис палаталари, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларида муҳокама қилинади.

Содда қилиб айтганда қарорда белгиланган тартибларнинг ўрнатилиши билан республикадаги турли давлат органлари ва ташкилотларининг иш фаолиятидаги нуқсонлар белгиланган мезонлар доирасида аниқланади. Ушбу камчиликларни аниқлашда халқнинг ўзи бевосита иштирок этади. Шу билан бирга аниқланган камчиликларни ҳал қилиш бўйича зарур чоралар белгиланади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Адлия вазирлиги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан биргаликда Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексидаги тегишли индикаторларни таҳлил қилиб, уларнинг сабабларини ўрганиб боради.

Кўпчиликда мазкур тартибларни ўрнатиш учун яна давлат бюжети маблағлари сарфланадими деган саволлар туғилиши табиий.

Қарорда белгиланган тартиб ва тизимни ишлаб чиқиш, ишга тушуриш,қўллаб-қувватлаш ҳамда унинг мавжуд  имкониятларини янада такомиллаштириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун давлат  бюджетидан алоҳида маблағ йўналтирилмаган. Бу харажатлар Адлия вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармалари ва халқаро ташкилотларнинг грант маблағлари ҳисобига амалга оширилади.