Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 23.11.2020



21:53:17 (GMT +5), Дш, 23 ноя 2020

Адлия аралашуви билан ўқитувчиларга устама пуллари тўлаб берилди

Адлия аралашуви билан ўқитувчиларга устама пуллари тўлаб берилди



Фарғона вилоят адлия бошқармаси томонидан туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари фаолиятида “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори талабларига риоя этилиши ҳолати ўрганилди.

Таълим муассасалари ўқитувчиларидан халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз ҳамда асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақлари тўланиши керак бўлса-да, амалда вилоят бўйича олимпиада ғолиби бўлган Учкўприк ва Сўх туманларидаги мактабларда ишловчи 7 нафар ўқитувчига устамалар тўланмаганлиги аниқланган.

Вилоят адлия бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганиш якуни бўйича вилоят халқ таълими бошқармасига киритилган тақдимнома муҳокама қилинди.

Унга кўра, Сўх ва Учкўприк туман ХТБ мудирларига жорий йилнинг 5 октябрь кунига қадар устама ва мукофот пулларини тўлаб берилиши юклатилган бўлса-да, амалда ушбу ўқитувчиларга 164 миллион 303 минг сўм устама пуллари тўланмаган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Риштон ва Қўқон туманлараро судига 7 та суд буйруғи тартибида 164 миллион 303 минг сўмни ундириш юзасидан аризалар киритилиб, ҳозирда 5 та ариза юзасидан 121 миллион  855 минг сўмни ундириш юзасидан суд буйруқлари чиқарилди. 2 та 42 448 000 сўм устама суммаларини ундириш ҳақидаги аризалар фуқаролик судида кўриб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, Фарғона вилоят адлия бошқармасининг Сўх ва Учкўприк туман ХТБ мудирларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисми маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатиш юзасидан вилоят бандлик бош бошқармасига киритилган маъмурий таклифларга асосан Сўх туман ХТБ мудири А.Темиров ва Учкўприк туман ХТБ мудири Д.Аюповаларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 (беш) баробаридан маъмурий жарима тайинлаш юзасидан қарор қабул қилиниб, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш юзасидан бошқарманинг ёзма кўрсатмаси юборилди.


Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими