Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 16.01.2021



11:21:50 (GMT +5), Сш, 19 янв 2021

Ҳужжатларни сохталаштирган хусусий нотариуслар: айбига иқрор бўлиб тузалиш йўлига ўтишнинг ўрнига улар нима билан банд?

Аҳамият беринг

Ҳужжатларни сохталаштирган хусусий нотариуслар: айбига иқрор бўлиб тузалиш йўлига ўтишнинг ўрнига улар нима билан банд?

Фуқаролар нотариус тасдиқлайдиган ҳужжатнинг қонуний бўлишига ва ўзларининг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этилишига ишонгани учун нотариал идорага боради.




Бугун юртимизда аҳолининг мулкий ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш учун 850 дан ортиқ нотариуслар фаолият юритмоқда. Ислоҳотлар туфайли шу йилнинг май ойидан бошлаб 95 фоиз давлат нотариуслари хусусий нотариус сифатида иш бошлашди ва натижада идораларда узоқ навбат кутиш, сансалорлик, қўпол муомала каби тизимли камчиликлар сезиларли камайди, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш вақти деярли 3 бараварга тезлашди. Чунки, хусусий нотариус аввалгидек ойлик иш ҳаққига, кун ўтари учун ишлайдиган хизматчи эмас, балки амалга оширган ҳаракати натижасидан манфаатдор, ноқонуний ҳаракати учун эса моддий жавобгар шахсга айланди.

Тўғри аввал ҳам (1997-2010 йилларда) чекланган миқдорда хусусий нотариуслар ишлашига рухсат берилган эди. Лекин ўша даврда кўпчилик хусусий нотариуслар даромад орқасидан қувиб турли қонунбузарликка, ҳатто жиноятга қўл урганлиги сабабли хусусий нотариат тугатилган эди.

Янгидан ташкил этилган хусусий нотариуслар ҳам шундай қилмаслигига кафолат борми? Албатта, буни 100 фоиз кафолатлаб бўлмайди. Лекин, аввалгидан фарқли ўлароқ, бугунги кунда адлия органлари томонидан нотариуслар фаолиятини электрон мониторинг қилиш тизими яратилди. Яъни, аввал адлия органлари 3 йилда бир маротаба нотариусларнинг минглаб ҳаракатлари юзасидан тўпланган қоғоз ҳужжатларни танлов асосида 1-2 кун давомида текширган бўлса, ҳозирги мавжуд электрон тизим қисқа соатларда барча нотариусларнинг ҳамма ҳаракатларини таҳлил қилиш ва улардаги қонунбузилишларни аниқлаш имкониятини беради.

Қайд этиш керак-ки, хусусий нотариус ташкил этилиши билан давлат нотариуслари фаолиятидаги барҳам топган камчиликлар ўрнига янги муаммолар ҳам юзага келди. Яъни, моддий манфаатдорлик сабаб айрим нотариуслар ҳужжатларда камчилик бўлсада, ҳаракатни расмийлаштириш, нотариуслар ўртасида ўзаро мижоз талашиш, камчиликларни назорат органларидан ҳар хил йўллар билан яшириш кабилар шулар жумласидандир.

Бундай муаммоларга барҳам бериш ва нотариат соҳасида қонунийликни таъминлаш мақсадида ўтган 7 ойда ўтказилган мониторинг ва назорат текширувлари натижасида қонунбузилишига йўл қўйганлиги учун 160 нафар хусусий нотариуснинг лицензиясини амал қилиши турли муддатларга тўхтатилди.

Бу нотариуслар нотариал ҳаракатларни расмийлаштиришда фуқароларининг мулк ҳуқуқига дахл қилиши мумкин бўлган нотариал ҳаракат тарафларининг бармоқ изларини олмаслик, мулкни тасарруф этишда эр (хотин)нинг розилигини олмаслик, тақиқдаги мулкни тасарруф этиш, битимлар бўйича коммунал ва мажбурий тўловлардан қарзни текширмаслик каби жиддий қонунбузилишларга йўл қўйишган.

Агар нотариус камчиликка билмасдан ёки эътиборсизлик сабаб йўл қўйган бўлса, қонунбузилишининг оғир ёки енгиллигига қараб Малака комиссиялари томонидан чора белгиланади. Нотариуснинг била туриб, манфаат кўриш ёки назорат органини чалғитиш мақсадида атайлабдан касбига мос келмайдиган ҳаракатларни содир этганлиги ҳам комиссияда эътиборга олинади.

Масалан, шу йилнинг июнь ойида 243 та ҳолатда хусусий нотариуслар томонидан коммунал хизматлар ва мажбурий тўловлардан қарзи мавжуд бўлсада, нотариал ҳаракат расмийлаштирилганлиги учун 84 нафар нотариусларнинг лицензияси 15 кун муддатга тўхтатилди.

Лекин, жазодан қутилиб қолиш мақсадида Жиззах вилоятидаги хусусий нотариуслар А. Ҳайдаров, М. Маликов, У. Абдужалилов, Ш. Тожибоев ва Б. Муртазовлар, Андижондаги А. Ахмаджонов ва Г. Рахимовалар, Намангандаги А. Артиков ва Тошкент шаҳридаги М. Шодмонова ва Ш. Каландаровалар сохта маълумотлар асосида қарзи йўқ деган ҳужжат шакллантириб, адлия органларини чалғитишга уринган. Нотариус касбий фаолиятига мутлақо тўғри келмайдиган ҳужжатларни қалбакилаштириш каби қўпол қонунбузилиш учун ҳудудий малака комиссиялари қарори билан уларга берилган лицензияни амал қилиши 3 ойгача муддатга тўхтатилди. Тегишли материаллар эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.

Албатта 3 ой фаолият юритмаган нотариус катта миқдорда тушумдан айрилади ва ходимлар ишсиз қолади. Лекин унутмаслик керакки, нотариус касби жуда катта масъулият, унинг нотўғри ҳаракати оқибатида фуқаролар катта миқдорда моддий зарар кўриши мумкин. Лекин, шахсий манфаатини устун билган айрим нотариуслар ўз хатоларининг моҳиятини тушинишни истамасдан, турли усуллар билан адлия органлари ва Малака комиссиялари фаолиятига таъсир ўтказишга ҳаракатлар қилмоқда.

Қайд этиш керак-ки, нотариат соҳасини такомиллаштириш орқали аҳолига сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш адлия органларининг асосий мақсади ҳисобланади. Бу борада ҳалол ва самарали ишлаётган нотариусларни ҳар томонлама қўллаб қувватлайди.

Шу билан бирга, нопок, шахсий манфаат ортидан қонунларни менсимайдиган ёки қўпол бузадиган нотариусларга нисбатан қатъий чораларни кўришни давом этади. Бундай ҳаракатларга нисбатан ҳар қанча босим ёки таҳдидлар Адлия органларининг адолатли қарор қабул қилишига ҳеч қандай таъсир ўтказа олмайди.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими