Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 22.01.2021



18:22:23 (GMT +5), Яш, 24 янв 2021

Бугун қонун ҳужжатларидан аҳоли қанчалик хабардор? Тарғибот тадбирлари ўзини оқлаяптими?

Аҳамият беринг

Бугун қонун ҳужжатларидан аҳоли қанчалик хабардор? Тарғибот тадбирлари ўзини оқлаяптими?

Адлия вазирлигида жорий йилнинг 23 ноябрь куни мамлакатимизда қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, бу борадаги мавжуд муаммолар ҳамда таҳлилий ўрганишлар натижасида кўрилган зарур чоралар, хусусан, вазирлик қошида очилган Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази фаолияти ва унга юклатилган вазифалар муҳокама қилинди. Анжуманда “Очиқ Адлия” тизими моҳиятига ҳақида ҳам маълумот берилди.


Қонунлардан ўз вақтида хабардор бўлиш бугун ҳар қачонгидан-да зарур. Шу билан бирга уларга амал қилиш мажбурияти ҳам муҳим саналади. Қонунлар ишлагандагина, уларнинг тарғиботидан маъно бўлади. Минг марта ҳам қонунга итоаткорликка чақириб турсагу, фуқаролар ўз кундалик ҳаётида бошқа манзарани кўрса, унда қонунга бўлган ишонч сўнади.

Бугун бу қонун ҳужжатларидан аҳоли қанчалик хабардор? Тарғибот тадбирлари ўзини оқлаяптими? Адлия вазирлиги бу борадаги мавжуд камчилик ва муаммоларни таҳлилий ўрганиб чиқди. Ҳамда қуйидаги хулосаларга келди.

Таҳлил натижалари, биринчи навбатда, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданияти етарли даражада эмаслиги устидан ишлаш зарурлигини кўрсатди. Чунки миллионлаб аҳолининг ўз ҳуқуқларини билишини ортидан қувишдан кўра, давлат органларида қонунийликни таъминлаган афзалроқдир. Давлат органлари ва хизматчилари ўз вазифаларини тўғри бажариши керак, фуқаролар ҳуқуқларини поймол қилмасликлари керак.

Ноқонуний қарорлар қабул қилиш амалиётининг мавжудлиги. Бу ҳолат маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида кўпроқ кузатилган.

Иккинчидан, аксарият вазирлик ва идоралар ўзларига тегишли қонун ҳужжатларини аҳолига тўғри тушунтириш масаласига иккинчи даражали иш сифатида қараб келмоқда.

Учинчидан, ҳуқуқий ахборотни тарқатишда, уларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтиришда оммавий ахборот воситаларининг, журналист ва блогерларнинг роли бениҳоя катта. Бироқ айрим ҳолларда талқин қилинда ноаниқлик оқибатида жамоатчилик фикри чалғиши, аҳолининг давлат органларига ишончсизлигига олиб келиши мумкин.

Мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш мақсадида вазирлик қуйидаги устувор йўналишларда ўз ишимизни давом этирмоқда:

Аввало, давлат органлари мансабдор шахсларининг масъулиятини, уларнинг қонунга итоаткорлигини янада ошириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Иккинчи, ҳуқуқий ахборотни тарқатишни кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 октябрдаги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази фаолиятини ташкил этиш, шунингдек аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 678-сон қарори билан “Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ташкил қилинди. Мазкур қарор асосида Марказга ҳуқуқий ахборотларни тарқатиш, тарғибот йўналишида креатив ғоялар асосида, замонавий стандартларни қўллаган ҳолда ўзгача ёндашувлардан фойдаланиш каби муҳим вазифалар юкланди.

Болалар ва ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича боғча ёшиданоқ ҳуқуқларни тушунтириш бўйича ишлар суръати оширилди.

Ишсиз аёллар ва ёшлар, камбағаликка қарши кураш, ногиронлар, мигрантлар ва бошқа ижтимоий қатламларни қамраб олишга эътибор кучайтирилмоқда.

Аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида “Гендер-мадад” ҳуқуқий маслаҳат порталини ишлаб чиқилади.

“Шу ерда ва ҳозироқ” тамойили асосида фуқароларга барча долзарб ва зарур ҳуқуқий маълумотларни тақдим қилувчи янгиланган e-maslahat.uz интерактив ҳуқуқий порталини (сайтини) такомиллаштириш кўзда тутилган.

Вазирлик бу борадаги ташаббусларни тўхтатгани йўқ. Пандемия вақтида ҳам улар учун долзарб ва кундалик ҳаётда кўп дуч келинадиган ҳолатлар бўйича вазирлик веб-сайтида 21 та йўналишни ўз ичига олувчи алоҳида “Сўраган эдингиз” бўлими очилди. Фуқароларга масофадан туриб ҳуқуқий саволларига жавоб олиш имкониятини яратадиган телеграм мессенжерида @huquqiy_maslahatbot, @notariusmaslahatibot, @davxizmataloqa_bot каби телеграм ботлари ишга туширилди.

Шунингдек, барча аҳоли қатламларини бепул ҳуқуқий маслаҳат билан таъминлашни назарда тутувчи 5 та ҳуқуқий портал (advice.uz – e-maslahat.uz, Миллий ҳуқуқий интернет портали, bolahuquqlari.uz, test.adliya.uz, hudud24.uz) ҳамда тадбиркорлар учун бепул ҳуқуқий маълумот ва маслаҳат оладиган “Advice for business” юридик портали ҳам ишга туширилганлигига ҳам тўхталиб ўтилди.

Шу билан бирга, исталган вақтда ҳуқуқий маълумот билан танишиш имкониятини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон қонун ҳужжатлари миллий базаси – “LexUZ” фаолияти ҳам янада такомиллаштирилди. Бир кунда Lex.uz сайтидан 45 мингача одам фойдаланмоқда, бу охирги 4 йилда кунлик фойдаланувчилар сони 3,5 баробарга ўсди.

“Мадад” нодавлат ташкилоти ва унинг ҳудудий бюролари томонидан 12 мингга яқин саволга бевосита, “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали орқали 60 мингдан ортиқ саволларга онлайн режимда жавоб берилганлиги, сайёр ҳуқуқий маслаҳат бериш тизими йўлга қўйилиб, вазирлик раҳбарияти томонидан бевосита ҳудудларда ўтказилган 40 дан ортиқ сайёр қабуллар жараёнида жами 3 799 нафар жисмоний ва юридик шахс қабул қилинганлиги ахборот сифатида айтиб ўтилди.

Вазирлик томонидан имконияти чекланган, кўзи ожиз шахсларга ўз ҳуқуқларини тушунтиришга кўмаклашиш мақсадида грант маблағларини жалб қилган ҳолда брайл алифбосида 2 томдан иборат “Кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами” 2 минг ададда нашр этилди ва у кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид 29 та қонун ҳужжатлардаги нормалар ўз ичига олган.

Анжуманда, “Очиқ Адлия” тизими қандай ишлаётганлигига оид маълумотлар ҳам тақдим қилинди. Хусусан, жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларига адлия органлари биноларида мобил телефондан, аудио-видео ёзиш мосламаларидан фойдаланишга рухсат бериш ходимларнинг ҳушёрлигини янада оширганлиги, ўз вазифаларини лозим даражада бажара олмаётган ходимлар рейтингини шакллантириб, уларнинг малакасини ошириш бўйича ишлар олиб борилаётганлиги, ходимнинг айби билан боғлиқ ҳолатлар бошқаларга ўрнак бўлиши учун кенг ёритилаётганлиги, молиявий аҳволдан хабардорликда шаффофлик бўлиши учун вазирликнинг веб-сайтида маълумотлар бериб борилаётганлиги таъкидланди.

Шунингдек, вазирлик томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган ҳужжатлар, ишлаб чиқилган юридик ҳужжатлар ва уларнинг самарадорлиги, эскирган идоравий ҳужжатларни бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш, норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.

Очиқ мулоқот шаклида ўтган матбуот анжуманида вазирлик вакиллари журналист ва блогерларнинг саволларига жавоб беришди.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими