Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 23.11.2020



21:41:45 (GMT +5), Дш, 23 ноя 2020

Нотариат соҳасида коррупцияга қарши кураш: аҳд қатъий, ортга йўл йўқ

Аҳамият беринг

Нотариат соҳасида коррупцияга қарши кураш: аҳд қатъий, ортга йўл йўқ



Ҳар бир давлат органида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган самарали ишлар олиб борилмас экан, мазкур соҳада унинг ривожига, халқнинг адолатга бўлган ишончига жиддий путур етказади.

Нотариат соҳасида ҳам бу борада бир қатор камчилик ва муаммолар мавжуд эди. Хусусан:

- нотариал хизмат кўрсатиш сифати ва тезкорлиги паст даражадалиги;

- бюрократик тўсиқ ва ғовлар мавжудлиги;

- кадрларни тайинлашда шаффофликнинг пастлиги;

- нотариуслар фаолиятини самарали назорат қилиш механизмлари яратилмаганлиги каби ҳолатларнинг мавжудлиги коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин эди.

Шунга кўра, амалиётдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, соҳадаги коррупция ҳолатларига барҳам бериш ва нотариат тизимини замон талабларига мос келадиган соҳага айлантириш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан нотариат соҳасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хўш, мазкур ўзгаришларни нималарда кўришимиз мумкин, улар бизга қандай фойда бермоқда?

Нотариат тизимини замон талабларига мослаштириш йўналишида:

Биринчидан, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ва электрон нотариал архивни шакллантириб бориш учун “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими яратилди. Бу орқали эса:

-         барча нотариал ҳаракатларни ахборот тизими ёрдамида онлайн тарзда мониторинг қилиш, ноқонуний хатти-ҳаракатларни тўхтатиш ҳамда фуқароларнинг шахсини аниқлашда замонавий текшириш усулларидан фойдаланиш;

-         мамлакатнинг бутун ҳудуди бўйлаб экстерриториаллик тамойили асосида нотариал хизматларни кўрсатишнинг сифати ва тезкорлиги, ходимлар томонидан ўз функционал вазифаларининг лозим даражада бажарилиши устидан масофадан туриб назорат қилиш;

-         нотариал ҳаракатлар учун тўловларни автоматик тарзда ҳисоблаш ва электрон тўловларни ўтказиш, уларни тасдиқловчи СМС хабарлар юбориш ва идоралараро электрон ахборот алмашиш имкониятлари яратилди.

Оддийгина мисол, тизим орқали тўлов квитанциялари нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахсга чиқариб берилади ҳамда унинг Тизимга киритилган мобил телефони рақамига тўловларнинг миқдори, нотариал ҳаракатни тасдиқлаш коди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “ишонч телефони” рақами кўрсатилган SMS хабар йўлланади. Нотариус хизматлари учун давлат божи, пуллик хизмат ва бошқа тўловлар электрон тизим орқали автоматик равишда шакллантирилади, яъни бу жараёнда инсон омили иштирок этмайди. Бу орқали мижоз СМС хабар ёрдамида тўлаган пулининг қонуний миқдорини яна бир марта текшириш имконига эга бўлади.

Агар ортиқча тўлов ундирилганлиги аниқланса, мижоз шу заҳоти Адлия вазирлигининг “1008” ишонч телефонига қўнғироқ қилиши ва бу ҳақида шикоят қолдириши ёки нотариуснинг ўзига тафовут сабаби юзасидан савол бериши мумкин.

“СМС хабар” электрон тизимининг амалиётда жорий қилиниши нотариал идораларда коррупцион ҳолатлар бартараф этилишига сезиларли таъсир қилиб, Нотариуслар томонидан ортиқча пул ундириш имкониятини кескин чеклаб келмоқда.

Иккинчидан, нотариатнинг “фаол модели” жорий этилди.

Нотариатнинг фаол модели доирасида Нотариуслар томонидан битимларни тасдиқлашда «ягона дарча» тамойили бўйича амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар ҳақидаги маълумотларни давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш орқали олиш тизими йўлга қўйилди.

Бунда нотариус комплекс хизмат кўрсатувчи орган сифатида барча ҳужжатларни ўзи йиғмоқда. Натижада фуқароларнинг халқ тилида айтганда “идорама-идора “справка” йиғиб юриши”га чек қўйилди.

Учинчидан, “Е-notarius.uz” махсус портали яратилди.

Мазкур портал жуда кенг имкониятларга эга бўлиб, мурожаат қилувчилар ўзларига керакли бир неча хизмат турларидан фойдаланиши мумкин. Хусусан:

-         нотариус қабулига электрон тарзда ёзилиши;

-         картадан энг яқин нотариус ёки нотариал идорани топишлари;

-         электрон мурожаатлар қолдиришлари;

-         хизматлар бўйича керакли маълумотларни олишлари;

-         нотариус ҳақида фикр қолдиришлари ва унинг хизматини баҳолашлари;

-         очиқ маълумотларни олишлари мумкин бўлди.

Шунингдек, мазкур портал яна шуниси билан қулайки, исталган нотариал ҳаракатнинг турига қараб, ҳужжатни расмийлаштиришда амал қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати, нотариал ҳаракатнинг таснифи, керакли ҳужжатлар рўйхати, нотариал ҳаракат иштирокчилари, ҳаракатни расмийлаштириш учун тўланадиган божлар турлари ва бошқа имкониятлар яратилган.

Ҳаттоки, мазкур порталда калькулятор тугмаси ҳам мавжуд бўлиб, у орқали нотариусга мурожаат қилувчиларнинг ўзлари ҳам жами тўлов суммасини ҳисоблаб чиқишлари мумкин.

Буларнинг натижасида эса нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун навбат кутишда, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда маҳаллийчилик ва таниш-билишчилик, коррупция ҳолатларига барҳам берилди.

Кадрларни тайинлаш тизимини ислоҳ қилиш йўналишида:

Кадрлар масаласи ҳар бир соҳанинг оғриқли нуқталаридан бири ҳисобланади. Кадрларнинг салоҳияти ва уларнинг ўз ишидан манфаатдорлиги соҳа ривожига хизмат қиладиган энг муҳим омил ҳисобланади. 2020 йил 14 январь куни “Нотариат тизими тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Қонун билан “Нотариат тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар алоҳида эътиборга сазовор, чунки киритилган ўзгартиришларга кўра Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат нотариал идоралари нотариуслари билан бир қаторда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Хўш, хусусий нотариуслар фаолиятининг асосий афзалликлари нимада?

Биринчидан нотариат соҳасида эркин рақобат муҳити шаклланади ва нотариуслар аҳолига янада сифатли хизмат кўрсатишни бошлайди;

Иккинчидан, республикада фаолият юритувчи нотариуслар сони чегараланмайди;

Учинчидан, жамиятда нотариусларнинг фаоллиги ошади;

Тўртинчидан, нотариал идораларда навбат кутиш муаммоси бартараф этилади;

Бешинчидан, нотариуслар сонининг кўпайиши сабабли, аҳолида нотариусни танлаш имконияти пайдо бўлди;

Олтинчидан, ортиқча бюрократия ва коррупция ҳолатларига барҳам берилади;

Бундан ташқари, нотариусларнинг манфаатдорлиги ошганлиги натижасида фуқаролар нотариусни эмас, нотариус фуқароларни кутади.

Нотариус лавозимларига номзодларни танлов (малака имтиҳони) асосида танлаб олиш бўйича давлат хизмати жорий этилиб, Олий малака комиссияга фақат электрон мурожаат қилиш тартиби йўлга қўйилди. Танлов (малака имтиҳони) жараёни аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида реал вақт режимида трансляция қилинади.

Бу эса нотариат соҳасида ортиқча бюрократия ва коррупция ҳолатларига қарши муросасиз курашилаётганлигидан далолат беради.

Юқоридагилар билан бирга нотариуслар фаолиятида шаффофликни таъминлаш ва коррупция ҳолатларига йул қўймаслик юзасидан доимий равишда нотариуслар фаолияти устидан назорат ва мониторинг ишлари ҳам амалга ошириб келинади. Хусусан, рейд ва “Сирли мижоз” тадбирлари асосида доимий назорат ўрнатилган бўлиб, мазкур тадбирлар натижасида айбдор мансабдор шахсларга нисбатан қатъий чоралар қўлланиб келинмоқда.

Шу билан бирга Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 январдаги «Ўзбекистон нотариал палатаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 54-сон қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси ташкил қилинди. Нотариал палатага хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолияти устидан мониторингни амалга ошириш вазифаси ҳам юклатилган.

Шу жиҳатдан, Нотариал палата нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, Нотариуснинг касб этикаси қоидалари ва касбий мажбуриятларга хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириб, хизмат текширувлари ўтказиб, шунингдек нотариусларнинг касбига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш ҳақида малака комиссияларига таклифлар киритиб келмоқда.

Мазкур фаолиятни ташкил қилишнинг туб негизида ҳам амалиётдаги муаммоларга барҳам бериш, ортиқча бюрократия ва коррупция ҳолатларини йўқотиш ҳамда нотариуслар фаолиятида шаффофликни таъминлаш мақсади ётибди десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Албатта, юқоридаги амалга оширилган ишлар ва кўрилаётган чоралар бу соҳада коррупцияга қарши курашиш ишлари ҳали якунланганини билдирмайди. Келгусида ҳам мазкур соҳани коррупциясиз соҳага айлантириш мақсадида бир қанча режаларни амалга оширишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.

Умуман олганда, мақсадимиз аҳолининг нотариал хизматларга бўлган талабини қондириш, нотариат соҳасида эркин рақобат муҳитининг шаклланиши, ортиқча бюрократия ва коррупция ҳолатларига тўла барҳам беришдан иборат.

Ўйлаймизки, амалга оширилган ва режалаштирилган ишларимиз коррупциядан ҳоли бўлган нотариат тизимини яратиш ва замон талабларига мос келадиган соҳага айлантиришга имкон беради.

Д.Умаров

Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи