Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 23.11.2020



21:35:22 (GMT +5), Дш, 23 ноя 2020

Адлия вазирлиги тажрибаси мисолида Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги мақола Жанубий Корея нашрида чоп этилди

Аҳамият беринг

Адлия вазирлиги тажрибаси мисолида Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги мақола Жанубий Корея нашрида чоп этилди


TheKoreaPost нашрида Ўзбекистон Республикаси манфаатларини халқаро ва хорижий ташкилотларда ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Нодир Жуманиёзовнинг Адлия вазирлиги мисолида Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш чора-тадбирлари тўғрисидаги мақоласи чоп этилди.


Мақолада мазкур йўналишда республикамизда қатъий одимлар ташланаётгани, жумладан ҳуқуқий ва институционал асослар мустаҳкамланаётгани қайд этилган. Бу борада шунингдек ҳуқуқий пойдевор ҳам шакллантирилмоқда. 2017 йил январь ойида “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонун кучга кирди, «Давлат харидлари тўғрисида»ги, «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги, «Давлат-хусусий шериклиги тўғрисида»ги, «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.

Бундан ташқари, БМТнинг Коррупцияга қарши кураш бўйича конвенцияси ва Коррупцияга қарши курашиш бўйича Истанбул ҳаракатлар режасига мувофиқ Ўзбекистонда қонунчилик нормалари такомиллаштирилди.

Мақолада таъкидланишича, коррупцияга қарши курашиш биринчи навбатда сиёсий ирода масаласидир. Агар давлат жамият билан ҳамкорликда мамлакатда коррупцияга қарши курашни истаса, натижалар ўзини узоқ куттирмайди. Ирода — турли даражадаги раҳбарлардан тортиб оддий фуқарогача коррупцияга қарши курашда муҳим аҳамият касб этиб, у умумийдан шахсийга, тизимлилик даражасидан шахсга ўтиб бориши шарт.

Ўзбекистон давлат органлари томонидан ўз тизимларида коррупцияга қарши курашишга қаратилган идоравий коррупцияга қарши дастурлар қабул қилиниб, амалга оширилмоқда.

Ушбу контекстда коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз формуласини ишлаб чиқиб, мазкур масалага комплекс равишда ёндашган Ўзбекистон Адлия вазирлиги тажрибаси кўриб чиқилди. Бу борада кадрлар салоҳияти билан ишлаш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича иккита муҳим дастур ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Уларнинг замирида коррупцияга қарши кураш дунёсида етакчи ҳисобланган хорижий мамлакатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг илғор амалиёти ва тажрибаси ётади.

Шу тариқа ходимлар фаолиятида манфаатлар тўқнашувини бошқаришнинг амалий тизими жорий этилди. Ходимлар манфаатлари тўқнашуви тўғрисидаги декларациялар базаси яратилган. Адлия органлари ва муассасаларида ходимларни танлаш, ишга олиш ва аттестациядан ўтказишнинг йўлга қўйилган шаффоф тизими адолат, ҳаққонийлик ва холислик, қариндош-уруғчилик ва непотизмга йўл қўймасликни таъминлади. Меҳнат шартномаларига коррупцияга қарши курашиш нормалари киритилди. Иш тамойиллари ва усуллари тубдан ўзгартирилиб, бу ўз навбатида кадрлар дунёқарашини трансформация қилишга хизмат қилди.

Адлия вазирлиги томонидан ички меъёрий-ҳуқуқий базани яратишга урғу берилмоқда. Хусусан, адлия органлари ходимлари томонидан коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тартиби тўғрисидаги Низом, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ходимларининг одоб-аҳлоқ қоидалари тўғрисидаги Низом, Коррупция фактлари тўғрисида хабар берган адлия органлари ходимларини мукофотлаш тўғрисидаги Низом қабул қилинди.

Адлия вазирлиги томонидан коррупцияга қарши курашиш учун 2019 йил октябрь ойидан комплаенс назорат тизими жорий этилди. Унинг мақсади жойларда коррупция омиллари ва ўчоқлари юзага келишининг ҳар қандай эҳтимолини бартараф этишдан иборат. Шу билан бирга адлия органларида юридик ва жисмоний шахслар вакилларини қабул қилишда видео- ва аудиоёзув тизими жорий этилган. Коррупция фактлари тўғрисида тезкор ахборот олиш мақсадида «Телеграм» мобиль месенжери (Ўзбекистонда машҳур)да @antikorbot махсус боти ташкил этилган бўлиб, унга ҳар қандай фойдаланувчи адлия органларида содир этилган коррупция фактлари тўғрисида хабар юбориши мумкин.

Фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлиги коррупцияга қарши курашишнинг муҳим омилидир. Яна бир дастур — «Open Justice» («Очиқ адлия») дастурининг ишга туширилиши шу билан изоҳланади. У жамоатчиликни вазирлик фаолияти (ишга қабул қилишдан тортиб молиявий фаолият билан боғлиқ ахборотгача) тўғрисида хабардор қилишнинг янги ёндашув ва механизмларини ўз ичига олади. Адлия вазирлиги эътибордан четда қолаётган тизимдаги муаммолар, ўз мажбуриятларини керакли даражада бажармаётган ходимларни аниқлашда жамоатчиликка таянади. Вазирликнинг расмий веб-сайтида очиқ фойдаланиш учун адлия органларининг барча молиявий ҳисоботлари чоп этилади. Адлия органларининг йил якунлари бўйича ҳисоб бериш механизми ишлаб чиқилган. 2018 йил якунлари бўйича мазкур ташаббус амалга оширилиб, жамоатчиликка “Адлия ҳисоб беради” деб номланган рисола кўринишида тақдим этилди.

Коррупцияга қарши кураш доирасидаги ўзгаришларнинг натижаси ўлароқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро мувофиқлик сертификати (ISO 37001)ни қўлга киритди. «CERT INTERNATIONAL» халқаро ташкилоти (Словакия) вазирлик фаолиятини барча йўналишлар бўйича ўрганиб чиқди.

Адлия вазирлиги Ўзбекистон давлат органлари орасида биринчи бўлиб фаолиятининг барча йўналишлари бўйича ISO 37001:2016 «Коррупцияга қарши менежмент тизими» халқаро стандартига жавоб бериш баҳоси ва уни тасдиқловчи сертификатни олди.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан самарали идоравий коррупцияга қарши тизим ишлаб чиқилди. Бу амалиётнинг республиканинг бошқа давлат органларида тарқалиши мамлакат тараққиёти учун янги имкониятлар эшигини очиши шубҳасиз, бу эса ўз навбатида Ўзбекистоннинг Қонун устуворлиги индекси, Коррупцияни қабул қилиш индекси ва бошқа ҳалқаро рейтинглардаги ўринларида ҳам ижобий акс этади.

Бу борадаги комплекс ишлар давом эттирилмоқда. Адлия вазирлиги коррупияга қарши сиёсатида кўзда тутилган чора-тадбирларни тўлиқ амалга ошириш орқали адлия органлари ва муассасаларини коррупциядан ҳоли соҳага айлантириш устувор вазифалардан биридир.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими