Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 16.01.2021



09:40:54 (GMT +5), Сш, 19 янв 2021

Лицензиялаш ва рухсатнома бериш тартибини ўзгартириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда

Аҳамият беринг

Лицензиялаш ва рухсатнома бериш тартибини ўзгартириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда




Президентимизнинг жорий йил январь ойида Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида тадбиркорларни кўп қийнайдиган соҳа – лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тартибларини жиддий ўзгартириш ҳақида топшириқлар берилган эди.

Топшириққа асосан вазирлик томонидан соҳа мутахассислари ва тадбиркорларнинг таклифлари асосида бизнес муҳитни яхшилашга қаратилган тизимли ишлар олиб борилди.

Мана шундай ишлардан бири бу лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 24 августидаги ПФ–6044-сон Фармони ҳисобланади. Ушбу Фармон билан соҳада илғор ислоҳотлар амалга оширилиши бошланди.

  • 1. Лицензияланадиган ва рухсатнома олиш талаб этиладиган фаолият йўналишлари сони сезиларли равишда қисқартирилди.

Инсон соғлиғига ва жамиятга зиён етказмайдиган фаолият турларини лицензиялашдан чиқариб ташлаш ҳамда хавфлилик даражаси паст бўлган фаолиятларни тартибга солишнинг муқобил усулларига ўтказилди. Бунда “тартибга солиш гильотинаси” усулини қўллаш орқали айрим турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди.

Фармонга кўра қарийб 70 та лицензияланадиган фаолият йўналишлари ва 34 та рухсатномаларни бекор қилиш ёки муқобил шаклларга ўтказиш назарда тутилди.

Лицензия ва рухсат бериш характеридаги ҳужжатларни қисқартириш натижасида тадбиркорлик субъектларининг йилига қарийб 40 млрд. сўм маблағлари иқтисод қилиниб, ўз ихтиёрида қолдирилади.

  • 2. Соҳага илк маротаба хабардор қилиш тартиби алоҳида институт сифатида жорий этилди.

Хабарнома юборишда жисмоний ҳамда юридик шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган талаб ва шартларга риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олади ва уларнинг фаолияти белгиланган талабларга мувофиқ келишини ўзлари тасдиқлайди. Бунда фаолиятни бошлаш ёки ҳаракатни амалга ошириш учун ваколатли орган ҳужжатларни кўриб чиқиб, қарор қабул қилинмайди.

Фармон билан 14 та лицензияланадиган фаолият йўналишлари ва 13 турдаги рухсатномалар хабардор қилиш механизмига ўтказилди.

Хусусан, мактабгача таълим, ломбард, ветеринария даволаш, алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш каби фаолиятларини ваколатли органларни хабардор қилиш орқали бошлаш мумкин бўлади.

Хабардор қилиш тартибини ягона стандарт асосида амалиётга жорий этиш мақсадида ушбу соҳани тартибга солувчи ягона низомни ишлаб чиқдик ва Ҳукуматга киритдик.

Бу орқали барча ваколатли органларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётини бир хиллигини таъминлаймиз.

  • 3. Фармон билан сақлаб қолинаётган лицензия ва рухсатномаларнинг бизнес жараёнлари ва маъмурий тартибларнинг кенг кўламли енгиллаштирилиши кўзда тутилган.

Лицензия талаб ва шартлари рақобатни чекловчи қоидалар, яъни товар ва хизматлар бозорига кириб келишга тўсиқ бўлувчи омилларни қисқартириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилди.

Жумладан, 115 та лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди ҳамда 14 турдаги фаолиятлар бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари қисқартирилди.

Масалан, кредит бюросини очиш учун лицензия олишда камида 10 та тижорат банки билан кредит алмашинувини амалга оширишга розилигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш талаб бекор қилинди, айрим фаолият турлари учун устав фонди миқдорига қўйиладиган минимал талаблар олиб ташланди ҳамда туроператорлар хизматларини сертификатлаштиришни ихтиёрий этиб белгиланди.

Шунингдек, давлат унитар корхоналари томонидан фаолиятнинг лицензияланадиган турларини тегишли лицензияни олмасдан амалга ошириш ҳуқуқи бекор бўлди.

  • 4. Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш жараёнлари тўлиқ электронлаштирилади.

Бунинг учун “Лицензия” ахборот тизими ишлаб чиқилиб барча лицензия, рухсатнома ва хабарномаларни ягона портал орқали ҳужжат топшириш, кўриб чиқиш ва уни бериш амалиёти йўлга қўйилади.

Ваколатли органларга мурожаат қилиш, ҳужжатларни топшириш фақат электрон амалга оширилиши белгиланяпти.

Тадбиркордан ортиқча ҳужжатларни тақдим этишга чек қўйилади. Лицензия бериш учун бошқа органнинг маълумотномаси ёки бошқа ҳужжати керак бўлса тадбиркор иштирокисиз ваколатли органнинг ўзи ягона тизим орқали олади.

Фармон бўйича лицензия ва рухсатномаларни махсус қоғоз бланкаларда расмийлаштириш амалиётидан воз кечиб, QR-код қўйилган электрон ҳужжатлар тақдим этишга тўлиқ ўтилади.

Мазкур ишлар натижасида, маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишдаги коррупцион ҳолатларнинг юзага келиши чекланади, тадбиркорларнинг Тошкент шаҳрига келиб-кетиши билан боғлиқ вақт
ва молиявий харажатлари иқтисод қилинади, давлатнинг махсус бланкаларни олишга бир йилда йўналтирадиган 13 млрд. сўмдан ортиқ маблағлари тежалади ва қарийб 3,5 млн. дона қоғоз сарфланиши олди олинади.

Маълумот ўрнида айтмоқчиманки, ҳозирда “Лицензия” ахборот тизимини ишлаб чиқиш ишлари якуний босқичга келди ва 2021 йил 1 январдан ишга туширилади. Тизим орқали аввало биз учун янги институт бўлган хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш жараёнлари тўлиқ электронлаштирилмоқда.

  • 5. Рухсат бериш тартиб-таомилларига доир муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни тизимлаштириш, кодификациялаш ва норматив юкини қисқартириш чоралари кўрилмоқда.

Бунда 20 йил аввал қабул қилинган “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги, шунингдек “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларни бирлаштириш орқали ягона қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Шунингдек, лицензия, рухсатнома ва хабардор қилиш тартибларининг паспортлари жорий қилинмоқда. Паспортларни ишлаб чиқиш натижасида тадбиркор катта ҳажмли низомлар билан танишиб ўтиришга зарурати қолмайди. Фаолиятни амалга ошириш учун асосий маълумот ва талаблар битта ҳужжат – паспортларда акс эттирилади.

Хусусан, хабардор қилиш тартибларининг паспортлари ишлаб чиқилган бўлиб, лицензия ва рухсатномаларнинг паспортларини тайёрлаш ишлари деярли якунланиб қолди.

Таъкидлаш лозимки, Фармон билан лицензиялаш
ва рухсат бериш тизими ислоҳотини бир марталик эмас, балки давомли ва натижали қилиш учун замин яратилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда ушбу соҳани кескин енгиллаштиришга қаратилган ва барча масалаларни комплекс қамраб олган жуда муҳим, янги ва замонавий ечимларга эга ҳужжатдир.

Фармонни ҳаётга татбиқ этиш орқали лицензиялаш
ва рухсат бериш тизими шаффофлиги таъминланади, маъмурий тартиб-таомиллар бирхиллаштирилади (унификацияланади) бизнес ва давлат органларининг масъулияти оширилишига олиб келади, ушбу муносабатларда коррупцион имкониятларга қарши кучли зарба бўлади.