Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 16.01.2021



09:33:43 (GMT +5), Сш, 19 янв 2021

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг ҳуқуқий экспертизаси: амалиёт ва муаммолар

Аҳамият беринг

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг ҳуқуқий экспертизаси: амалиёт ва муаммолар



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ–3666-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомга асосан Адлия вазирлиги зиммасига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказишнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш каби вазифалар юклатилган.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида хам маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси тегишли адлия органлари томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Вазирлик томонидан ҳудудий адлия органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, қабул қилиш
ва манфаатдор шахслар эътиборига етказиш билан боғлиқ фаолияти доимий таҳлил қилиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга мурожаатномаларида “охирги икки йилда ҳокимларнинг 2,5 мингга яқин қарори судлар томонидан бекор қилинганлиги” танқидга олинган.

Адлия органларининг тақдимномаларига асосан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 2019 йилда 1 752 та, 2020 йил 9 ойида 982 та қарорлари бекор қилинганлиги, қарорларни қабул қилишда йўл қўйилаётган қонунбузилиш ҳолатлар, шарт-шароитларни аниқлаш ва келгусида бу каби ҳолатларни олдини олиш бўйича зарур чораларни кўришни таъқазо этмоқда.

Бундан ташқари, вазирлик томонидан ҳудудий адлия органларига амалий ёрдам сифатида ҳуқуқий экспертиза ва норма ижодкорлиги соҳасида қўлланма ва кўрсатмалар ишлаб чиқилиб юборилди.

Ҳудудий адлия органлари ҳодимларини билим ва кўникмаларини ошириш, келгусида маҳаллий норма ижодкорлиги соҳасида камчиликларга йўл қўймаслик мақсадида, вазирлик томонидан “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг ҳуқуқий экспертизаси: амалиёт ва муаммолар” мавзусида жорий йилнинг 7 январь кунидан семинар-тренингларнинг илк қисми ташкил этилди. Бунда 500 дан ортиқ ҳуқуқшунослар иштирок этишди.

Мазкур семинар-тренингда ҳудудий адлия бошқармаларининг биринчи ўринбосарлари, ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимлари, туман (шаҳар) адлия бўлимлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимяти органлари юридик хизмат ходимлари иштирок этишди.

Ушбу семинар-тренингда маҳаллий норма ижодкорлиги соҳасида айрим камчиликларга йўл қўйилаётганлигининг асосий сабаби сифатида:

– Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норма ижодкорлиги тартиботини бузиш ҳолатларининг мавжудлиги ва бунинг учун қонунчиликда жавобгарлик белгиланмаганлиги;

– Коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қарорлар қабул қилиниши ҳолатлари мавжудлиги;

– Ҳокимликлар томонидан ваколат доирасига кирмайдиган айрим қарорларнинг қабул қилиниши ҳолатлари ҳамон учраётганлиги;

– Юридик хизмат ходимлари малакаси, ойлик иш ҳақининг пастлиги ҳамда улар зиммасига ортиқча вазифаларнинг юкланиши кабилар кўрсатиб ўтилди.

Билдирилган фикр ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, ўтказилган семинар-тренингда келгусида туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан норматив тусдаги қарорлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизасини сифатли ҳамда тўлиқ ўтказилиши бевосита бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосарлари томонидан шахсан назоратга олиниши ҳамда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун тақдим этилган мураккаб турдаги қарорлар лойиҳаларига хулоса берилишдан аввал Вазирлик ходимлари томонидан кўриб чиқилиши ҳамда бу борада фикрини бериши учун қарор лойиҳаси бир кунлик муддатда электрон шаклда Вазирликка тақдим этиб бориш масалалари таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, ҳокимликларнинг норматив тусдаги қарорларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этиш ҳамда уларнинг маҳаллий норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини қатъий ва тизимли равишда назорат қилиб бориш бўйича амалий чора-тадбирларни мунтазам амалга ошириш таклиф қилинди.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими